Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

2021 ЙИЛГИ ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАГА ҚЎЙИЛДИ


Улашиш :


2021 ЙИЛГИ ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАГА ҚЎЙИЛДИ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

2021 йил Давлат дастури лойиҳаси 276 та банддан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида акс этган асосий ғоя ва таклифлари ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифалар асосида ишлаб чиқилди.

Умумхалқ муҳокамаси 27 январь кунига қадар бўлиб ўтади.

Сиз ҳам мазкур жараёнда иштирок этиб, давлат дастури лойиҳасига таклифларингизни билдиришингиз мумкин.

Марказнинг сайти янгиланаётгани сабабли, таклифларингизни tf.markaz@.mail.ru электрон почтасига юборишинг мумкин.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

2017-2021 ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ БЕШТА УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА "ЁШЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙИЛИ" ДА АМАЛГА ОШИРИШГА ОИД ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш,
юқори иқтисодий ўсишга эришиш ҳисобидан халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

1. Халқ билан очиқ мулоқот натижалари асосида тайёрланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури
(кейинги ўринларда – Давлат дастури) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2.Коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чораларини давом эттириш мақсадида қуйидагиларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилсин:

туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига берилган ер ва мол-мулк солиғини тўлаш бўйича имтиёзларга оид 20 мингта тадбиркорлик субъектининг 2020 йил якунига қадар кечиктирилган 400 миллиард сўмни қайтариши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969‑сон Фармонида назарда тутилган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туриш, шунингдек солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилишига чеклов
(2020 йил 31 декабрь ҳолатига мавжуд солиқ қарзга нисбатан);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ–5978‑сон Фармонида назарда тутилган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб солиқ органларини хабардор қилган ҳолда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича берилган фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тартиби;

“хуфиёна иқтисодиёт” улушини қисқартириш учун солиқ аудити ўтказишда “таҳлика-таҳлил” тизими босқичма-босқич жорий этилган ҳолда солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилишига мораторий.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

3.Ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

а) олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилсин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги ва Давлат тест маркази билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти грантини ажратиш тартибини ишлаб чиқсин ва олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида балл тўплаган шахслар тўғрисидаги очиқ маълумотларни назарда тутувчи ягона электрон реестрни шакллантирсин;

б) олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилсин.

Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда уч ой муддатда мазкур амалиётни йўлга қўйиш ҳамда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига имтиёзли кредитлар учун мақсадли ресурслар ажратишни таъминлаш чораларини кўрсин;

в) олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилсин, шунингдек, хусусий олий
таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти
бериш тизими жорий этилсин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021/2022 ўқув йили учун ўқишга қабул қилишга давлат буюртмаси параметрларининг тубдан қайта кўриб чиқилишини таъминласин;

г) академик таътилни беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

академик таътил олишни истаган талабалар ўз ихтиёрига кўра академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ва масофавий шаклига ўтказилиб (агар олий таълим муассасасида бундай таълимнинг шакллари мавжуд бўлса), уларга узлуксиз мустақил таълим олиш имконияти яратилади;

оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш сабабли анъанавий шаклдаги таълимни давом эттириш имконияти бўлмаган талабаларга ҳам академик таътилни олиш ҳуқуқи берилади;

талабаларга ўқиш давомида академик таътил берилиши бўйича миқдорий чекловлар бекор қилинади;

академик таътилдан қайтган талабаларни илгари ўзлаштирилган фанлар бўйича қайтадан ўқитиш амалиёти бекор қилинади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда бир ой муддатда академик таътил олишни истаган талабалар томонидан сиртқи ва масофавий
шаклда мустақил таълим олишни ташкил этиш, олий таълим муассасаларида экстернат таълим йўналишлари бўйича ҳуқуқий асосларни яратишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

д) илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилсин.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси билан биргаликда уч ой муддатда илмий даражали кадрлар тайёрлаш ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин.

Изоҳлар: 15
Изоҳ қолдириш

4.Республикада талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда тайёрлашнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилсин;

“Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилиб, 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши таъминлансин;

“Эл-юрт умиди” жамғармаси таълим дастурлари бўйича номзодларни саралашни очиқ стипендия танлови асосида Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун уларнинг республикадаги иш ва ўқиш жойидан қатъи назар мунтазам равишда ўтказиш амалиёти йўлга қўйилсин;

бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқиш дастурлари учун стипендия танловини нуфузли хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасадан ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифнома асосида ўтказиш тартиби йўлга қўйилсин.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси бир ой муддатда давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар кўрсин.

