2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган вазифаларга мувофиқ аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини илғор жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотларимизни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида:
1. Жамоатчилигимиз ва халқимиз билан кенг муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури (кейинги ўринларда — Давлат дастури) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат дастури ижросини самарали, қатъий тартиб-интизом асосида ташкил этиб, 10 кун муддатда ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла кесимида амалий чора-тадбирларни белгиласин ҳамда ҳар ҳафтада масъул шахсларнинг ҳисоботини эшитиб борсин.
Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашларга Давлат дастурининг бажарилишини туманлар, шаҳарлар ва маҳаллаларга бориб ўрганиш, масъул ижро ҳокимияти идоралари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб бориш тавсия этилсин.
2. Халқимизнинг оғирини енгил қилиш, янада қулайликлар яратиш ва харажатларини тежаш мақсадида, 2023 йил 1 июлдан бошлаб:
а) барча давлат органлари ва ташкилотларида “Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш” чора-тадбирлари белгилансин.
Вазирлар 15 кун муддатда ўз тизимида масофадан туриб, шу жумладан мобил иловалар орқали кўрсатиладиган хизматларни кўпайтириш, ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш, шаффофликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ўқитиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаб, аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилсин.
Адлия вазирлиги (А. Ташкулов) ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (О. Хасанов) бир ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларининг аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатиладиган сервис хизмати сифатини ошириш борасидаги фаолиятини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этсин;
б) давлат органлари ва ташкилотлари томонидан анъанавий тарзда кўрсатиладиган қўшимча 200 та давлат хизматларини давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш йўлга қўйилсин;
Натижада, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 73 фоизга етказилади. Ҳозирда эса, мавжуд 770 дан ортиқ давлат хизматларидан 262 таси давлат хизматлари маркази, 370 таси (50 фоиз) Ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатилади.
в) аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали, кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилсин;
Натижада, мазкур шаклдаги давлат хизматлари билан 4 млнга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қамраб олиниши таъминланади.
г) электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини проактив тарзда (хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан фуқаро мурожаатини кутмасдан) кўрсатиш йўлга қўйилсин;
Натижада, йилига ўртача 300 мингта ариза бўйича электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш хизматлари проактив тарзда кўрсатилиши таъминланади.
д) бюджет маблағлари ҳисобидан жисмоний ва юридик шахсларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш, субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини махсус электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими йўлга қўйилсин;
Масалан, 2022 йилда нодавлат боғчалар учун электрон тизим орқали субсидия ажратишга ўтиш орқали ҳар ойда 20 млрд сўм иқтисод қилинган.
3. Фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилсин.
Натижада, 2,4 минг нафардан ортиқ фуқарога 21,7 млрд сўм миқдордаги пенсия тўлаб берилиши имконияти яратилади.
4. Ногиронликни белгилашда фуқароларга қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида:
а) 2023 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқаролар касаллигининг оғирлиги ва унинг асоратларидан келиб чиқиб уларнинг иштирокисиз белгиланади;
Натижада, йиллик 27 минг нафар фуқаро (25 фоиз) тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бормайди ва уларга ногиронлик сиртдан белгиланади. Ногиронликни белгилашда даволаш муассасаларидан касаллик тарихи кўчирмалари электрон қабул қилинади (Тошкент шаҳрида апробациядан ўтказилган) ҳамда ушбу маълумотлар асосида ногиронлик фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.
б) 2023 йил 1 мартга қадар ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси лойиҳаси киритилсин, унда:
фуқароларнинг меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасидан келиб чиқиб ногиронликни белгилаш амалиётидан воз кечилиб, унинг ўрнига жаҳон стандартлари асосида ногиронликни белгилашга ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётга ижтимоий мослашуви ва уларнинг соғлиғини қайта тиклашга;
мустақил ҳаракат қилиш имконияти бўлмаган шахсларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектларига (жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданият ва томоша муассасаларига) монеликсиз кириши учун қулай шароитлар яратилишига;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай форматлардаги ахборот технологияларидан фойдаланиши, имо-ишора тилидан ҳамда мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан фойдаланиш имкониятларини яратишга эътибор қаратилсин.
