Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ривожланган мамлакатларда фоиз ставкаларининг оширилиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсири бор?


Улашиш :


Маълумки, глобал иқтисодий ўзгаришлар ҳар бир давлатга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу жараённи юмшатишда ички имконият ва оқилона чора-тадбирлар муҳим ҳисобланади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари глобал геоиқтисодий ҳодисаларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига инфляция ва фоиз ставкаси каналлари орқали таъсирини ўрганиши ҳам ички чоралар билан боғлиқ.

ПМТИ гуруҳ раҳбари Халилулло Ҳамидовнинг қайд этишича, глобал миқёсда озиқ-овқат ва энергия нархларининг кескин даражада кўтарилиши кузатилмоқда. Бу эса ривожланган давлатларда, хусусан, шу йилнинг июнь ойида АҚШда 9,1 фоиз, Буюк Британияда 8,2 фоиз, Канадада 8,1 фоиз, ривожланаётган мамлакатларда – Туркияда 78,6 фоиз, Аргентинада 63,9 фоиз, Эстонияда 21,8 фоиз юқори инфляцияни кўрсатди.

– Бунинг натижасида кейинги 40 йилдаги энг юқори инфляцияга дуч келган ривожланган давлатлар марказий банклари асосий фоиз ставкаларини бир неча марта кўтаришга мажбур бўлди, – деди Х.Ҳамидов. – АҚШда Очиқ бозорлар бўйича федерал қўмита федерал ставкани йил бошидаги 0-0,25 фоиз оралиғидан 2,25-2,5 фоизгача (қаторасига 4 марта) оширишга қарор қилди. Англия банки Пул-кредит сиёсати қўмитаси томонидан асосий ставка 0,25 фоиздан 1,75 фоизгача кўтарилди. Асосий ставкаларнинг оширилиши ортидан молия ва капитал бозорларида фоиз ставкалари ҳам сезиларли даражада ошиб борди. Ушбу тенденция ривожланаётган мамлакатлардан капитал оқиб чиқиб кетишига, валюталарининг қадрсизланишига, қарз юкининг ортишига олиб келди. Халқаро молия институти ва Reuters халқаро агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг июнь ойида ривожланаётган давлатлардан 4 миллиард доллар, май ойида 5,1 миллиард доллар, апрель ойида 4 миллиард доллар ва март ойида 9,8 миллиард доллар миқдорида капитал чиқиб кетган. Шундай бўлсада, марказий банклар асосий фоиз ставкаларини оширишда давом этиши боис ушбу мамлакатларда рецессия хавфи ортиб бормоқда. Бу ҳолат молия ва капитал бозорларида инвесторларнинг рецессия бўйича кутилмаларининг ошиши акция ва облигациялар даромадлилигининг пасайишига олиб келмоқда.

Хўш, ривожланган мамлакатларда фоиз ставкаларининг оширилиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсири бор?

ПМТИ етакчи илмий ходими Ҳабибулло Ибодуллаевнинг изоҳлашича, ҳозирги шароитда ривожланган мамлакатларда фоиз ставкаларининг оширилиши Ўзбекистон иқтисодиётига асосан бозор шартларида олинган ташқи қарз каналлари орқали таъсир кўрсатиши мумкин.

– Сўнгги 3 йилда давлат улуши мавжуд банкларнинг халқаро тижорат банклари, ривожланиш банклари ва халқаро молия ташкилотларидан олинган қарзлари миқдори кўпайди. Бу эса банк сектори ташқи қарзини 2018 йилдаги ЯИМнинг салкам 2 фоиз миқдоридан 2021 йилда ЯИМнинг қарийб 10,5 фоизгача оширди. Ҳозирги геоиқтисодий ҳодисалар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон глобал инқирозлар даврида ташқи омилларнинг иқтисодиётимизга таъсирини камайтириш ва иқтисодий ўсишни молиялаштиришда "яширин" ички имкониятлардан фойдаланиш бўйича ислоҳотларни давом эттириши лозим. Кенг кўламли ислоҳотлар доирасида капитал бозорини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш ва бунда институционал инвесторлар, яъни пенсия фондлари, суғурта компаниялари ва ўзаро фондлар фаолиятини такомиллаштириш, иқтисодиётдаги узоқ муддатли жамғармаларни жалб қилиш орқали маҳаллий капитал бозорида талабни юзага келтиришни назарда тутиш, маҳаллий капитал бозорлари компанияларга миллий валютада ички қарз олиш имкониятларини ошириб, валюта номувофиқлиги ва тизимли рискларни камайтиришга имкон беради. Молия секторини ислоҳ қилиш, жумладан, банкларни хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш орқали хусусий сектор жамғармалари ҳажмини ошириш ва аҳолидан жалб қилинган депозитларнинг банк тизими мажбуриятларидаги улушини 2025 йилга қадар 50 фоизга етказиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир, – деди Ҳ. Ибодуллаев.

Ўз навбатида, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан глобал геоиқтисодий ҳодисаларнинг ўрганилиши, таҳлил қилиниши ва таклиф этилаётган чоралар мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашда муҳим илмий ва амалий манба эканлиги билан аҳамиятлидир.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА


Улашиш :



Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

27 09 2022 / 13:08