“OʻzLiDeP PRESS KLUBI”нинг навбатдаги сессиясида яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш, товарларнинг ноқонуний айланмасини олдини олиш, айниқса, фармацевтика, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари контрабандасига чек қўйиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва шаффоф рақобатни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Пресс-клубда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 21-мақсадида иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни - 1,6 баробар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратиш белгиланган.
Таҳлилларга кўра, яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш, товарларнинг ноқонуний айланмасини олдини олиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шаффоф иқтисодий ва рақобат муҳитини яратиш мазкур мақсадларга эришишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Давлат бюджети даромадлари таркибида қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиқларининг улуши юқори бўлиб, деярли 40 фоизини ташкил этади.
Ушбу солиқ тушумларининг ўз вақтида тўланиши ва тўлиқ тўланиши давлатнинг асосий ижтимоий-иқтисодий функцияларини бажариш учун асос бўлади.
Бироқ, солиқдан қочиш мақсадида иқтисодиётнинг турли соҳаларида яшириш ва ноқонуний фаолият билан шуғулланаётганлар учраб турибди.
Мамлакатимизда бугунги кунда 220 дан ортиқ фармацевтика, 176 та алкаголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқда.
Таҳлиллар ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра фармацевтика, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорида товарларнинг ноқонуний айланмаси ва контрабандаси ҳолатлари кўплаб аниқланмоқда.
Мазкур йўналишлардан тушаётган солиқ тушумлари юқори улушга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда соҳадаги яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш бюджет тушумлари прогнозларини таъминлашга катта таъсир кўрсатади.
Бундан ташқари, соҳадаги ноқонуний фаолият рақобат муҳитини ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Тадбир давомида мутасадди идоралар вакиллари, экспертлар ва депутатлар томонидан музкур йўналишдаги муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи сабаблар, шунингдек, муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида O'zLiDeP депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда партия фаоллари билан биргаликда яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш, товарларнинг ноқонуний айланмасини олдини олиш, айниқса, фармацевтика, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари контрабандасига қарши курашишда жамоатчилик назоратини ўрнатишга келишиб олинди.
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари
20 10 2022 / 11:59