Ижтимоий моделга ўтиш тавсиялари Ўзбекистон Республикаси томонидан (2021 йил 7 июнь ЎРҚ-695–сонли Қонуни билан) ратификация қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияда (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) белгиланган. Концепциянинг қабул қилиниши натижасида ногиронликни белгилашда халқаро классификацияга асосан ахборот технологиялар жорий этилади (касалликлар шифрланади), ногиронлиги бўлган шахслар учун зарурий шароитлар яратилади (пандуслар, кўтарма лифтлар, сурдо таржималар, товушли ва визуал сигнализациялар ва бошқалар) ҳамда уларни реабилитация қилиш бўйича шахсий дастурлар ишлаб чиқилади.
5. “Янги Ўзбекистон” массивларини ривожлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2023 йилда:
53 та “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 2 баробарга оширилиб, 90 мингга етказилсин;
2022 йилда 44 мингта хонадон қурилиб ва фойдаланишга топширилган бўлиб, белгиланаётган чоралар амалга оширилиши натижасида, 2023 йилда қуриладиган хонадонлар сони ўтган йилга нисбатан камида 100 фоизга кўпаяди.
26 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқароларга бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун Давлат бюджетидан етарли маблағлар йўналтирилсин;
Натижада, 2023 йилда аҳолига ипотека кредитлари доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга 1 трлн сўм миқдорда субсидия ажратилади.
жорий этилган аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилиб, йўлга қўйилсин;
халқаро ва маҳаллий фонд биржаларида “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖнинг ипотека облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш ҳисобига компаниянинг устав фонди 100 млн АҚШ доллари эквивалентига етказилсин. Бунда, ипотека облигацияларини жойлаштириш ҳисобига жалб қилинган маблағлар ипотека кредитлари учун ресурс сифатида банкларга жойлаштирилсин.
Натижада, аҳолига қўшимча 3 мингта ипотека кредитлари ажратилади.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев) 2023 йил 1 сентябрга қадар аҳолига фонд бозорида фаол иштирок этиш учун қулай шароитларни яратиш ва капитал бозорини ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.
7. Ташаббусли бюджет амалиётини ҳамда маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш мақсадида:
2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 триллион сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 триллион сўм йўналтирилсин;
2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм ажратилсин;
Натижада, мазкур тадбирларга ажратилаётган маблағлар миқдори қарийб 2 баравар кўпайтирилишига эришилади. Масалан, 2022 йилда ушбу тадбирлар учун 4,3 трлн сўм маблағ ажратилди.
2024 йил учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридан бошлаб, давлат органлари томонидан таклиф этилган ижтимоий ҳамда муҳандислик инфратузилма объектларини ушбу дастурга “Очиқ бюджет” порталида овоз бериш жараёнида тўпланган овозлар сонига кўра киритиш амалга ошириш амалиёти жорий этилсин;
Натижада, ташаббусли бюджет жараёни орқали тақсимланадиган маблағлар миқдори 8 трлн сўмдан 23 трлн сўмга (+15 трлн сўм) етади.
2023 йил 1 июлдан бошлаб, “Маҳалла бюджети” тизимини барча туманлар ва шаҳарларда жорий этиш орқали маҳаллаларга ўз муаммосини мустақил ҳал этиш ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун 800 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилсин.
Жорий йилдан эксперимент тариқасида 14 та туманларда, 1 июлдан эса барча туман (шаҳар)ларда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги уч ой муддатда лойиҳаларни жамоатчилик фикри ва “Очиқ бюджет” порталида тўпланган овозлар асосида молиялаштиришнинг мутлақо янги тизимини яратсин ва амалиётга киритсин. Бунда, овоз бериш жараёнларини холис ва маъмурий аралашувларсиз ташкиллаштиришнинг аниқ механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилсин.
8. Таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида:
а) 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилсин;
Натижада, 76 та мактабда француз тили, 76 тасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ва 3 тасида япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади. Шунингдек, ўқувчилар 10-синфдан бошлаб 64 та ишчи касблар, 21 та соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишидаги касбларга ўргатилади. Ушбу жараёнга ёшлар етакчилари ва ҳудуддаги таниқли тадбиркорлар жалб қилинади.
б) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, ҳамкорликда ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган янги ўқув дастурлари амалиётга киритилсин.
Бунда:
умумий ўрта таълим муассасаларининг 1–4 синфларида ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш;
5–9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш;
10–11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиёти жорий қилинсин;
Натижада, бошланғич синф ўқувчиларини жамоа бўлиб ишлаш, мулоқот қилиш, креатив ва танқидий фикрлаш кўникмалари асосида ўқувчини мантиқий фикрлашга, ўз фикрини ифода эта олишига ва дарсларда эркин муҳитни шакллантиришга эътибор берилади.
10–11-синфларда 14 та мажбурий фанлардан ҳафталик юкламаси 31 соатни ташкил этади. Такомиллаштирилган ўқув режа асосида 8 та мажбурий фан ва 2 та танлов фан (кимё-биология, математика физика, тарих-ҳуқуқ, она тили ва адабиёт-чет тили) танлаш имконияти яратилади.
в) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилсин;
Натижада, жорий йилда бепул овқат бериш тизими билан 2,5 млн нафар ўқувчини қамраб олиш ва ушбу мақсадларга 2,7 трлн сўмга яқин маблағ ажратиш таъминланади.
2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида ушбу тизим билан 273 минг нафар ўқувчи қамраб олинди.
г) 2023 йил 1 апрелдан бошлаб мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида:
янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилсин;
Натижада, мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишда бино ва иншоотлар танқислигини бартараф этиш имкони яратилади.
Масалан, битта 150 ўринли давлат боғчасини қуриш учун ўртача 6 млрд сўм маблағ талаб этилади. Бундан ташқари, янги боғчани қуриш учун ер масаласи оғирлигича қолмоқда. Шу билан бирга, битта 3 хонали квартирада 25 нафар бола учун боғча ташкил қилиш мумкин. 150 нафар бола учун 6 та квартирани харид қилиш ва жиҳозлашга ўртача 4 млрд сўм талаб этилади.
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерикка ушбу бинони мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйишга оид чекловлар бекор қилинсин;
Натижада, мактабгача таълим билан қамровни оширишда хизмат қилаётган ва зарур молиявий ресурсларга муҳтож бўлган 594 та тадбиркорга қўшимча имконият яратилади.
д) профессионал таълим тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва иш берувчиларнинг талабларига мос бўлган малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида:
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилсин;
Натижада, жорий йилда дуал таълим шакли бўйича давлат гранти асосида камида 5,7 минг нафар ўқувчи қабул қилинади.
Дуал таълим шаклида ўқувчи профессионал таълим муассасасида назарий билимларни олади ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди (Германия, Швейцария, Австрия тажрибаси).
2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида малакали хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Европа касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш тизими талабларига тўлиқ жавоб берадиган 1 тадан намунавий профессионал таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилсин;
Натижада, намунавий профтаълим муассасалари Европа Иттифоқи Комиссияси, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ), КФВ банки, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонасини, Кореянинг “ЕДЦФ” фонди билан биргаликда ташкил этилади.
Ушбу муассасалар фаолиятига замонавий стандартларни жорий қилиш учун уларга ўқув режа ва дастурларни, таълим шакли ва муддатини мустақил белгилашга рухсат этилади. Шунингдек, ҳар битта муассасага 4 нафардан хорижий экспертлар жалб этилади.
е) 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилсин;
Натижада, 27 нафар профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларининг ойлик маошлари 20 фоизга оширилиб, ўртача 3 млн сўмга тенг бўлади. Ушбу мақсадларга жорий йилда 139 млрд сўм йўналтирилади.