Изоҳлар: 15
Изоҳ қолдириш

5.Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги уч ой муддатда физика фани ва чет тиллари бўйича узлуксиз таълим сифати ва натижадорлигини ошириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс дастурларни ишлаб чиқсин:

илмий тадқиқотларни ривожлантириш, таълим ташкилотларида мазкур фанларни ўқитиш методикасини қайта кўриб чиқиш, амалий ва инновацион лойиҳалар танловларини ташкиллаштириш, соҳадаги илмий ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш;

янги авлод, шу жумладан электрон дарслик ва ўқув курсларини яратиш, шунингдек ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўқув дастурларида амалий ва интерфаол машғулотларнинг улушини кўпайтириш;

хорижий тилларни ўрганиш учун кенгроқ имконият яратиш мақсадида бепул тил ўрганиш электрон платформаларини яратиш;

ихтисослашган мактаб (синф)лар фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш, уларни олий таълим ташкилотлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзаро боғлаш ҳамда хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни жалб этиш.

Изоҳлар: 15
Изоҳ қолдириш

6.Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда 2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш ишлари бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва унда қуйидагилар назарда тутилсин:

республикада мавжуд спорт объектлари ва иншоотлари, логистика, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасини ўрганиш натижасида Осиё Олимпия Кенгаши ва халқаро спорт федерациялари талабларига мувофиқ уларни таъмирлаш ёки янгиларини қуриш бўйича таклифларни тайёрлаш;

ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришнинг бош режасини унда белгиланадиган ҳар бир тадбир бўйича молиялаштириш манбаси ва масъул ижрочини кўрсатган ҳолда тузиш;

Осиё Олимпия Кенгаши талабларига асосан ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритиладиган спорт турларини саралаб олиш ва ўйинлар дастурини ишлаб чиқиш босқичларини белгилаш.

Изоҳлар: 3
Изоҳ қолдириш

7. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда 2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш ишлари бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва унда қуйидагилар назарда тутилсин:

республикада мавжуд спорт объектлари ва иншоотлари, логистика, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасини ўрганиш натижасида Осиё Олимпия Кенгаши ва халқаро спорт федерациялари талабларига мувофиқ уларни таъмирлаш ёки янгиларини қуриш бўйича таклифларни тайёрлаш;

ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришнинг бош режасини унда белгиланадиган ҳар бир тадбир бўйича молиялаштириш манбаси ва масъул ижрочини кўрсатган ҳолда тузиш;

Осиё Олимпия Кенгаши талабларига асосан ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритиладиган спорт турларини саралаб олиш ва ўйинлар дастурини ишлаб чиқиш босқичларини белгилаш.

Изоҳлар: 3
Изоҳ қолдириш

8.Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилсин ва унинг мақсадлари амалга оширилишини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилсин.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

9.Илғор хорижий тажриба ва кенг жамоатчилик таклифлари инобатга олинган ҳолда, 2021 йил 1 июнга қадар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги амалиёт жорий этилсин:

муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлашнинг амалиётини сертификат бериш тизимига ўтказиб, фуқароларга ўз танловига кўра давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имкониятини яратиш;

ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронликни муддатсиз даврга белгилаш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ой муддатда тиббий-ижтимоий хизматнинг концептуал янги моделини шакллантириш чораларини кўрсин.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

10. Пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидаги тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб:

пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр –
2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;

уч йилдан ортиқ давр учун тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ва улар бўйича ортиқча тўловини ундириш бекор қилинади;

ишловчилар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;

пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;

пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг (кейинги ўринларда – Пенсия жамғармаси) тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банкларида пластик карталарни очиш жараёнида ёки банк мобил иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;

фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали тўловларни нақд пулсиз шаклда олувчилар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ёки жойига чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.

Изоҳлар: 5
Изоҳ қолдириш

11. Пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 январь ҳолатига қарздорлиги ҳисобдан чиқарилсин.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

12. Иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан камбағалликни қисқартириш ва узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишнинг пойдеворини яратиш мақсадида:

а) ишсиз аъзолари бор оилаларга, жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

деҳқончилик билан шуғулланиш учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларида 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратилиши;

ажратилган ер майдонлари суғориш тизими (артезиан қудуқлар, томчилатиб суғориш тизими ва бошқалар) ҳамда электр энергияси билан таъминланиши;

берилган ерларни ўзлаштириш учун (ер ҳайдаш, уруғ кўчат харид қилиш ва бошқалар) субсидия ажратилиши йўлга қўйилсин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб эҳтиёжманд оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун кўмаклашиш тизимини йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин;

б) тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиши амалиёти йўлга қўйилсин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ишсиз аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаш фаолиятига жалб қилишнинг янги механизмлари юзасидан таклиф киритсин;

в) 2021 йил 1 мартдан бошлаб заргарлик соҳасида кенг имкониятлар яратиш учун кумушни ишлаб чиқарувчилар томонидан кумушни биржа орқали ундан тайёрланадиган буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби жорий этилсин.

