Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга қўшимча кафолатлар белгиланган


Улашиш :


Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун юзасидан Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари Шуҳрат Чўллиев маруза қилди.

Таъкидланганидек, 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодексида кўплаб ҳаволаки нормалар мавжудлиги, барча зарур масалалар аниқ тартибга солинмагани, уни амалиётда қўллашда бир қатор муаммолар юзага келаётгани каби асосларга кўра меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришга зарурат туғилган.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби нормалардан иборат.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилари манфаатларининг мувозанати таъминланади, уларнинг ижтимоий ҳамкорликка жалб қилиниши ортади ва томонларнинг меҳнатнинг натижадорлигига қизиқиши рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, кичик бизнес ва якка тадбиркорлик соҳасига меҳнат қонунчилигини татбиқ қилиш енгиллашади. Шунингдек, шу соҳаларда ёлланиб ишловчилар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятларини ҳисобга олиш мумкин бўлади.

Фуқароларнинг меҳнат фаолиятига жалб қилинишининг янги шаклларини фаол ривожлантиришни тартибга солиш, эгилувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун, жумладан иш берувчилар томонидан ходимларни меҳнат жараёнига жалб қилишнинг соддароқ, оддийроқ шаклларини танлашга замин яратади.

Қонун юзасидан муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан берилган саволларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов жавоб берди.

Шунингдек, Сенат Раиси Т.Норбоева “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун юзасидан қуйидагиларни алоҳида қайд этиб ўтди:

— Меҳнат қонунчилиги жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун долзарб ҳаётий аҳамиятга эга. Шу маънода янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси жуда муҳим ҳужжат. Унда замонавий меҳнат муносабатлари билан боғлиқ барча муҳим жиҳатлар инобатга олинган.

Меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнат тушунчалари халқаро меъёрлар ва тавсияларга (ХМТ) мос тарзда батафсил ёритилган. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали ёки ногирон болалари бўлган ота-оналарга, ногиронлиги бўлган шахсларга, битирувчиларга, ҳарбий хизматдан бўшатилганларга, жазодан озод қилинганларга, одам савдосидан жабрланганларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар белгилангани эътиборга молик.

Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА


Улашиш :



Сарлавха :
Қонунлар

18 03 2022 / 16:11