ж) нодавлат таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, соҳада лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида 2023 йил 1 августга қадар:
нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил қилишда уларнинг электрон кутубхонаси, ахборот-ресурс марказлари, ўқитувчиларнинг тоифалари, бир синфда таълим олувчиларнинг максимал сонига қўйилган талаблар енгиллаштирилсин;
нодавлат таълим ташкилотларига спорт зали ва талабалар дам олиш жойларини уларга ижара ва бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган биноларда ҳам ташкил этишга рухсат этилсин.
Натижада, ортиқча ва асоссиз чекловларнинг бекор қилинишига эришилади ва хусусий мактаблар сони ҳозирги 334 тадан (умумий улушнинг 3 фоизидан) сезиларли оширилади.
Масалан, лицензия талабларига мувофиқ хусусий мактабларни ташкил қилиш учун:
битта синфдаги таълим олувчиларнинг максимал сони 1–4-синфларда – 20 нафардан, 5–9-синфларда – 24 нафардан, 10–11-синфларда – 20 нафардан ошмаслиги лозим. Давлат мактаблари учун бу талаб 30 нафарни ташкил қилади;
камида 30 та компьютер техникаси билан жиҳозланган электрон кутубхонаси, камида 5 та компьютер техникаси, сканер ва нусха кўчириш аппарати билан жиҳозланган ахборот-ресурс маркази, ўз стадиони (ўйин майдони) ва дам олиш жойлари бўлиши керак;
ўқитувчиларнинг 30 фоизи – мутахассислар, 30 фоизи – иккинчи, 30 фоизи – биринчи ва 20 фоизи – олий малака тоифали бўлиши лозим.
9. Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни яқинлаштириш ва уни сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, шунингдек, беморларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида:
а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов):
2023 йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш;
18-40 ёшли 12,6 миллион нафар аҳолини профилактик кўрикдан ўтказиш, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион нафар аҳолини юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет, 3 миллион нафар аҳолини онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувлардан ўтказиш;
спинал мушак атрофияси билан касалланган 112 нафар болаларни дори воситалари билан таъминлаш;
эшитиш заифлиги мавжуд бўлган 250 дан ортиқ болаларда кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш, шунингдек, бундай операциялар ўтказилган 132 нафар болаларда нутқ процессорларини алмаштириш чораларини кўрсин;
Натижада, мазкур амалий тадбирларга 308,4 млрд сўм маблағ ажратилади.
б) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар берилиши босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилсин. Бунда:
вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар Навоий ва Сирдарё вилоятларида – 2023 йил 1 июлдан бошлаб, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида – 2023 йил 1 октябрдан бошлаб, республиканинг бошқа ҳудудларида – 2024 йил 1 январдан бошлаб электрон шаклга ўтказилсин;
2024 йил 1 январдан бошлаб тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқлансин;
в) 2023 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилсин;
Натижада, Сирдарё вилоятида тиббий суғуртани жорий этиш бўйича ўтказилган эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда, ушбу тизим босқичма-босқич республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилади. Бунда, тиббий хизматларни молиялаштириш яхшиланиши ҳисобига аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ҳам ошади.
2023 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган шахсларни амбулатор ва стационар шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўлами 30 минг нафарга етказилсин.
Натижада, бепул тиббий-ижтимоий реабилитация хизматини олаётган ногиронлар сони амалдаги 15 минг нафардан 30 минг нафаргача етказилади. Мазкур тадбирларга жорий йилда қўшимча 5 млрд сўм маблағ ажратилади.
10. Аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилсин:
аҳолига смартфон ва мобил иловалар ёрдамида ўз соғлиғи ва овқатланишини назорат қилишни ўргатиш, тўғри овқатланиш бўйича мобил илова яратиш;
болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига талабларни кучайтириш;
таълим муассасаларида болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, шу жумладан таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхатини тасдиқлаш ва истеъмолини камайтириш;
маҳаллий маҳсулотлар турларидан келиб чиқиб, аҳолининг ҳар бир хавф гуруҳи ва касаллик турлари учун алоҳида-алоҳида соғлом овқатланишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш;
ёши, тана тузилиши, турмуш тарзи ва касалликларга мойиллигидан келиб чиқиб, болалар, катталар ва кексалар учун қисқа тўғри овқатланиш, соғломлаштириш машқлари ва гигиена қоидалари тўпламини яратиш;
иш жойларида ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши ва соғлом овқатланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш.
Натижада, аҳоли, айниқса ёшлар, аёллар ва кексалар орасида соғлом овқатланишни ташкил қилиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилиш ҳисобига юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, зарарли одатлар ва носоғлом турмуш тарзини кечириш оқибатлари бўйича ахборот-тарғибот ишлари олиб борилади.
Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда 10,7 млн аҳоли соғлом турмуш тарзини олиб бормайди. Аҳолининг 16,5 фоизи тамаки ва 4,7 фоизи алкоголь истеъмол қилиши, 16 фоизи мева ва сабзавотларни етарли миқдорда истеъмол қилмаслиги (кунига 400 граммдан кам), 36,6 фоизи таомга қўшимча туз қўшиши, 32,9 фоизида ортиқча вазн ва 23,5 фоизида семизлик мавжудлиги, 38 фоизида юқори артериал босим ва 8,4 фоизи қонида қанд миқдорининг юқорилиги, 26 фоизининг эса, жисмоний фаоллиги сустлиги аниқланган.
11. Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тизимини жорий қилиш учун шароит яратиш мақсадида:
а) қуввати 20 кВт ва ундан паст бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларини паст (0,23-0,4 кВ) кучланишли электр тармоқларига улаш учун техник шарт олиш талаб этилмаслиги белгилансин;
Натижада, қуввати 20 кВтгача бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини тармоққа улаш учун техник шартлар олиниб, шартнома тузиш тартиботлари мавжуд. Ушбу тартиб ишга тушгандан сўнг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатмоқчи бўлган жисмоний шахсларга қулайлик яратилади.
б) 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб:
йиллик ҳажми икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки бир минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғисига тенг энергия ресурсларини сарфлайдиган ташкилотлар учун ўз энергия истеъмолини камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия ҳисобига таъминлаш мажбурияти юклансин;
Натижада, 2023–2026 йиллар давомида иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини истеъмол қилаётган 25 та йирик корхона ва ташкилотнинг умумий истеъмол ҳажми 4 млрд кВт.соат ташкил этиши инобатга олинган ҳолда, ушбу ташкилотлар ўз истеъмолини камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалар ҳисобидан таъминлаши орқали камида 1,2 млрд кВт.соат электр энергияси тежалишига эришилади.
қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига олинадиган минимал энергия миқдори бўйича талабларни бажармаган ташкилотлар томонидан етишмаган энергия улушига мутаносиб миқдорда “яшил” сертификатларни сотиб олиш талаби киритилсин;
Натижада, бундай талаб ташкилотларни энергия самарадорлигини ошириш борасида рағбатлантиради, сертификат сотувидан тушган маблағ эса “яшил” технологияларни ривожлантиришга йўналтирилади.
Умумий истеъмолининг 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтказиш талаби бажарилмаган тақдирда, мазкур ташкилот томонидан ушбу мақсадга эришиш учун етишмаган энергия улушига мутаносиб миқдорда ҳар 1 МВт учун битта “яшил” сертификатни сотиб олади.
в) 2023 йил 1 июлдан бошлаб табиий газни ёқилғи қуйиш шохобчаларига газ ҳажмининг онлайн ҳисобини юритиш тизими, сотилган газ миқдорининг аниқ ҳисобини юритишни таъминловчи ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотлар базасига интеграция қилинган дастур мавжуд бўлган ҳоллардагина етказиб бериш амалиёти йўлга қўйилсин;
Натижада, онлайн ҳисобни юритиш тизими орқали объектларда табиий газнинг беҳуда сарфланиши, улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тизимли мониторинг шакллантирилади.