Молия вазирлиги бир ой муддатда кумушнинг ишлаб чиқарувчиларга биржа савдолари орқали сотилиши, биржага қўйиладиган кумуш ҳажмларини шакллантириш ҳамда маҳсулот бошланғич нархини асосли шакллантириш бўйича таклифларини киритсин;

Изоҳлар: 2
Изоҳ қолдириш

13.Марказий банк бир ой муддатда банклараро валюта бозорини тартибга солишни янада либераллаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи дастурни тасдиқласин ва йил якунига қадар унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминласин:

банклараро валюта бозорини “онлайн” платформага ўтказиш;

тадбиркорларга валютани бевосита банкнинг ўзидан сотиб олиш имкониятини яратиш;

тижорат банкларининг валюта курсини аниқлашдаги ролини ошириш;

расмий валюта курсини кунлик эълон қилиб бориш.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

14.Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда ҳудудларнинг ривожланиши учун муҳим омиллардан бири бўлган ҳудудлараро транспорт алоқасини таъминлаш мақсадида, 2021 йил 1 мартдан бошлаб:

Давлат бюджетидан субсидиялаш тизимини жорий этиш орқали энг йирик шаҳарлар ва туристик марказларга тезда келиб-кетиш имкониятини берадиган мунтазам авиа қатновларини йўлга қўйсин;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига республика бўйлаб саёҳат қилиш учун авиа чипта нархининг 30 фоизини қайтариш (cash back) тартибини жорий қилсин.

Изоҳлар: 2
Изоҳ қолдириш

15.Электр энергияси ва табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор муносабатларини шакллантириш мақсадида:

2021 йил 1 мартдан суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинсин;

2021 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар учун электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш орқали улгуржи бозорни шакллантириш “йўл харитаси” ишлаб чиқилсин.

Энергетика вазирлиги “йўл харитаси” ишлаб чиқилишини таъминласин ҳамда биринчи босқичда, 2021 йил 1 августдан бошлаб, йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилишини назарда тутсин.

Изоҳлар: 3
Изоҳ қолдириш

16.Давлат солиқ хизматининг фаолиятини “солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида ташкил этиш мақсадида кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари учун молиявий ҳисоботни автоматик тарзда шакллантириб, солиқ органларига юбориш ва мониторинг олиб бориш имконини берувчи электрон тизим 2021 йил 1 июнга қадар жорий этилсин.

Белгилансинки, солиқ органлари томонидан мазкур электрон тизимдан фойдаланувчи кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг фаолиятида солиқ аудити ўтказилмайди.

Изоҳлар: 1
Изоҳ қолдириш

17.Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги ва Ҳисоб палатасининг Молия вазирлиги тизимидаги давлат молиявий назорати департаменти тузилмаси ва фаолиятини такомиллаштириш, Ҳисоб палатасининг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш, ички аудит хизматлари фаолиятини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ўтказиладиган барча текширишлар ва уларнинг натижалари юзасидан маълумотларни очиқ эълон қилиб бориш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Молия вазирлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда бир ой муддатда давлат молиявий назорати ва ички аудит тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ишларни жадаллаштирсин.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

18. Божхона назорати тартиб-таомилларини такомиллаштиришда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2021 йил 1 июлдан бошлаб божхона назоратини олиб боришнинг қуйидаги тартиби белгилансин:

тоифадан ташқари мақомидаги “Масофавий электрон декларациялаш божхона постлари”ни синов тариқасида босқичма-босқич ташкил этилади;

божхона расмийлаштируви жараёнларини масофавий бошқариш, инсон аралашувини кескин қисқартирилади;

чегараларда ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан юк ташувчиларни рўйхатга олиш, ҳужжатларни текшириш, уларга кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ундириш жараёнини рақамлаштириш, умумий онлайн назорат амалиёти жорий этилади.

