Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

ЎзЛиДеП тузилмаларида Конституциявий ислоҳотларга бағишланган 400 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди


Улашиш :


Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитасининг навбатдаги мажлисида партия тузилмаларининг Конституцияни такомиллаштириш жараёнида фаол иштирокини самарали ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

— Конституциявий ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳар бир ҳудудда камида 5 нафар аъзодан иборат тарғибот гуруҳлари шакллантирилди, — деди партия етакчиси Актам Ҳайитов. — Давлатимиз раҳбари томонидан конституциявий ислоҳотлар бўйича белгилаб берилган 9 та йўналиш бўйича партия Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси қошида Ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Хусусан, Бош қомусимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати ва бу ислоҳотнинг мазмун-моҳияти бўйича нафақат партиянинг бир миллиондан ортиқ аъзоси, балки аҳоли кенг қатламлари орасида, жумладан, маҳаллаларда, тадбиркорлик субъектлари, бошланғич партия ташкилотларида очиқ мулоқот, давра суҳбатлари шаклида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Ишчи гуруҳ томонидан Асосий қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан илгари сурилган таклифлар умумлаштирилиб борилмоқда ҳамда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича миллий комиссияга тақдим этилмоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, Конституциявий ислоҳотлар бошланган даврдан то шу кунга қадар республика ва ҳудудий тарғибот гуруҳлари томонидан партия қуйи бўғинлари, меҳнат жамоалари, олий таълим муассасалари, маҳаллаларда 410 та тадбир ўтказилган бўлиб, уларда жами 21 мингга яқин иштирокчилар қамраб олинди. Тадбир иштирокчилари томонидан 270 дан зиёд таклифлар билдирилди. Шулардан 142 та таклиф партия томонидан почта орқали Республика комиссиясига киритилган бўлса, қолганлари партия фаоллари томонидан электрон почта, “Менинг Конституциям” портали ва Телеграмм-ботлар воситасида Комиссияга етказилди.

Мажлисда ушбу тарғибот ишларини тизимли давом эттириш ҳамда билдирилган таклифларни Миллий комиссияга мунтазам тақдим этиб бориш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда партия Қашқадарё вилоят Кенгашининг Кўкдала туман бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги масала муҳокама қилиниб, бу бўйича қарор қабул қилинди. Мазкур партия бўлимининг фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш вазифалари белгилаб олинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА


Улашиш :



Сарлавха :
Қонунлар

06 06 2022 / 11:21