г) 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларига қуёш панели ва иссиқ сув коллекторини ўрнатиш мажбурияти юклатилсин ҳамда 2026 йилга қадар уларнинг бинолари энергия истеъмолининг 60 фоизи “яшил энергия”га босқичма-босқич ўтказилсин.
Натижада, давлат органлари ва ташкилотларида 2023 йилда энергия истеъмолининг 30 фоизини “яшил” энергияга ўтказиш ҳисобига 448,7 млн кВт.соат электр энергияси, 2026 йилда эса 60 фоизини ўтказиш ҳисобига ўртача 897,4 млн кВт.соат электр энергиясини иқтисод қилиш имконияти яратилади.
12. 2023 йил 1 мартдан бошлаб:
чет эл фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқномани (кейинги ўринларда – тасдиқнома) олиш жараёнида маҳаллий ишчи кучи борлигини ҳисобга олиб, чет эл фуқароларини бўш иш ўринларига жалб қилиш мақсадга мувофиқлигини ўрганиш тартиби бекор қилинсин;
тасдиқнома амал қилиш муддати давомида чет эл фуқароси хориждан олиб келинган шахсий автотранспорт воситасини олиб чиқиб кетиш муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборганда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган йиғимни тўлашдан озод этилсин.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б. Мусаев) республика ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқаролари тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига электрон шаклда тақдим этиб борсин.
Натижада, меҳнат бозорига малакали мутахассислар талаб юқори бўлган соҳаларга кириб келиши учун зарур шароитларни яратади.
13. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш ва жавобгарлигини либераллаштириш мақсадида 2023 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга бир йиллик мораторий ўрнатилсин.
Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик маъмурий юрисдикцияга ўтказиш орқали бекор қилиш;
тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган кичик тадбиркорлик субъектларига молиявий санкцияларни қўллаш тақиқлаш (жиноят ишлари доирасида аниқланган ва кўриб чиқилаётган ҳуқуқбузарлик ишлари бундан мустасно).
Натижада, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жазо чоралари либераллаштирилади.
14. Қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида 2023 йилда:
сув ресурсларини бошқаришда “вазир-мироб-фермер” узлуксиз тизимини йўлга қўйиш ҳамда сувни тежайдиган рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига сувни етказиб беришдаги табиий йўқотишлар салмоғи 10 фоизгача камайтирилиши;
сув солиғи бўйича тушумларнинг 25 фоизи туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтирилиши таъминлансин.
Натижада, сув ресурслари тўғридан-тўғри фермерлар чегарасигача етказиб берилади ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилади.
Ички хўжалик суғориш тармоқларининг 77 фоиз (119,5 минг км) суғориш тармоғи тупроқ ўзанли бўлиб, 44 фоиз (68,3 минг км) тармоқ таъмирлаш ва тиклашга, 10 фоиз (15,5 минг км) тармоқ эса, реконструкция қилишга муҳтож. Сув истеъмолчиларининг сув олиш жойлари эса аксарият ҳолда сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган.
Шу сабабли, ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти паст бўлиб, асосий манбалардан олинадиган сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқотилмоқда.
Сув хўжалиги вазирлиги (Ш. Хамраев) 2023 йил якунига қадар:
а) сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали камида 7 млрд куб метр сув иқтисод қилинишини ҳамда 300 минг гектар майдонда такрорий экинларни суғоришга йўналтирилишини таъминласин;
Натижада, сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали 2023 йилда камида 7 млрд куб метр сувни иқтисод қилиб, 300 минг гектар такрорий экинлар суғоришга йўналтириш имконияти яратилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Талабга нисбатан етишмайдиган сувнинг қарийб 12 млрд куб метр қисми сув иқтисод қилиш тадбирлари ҳисобига қопланиб, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб етишмайдиган сув 3 млрд куб метрни ташкил қилиши мумкин.