Изоҳлар: 1
Изоҳ қолдириш

19.Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, шу жумладан давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида:

а) жорий йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган ҳолда ҳар бир ҳудудда биттадан туман (шаҳар) бюджетини шакллантиришда харажатларнинг камида 5 фоизини бевосита аҳолининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш тартиби эксперимент тариқасида жорий этилсин;

б) 2021 йил якунига қадар давлат бошқаруви ходимлари сони ўртача 15 фоизгача оптималлаштирилсин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар қуйидаги чораларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси киритилишини таъминласин:

бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни ва мажлисбозликни қисқартириш;

кўп йиллар давомида бўш турган штат бирликларини оптималлаштириш;

айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш ҳамда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қисқартириш ва уларни бериш жараёнини автоматлаштириш ҳисобига иш жараёнларини қайта кўриб чиқиш;

вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш жараёнларини соддалаштириш;

рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан иш жараёнларини оптималлаштириш;

вазирликларда фаолиятни туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштириш тизимини жорий этиш;

в) ўрта ва қуйи бўғин бошқарув органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш доирасида:

вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони ва маоши ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилансин;

қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини янгича талаблар ва замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш ва малакасини мунтазам ошириб боришнинг аниқ тизими жорий этилсин;

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ўрта ва қуйи бўғин бошқарув органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича аниқ чораларни кўрсин;

г) 2021 йил якунига қадар амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш ва тарқоқ ҳужжатларни тизимлаштириш орқали тартибга солиш юкини ва тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг даражасини камайтириш учун ортиқча нормаларни қисқартириш таъминлансин.

Адлия вазирлиги 2021 йил 1 майга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларини бекор қилиш бўйича ишларни ташкил этиш ҳамда аниқ муносабатларни тартибга солувчи ҳужжатларни тизимлаштириш бўйича таклифларни киритсин;

д) 2021 йил 1 июлга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорларни фақатгина махсус “E-qaror” электрон тизими орқали тайёрлаб, қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилсин.

Адлия вазирлиги уч ой муддатда:

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини тайёрлаш, қабул қилиш, ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш;

электрон тизимдан фойдаланиш, уни юритиш ва унда жамоатчилик иштирокини таъминлаш;

қабул қилинаётган қарорларни ижрочи ва манфаатдор ташкилотларга етказиш ва тегишли базалар билан интеграция қилиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларини мазкур тизимда ишлаш бўйича ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш;

электрон тизим орқали қабул қилинмаган ҳужжатларни амалга киритганлик ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказмаган ҳолда қабул қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш бўйича таклифларни киритсин.

Изоҳлар: 4
Изоҳ қолдириш

20.Молия вазирлиги 2021 йил 1 майдан бошлаб қуйидагиларга
оид молиявий маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилиш амалиётини жорий этсин:

давлат органлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари;

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда уларга устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи тегишли бўлган юридик шахслар харидлари;

давлат субсидия ва грантларининг миқдорлари ва олувчилари.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги икки ой муддатда очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш, шу жумладан давлат харидлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш бўйича ташкил этиладиган тендер ва танлов комиссияларининг таркиби, давлат активларининг олди-сотди ва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари жараёнлари иштирокчилари, солиқ ва бошқа имтиёзлар олувчилар каби маълумотларни очиқ эълон қилиш бўйича таклифларни киритсин.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

21.Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи “Е-Антикоррупция” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолият йўналишларида мавжуд коррупциоген омилларни бартараф этиш бўйича таклифларни доимий равишда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига киритиш;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилган таклифларни кўриб чиқиш, соҳа ва тармоқлар кесимида чуқур таҳлиллар ва жамоатчилик сўровларини ўтказиш натижасида “Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри”ни шакллантириш;

“Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри”га мувофиқ ҳар бир коррупциявий омилни биринчи навбатда рақамлаштириш (электрон навбат, аукцион ва бошқа замонавий усуллар), очиқликни таъминлаш, жамоатчилик назорати каби воситалар орқали бартараф этиш бўйича таклифларни экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасида кенг муҳокамадан ўтказган ҳолда ишлаб чиқиш;

амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини ва коррупциявий омилларни бартараф этишга таъсирини жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда баҳолаш ва эълон қилиш.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Е-Антикоррупция” лойиҳасини амалга ошириш механизмлари ҳамда коррупцияга мойил бўлган муносабатларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин.

