Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, архив иши соҳасида зарур инфратузилмани яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, давлат органлари фаолиятида ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги механизмларини жорий этиш лозим. Кўрсатилаётган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш ҳамда нодавлат архивлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурати ҳозир ҳам мавжуд.
Шу мақсадда “Давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилган.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун билан тегишли қонунларга фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиққанлик ёки давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи, йиғимлар ёки бошқа тўловлар тўлангани ҳақидаги тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги талаб бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун билан юридик шахсларни хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш тартиб-таомили ҳам соддалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан кўриб чиқиш муддати 15 кундан 10 кунга камайтиришни, “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга эса адвокатга гувоҳнома бериш муддатини камайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, боғдорчилик-узумчилик ширкатларини, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳам Давлат хизматлари марказларининг зиммасига юклатилмоқда.
Мазкур қонун давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тартибга солиш, уларнинг рўйхатини кенгайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматлари кўрсатганлик ва мурожаатларни кўриб чиққанлик учун ундириладиган тўловлар миқдорларини камайтиришга хизмат қилади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлашда, шунингдек, нодавлат архивларнинг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартиб-таомилини соддалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Абдураимова, ЎзА
Сарлавха :
Қонунлар
21 12 2023 / 17:14