б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш. Кудбиев) билан биргаликда:
сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизимини жорий этиш мақсадида 13 мингта сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш билан боғлиқ барча харажатларни Давлат бюджети маблағлари ва халқаро молия институтлари грантлари ҳисобидан молиялаштириш;
16 та йирик насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун киритсин;
в) Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш. Шерматов) билан биргаликда 13 мингта сув хўжалиги объектлари рақамлаштирилишини таъминласин.
Натижада, 2023 йилда жами 13 057 та сув хўжалиги объектида рақамли технологиялар жорий қилиниб, шундан 10 937 та объектда “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилади, сувнинг ҳисобини онлайн режимда мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилади, 2 100 та мелиоратив кузатув қудуқлари автоматлаштирилган мониторинг тизимига ўтказилади, 20 та йирик сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнлари автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилади.
Шунингдек, республика бўйлаб сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш, сувдан белгиланган лимит асосида фойдаланиш ҳамда сувни оператив бошқариш имконияти оширилади, сув манбаларидаги мавжуд сувлардан фойдаланиш самарадорлиги ортишига ва лойиҳа ҳудудларида 2-5 фоизгача сув ресурслари иқтисод қилинишига эришилади.
Сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш ишларига жами 390 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
15. Адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш борасида қўйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилсин:
жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш;
Сўнгги 3 йилда фуқароларга тегишли 4 мингга яқин мулклар терговда хатланган бўлиб, ишни кўриш натижаси бўйича суд томонидан уларнинг атиги 1,3 мингтасига ундирув қаратилган, 2,7 мингта мулк тергов даврида ортиқча хатлангани сабабли, кейинчалик бекор қилинган.
жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш.
Ҳозирда жиноят ишлари судларга фақат айблов хулосаси билан берилади, натижада судьяларда иш билан танишиш жараёнининг ўзида айбловга мойиллик пайдо бўлади. Жиноят процессида томонлар тенглигини таъминлаш мақсадида ҳимоячи фикрини ҳам судга киритиш белгиланади.
Олий суд (Б.Исламов), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов) ва Бош прокуратура (Н.Йўлдошев) мазкур бандда назарда тутилган масалалар бўйича тегишли қонун лойиҳаларининг Давлат дастурида белгиланган муддатларда ишлаб чиқилиб, киритилишини таъминласин.
16. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини “шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун” ғояси асосида ислоҳ қилиш мақсадида:
а) 2023 йил 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилсин;
Йўл-транспорт ҳодисалари йилига 4 мингга яқин ўлим ҳолатлари билан якунланади. Таҳлилларга кўра, тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келади.
Масалан, Тошкент шаҳрида 2022 йилда 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, бу 2021 йилдаги ҳолатлардан (1073) қарийб 130 тага кўп. Ушбу даврда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарини ташкил этади.
б) 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб транспорт воситасининг мулкдорига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказганлиги ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилсин.
Бунда, хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани расмийлаштириш тартиби жорий этилиши белгилансин.
Мазкур механизмлар жазо муқаррарлиги тамойилини рўёбга чиқариш ҳамда транспорт воситаси бошқаруви билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этишда балл тизими жорий этилиши муносабати билан киритилмоқда.
17. Адлия вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати:
Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсияларни ишлаб чиқсин;
Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилиши ҳамда келишилишида амалий ёрдам кўрсатиб борсин;
Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминласин;
мониторинг натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича республика комиссиясига киритиб борсин.
18. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А. Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А. Хаджаев) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А. Кўчимов) мунтазам равишда Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари кенг шарҳлаб борилишини ҳамда унинг мазмун-моҳияти жамоатчиликка тушунтирилишини таъминласин.
19. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Мазкур Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича республика комиссиясига юклансин.
Амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. Мирзиёев
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари
08 02 2023 / 12:25