Изоҳлар: 2
Изоҳ қолдириш

22.Адлия вазирлиги бир ой муддатда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатга киришишида бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартиришга қаратилган, қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасини киритсин:

фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан
қатъи назар фойдаланиши мумкин бўлган давлат хизматларининг кўламини кенгайтириш;

давлат, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқлашнинг ягона идентификация рақамини жорий этиш;

юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини унификациялаш;

давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйиш орқали улар ўртасида қоғоз кўринишида ҳужжат тақдим этиш амалиётига чек қўйиш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган давлат хизматларининг натижаларини почта алоқаси орқали етказиш амалиётини йўлга қўйиш.

Изоҳлар: 1
Изоҳ қолдириш

23.2021 йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизга 2005 йил 1 январга қадар келиб, Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида доимий яшаётган, шунингдек мамлакатимизда 15 йил давомида Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган (чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган) шахслар томонидан истак билдирилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартиби жорий қилинсин.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

24.Халқаро стандартлар ва инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш мақсадида:

2021 йил 1 апрелга қадар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимини йўлга қўйиш чораларини кўриш тавсия этилсин;

2021 йил 1 июнга қадар жазони енгилроғи билан алмаштириш
ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилсин;

2021 йилда 6 тагача манзил-колониялар қисқартирилсин.

Изоҳлар: 1
Изоҳ қолдириш

25.Кенг жамоатчиликнинг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг асосий фаолиятини фуқароларга кўмак беришга йўналтириш ҳамда коррупцияга имкон берадиган омилларни бартараф этиш чораларини кўриш учун:

автомототранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказишни экстерриториаллик принципи асосида йўлга қўйиш ва янги автомототранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш талабини бекор қилиш;

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида биттадан рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма)ларида фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга давлат рақами белгиларини беришни амалга ошириш;

барча рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма)ларида ҳамда камида 20 та Давлат хизматлари марказларида миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришни (шу жумладан, алмаштириш
ёки йўқолгани ўрнига янгисини бериш) фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар амалга ошириш;

ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгорлардан имтиҳон олиш жараёнини жамоатчилик томонидан, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали кузатиш имконини яратиш.

Ички ишлар вазирлиги уч ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.

б) республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш ҳамда ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли (ёши 5 ёшдан ва баландлиги 2 метрдан кам бўлмаган) кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш, ноқонуний кесилганлар дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбуриятини киритиш.

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасиикки ой муддатда атроф муҳитга етказилган зарарни қоплаш тартибини қайта кўриб чиқиб, табиатни қайта тиклашга қаратилган компенсация механизмларини кенг жорий этсин.

Изоҳлар: 5
Изоҳ қолдириш

26. Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда хорижий мамлакатлар билан 2021 йилда савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-маърифий, маданий-гуманитар ва сиёсий соҳаларда, шунингдек, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва тадбиркорлик субъектлари учун тартиб-таомилларни соддалаштириш ва махсус қулай режимлар тақдим этишни назарда тутувчи аниқ чора-тадбирлар бўйича таклифларни киритсин.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

27.Адлия вазирлиги “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда:

Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда умумлаштириш ҳамда якунларини аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришларни, таҳлилий ахборот кўринишида акс эттирган ҳолда, ўз веб-сайтларида жойлаштириш;

мониторинг натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминласин.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

28.Давлат дастури бандларининг изчил ва ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари ўз ҳудудларида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича ўн кун муддатда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва ҳар ойда ўз мажлисларида муҳокама қилиб боради;

Вазирлар Маҳкамаси ҳар ойда Давлат дастури бажарилишини Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳузурида танқидий кўриб чиқади, ҳар чоракда Ҳукумат Раёсатида муҳокама қилиб боради ҳамда ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тадбирлар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар кўради;

Олий Мажлис палаталари ҳар чоракда Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларининг Давлат дастури бажарилиши юзасидан ахборотларини эшитиб боради ҳамда бу борада вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда ҳар ойда Давлат дастури бажарилишини назорат қилиб боради ҳамда унинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш чораларини кўради.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

29.Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Халқаро пресс-клуб билан ҳамкорликда:

ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг тушунтирилишини;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотнинг кенг жамоатчиликка тезкорлик
билан етказилишини таъминлаш тавсия этилсин.

Изоҳлар: 3
Изоҳ қолдириш

30.Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш

31.Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Изоҳлар:
Изоҳ қолдириш
Ўзбекистон Республикаси
ПрезидентиШ.Мирзиёев


Улашиш :



Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари

20 01 2021 / 16:20