Сунъий
интеллект иқтисодиёт, таълим ва бошқарув тизимига тобора кўпроқ таъсир
кўрсатмоқда. ICT Week Uzbekistan доирасида мутахассислар технологиялар
тараққиётида ахлоқ меъёрлари ва шаффофлик тамойили сақланиб қолиши учун
давлат сиёсати қандай бўлиши кераклигини муҳокама қилди.
Сунъий
интеллект (СИ) энди шунчаки технология эмас — у замонавий тараққиёт
инфратузилмасининг бир қисмига айланиб, иқтисодиёт, таълим ва бошқарув
тизимига таъсир кўрсатмоқда. Бу соҳадаги давлат сиёсати қандай
тамойилларга асосланиши лозим, технологияларнинг шаффофлиги ва ахлоқ
меъёрларига мослигини қандай таъминлаш мумкин? Тошкентда ўтказилган ICT Week
Uzbekistan 2025 тадбири доирасидаги муҳокамаларда СИни стратегик ривожлантириш
мавзуси марказий ўринни эгаллади. Унда Oxford Insights, Тони Блэр Глобал
ўзгаришлар институти мутахассислари ва хусусий сектор вакиллари иқтисодиёт
ва жамият келажагида технологияларнинг ўрни ҳақида ўз қарашларини тақдим
этди.
Ўзбекистон СИнинг
глобал ривожланиш харитасида
Ҳар йили
давлатларнинг СИни жамият фаровонлиги йўлида қўллашга қай даражада тайёрлигини
баҳолайдиган Oxford Insights`нинг AI Readiness Index маълумотларига кўра, Ўзбекистон барқарор тараққиётни намойиш этмоқда: 2024 йилда
мамлакат 2023 йилга нисбатан 17 поғона юқорига кўтарилиб, 188
та давлат орасида 70-ўринни эгаллади. Ҳозирда республика
Марказий Осиёда биринчи ўринни банд қилиб турибди.
ICT
Week`да намойиш этилган Oxford Insights тақдимотидан.
Oxford Insights директори Ричард Стирлингнинг таъкидлашича,
Ўзбекистон ўз мавқеини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамларни қўйиб улгурди:
·
СИ бўйича аниқ
ишлар режаси, молиялаштириш ва мониторинг механизмини ўз ичига олган Миллий
стратегияни қабул қилди, бу эса стратегияни технологиялар билан
биргаликда ривожлантириш имконини беради;
·
СИ ечимларини
жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиб, давлат даражасидаги рақамли
инфратузилмани ривожлантирмоқда. Бунда IT Park муҳим роль
ўйнамоқда. У хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва маҳаллий
компанияларнинг ўсиши учун қулай шароит яратувчи экотизим ҳисобланади;
·
GPU кластерлари
ва маълумотлар марказларини яратишга инвестиция киритмоқда —
инвестицияларнинг умумий ҳажми тахминан 6,5 млрд долларни ташкил этади;
·
СИ саводхонлигини
ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш дастурларини ишга туширди,
AI Study, One Million Prompters ва давлат хизматчилари учун ўқув
курслари шулар жумласидан;
·
маҳаллий СИ ишланмаларини қўллаб-қувватламоқда — 60 дан ортиқ
пилот лойиҳа аллақачон давлат секторида синовдан ўтказилмоқда.
Мутахассислар,
шунингдек, STEM фанларига йўналтирилган ёш авлодни алоҳида
эътироф этиб ўтди, бу барқарор СИ секторини шакллантиришга ҳисса
қўшади.
Олдиндаги вазифалар
Рейтинг батафсил кўриб
чиқилганда, Ўзбекистон энг юқори баҳони стратегик узоқни кўра билиш нуқтаи
назаридан олганини кўриш мумкин. Сиёсат, технология сектори ва маълумотлар
инфратузилмасида бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар сақланиб қолмоқда:
·
Government & Policy: давлат бошқаруви
соҳасида СИни жорий этиш бўйича давлат хизматчилари учун аниқ амалий
кўрсатмалар ҳозирча мавжуд эмас. Давлат харидлари тизими СИ ишланмаларнинг
жадал суръатларига мослаштирилмаган, тартибга солиш асослари эса ҳали ҳам
шакллантириш жараёнида.
·
Technology & Ecosystem: СИ соҳасида
давлат, илм-фан ва бизнес ўртасидаги ҳамкорлик чекланганлигича қолмоқда.
Тадқиқот ва ишланмаларга (R&D) харажатлар, шунингдек, венчур
инвестициялари паст даражада. Бу барқарор экотизимни шакллантириш
ва маҳаллий инновацияларни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.
·
Data & Infrastructure: ҳисоблаш ресурсларига
кириш имконияти ҳали ҳам чекланган, бу эса кенг кўламли СИ
лойиҳаларини амалга оширишни қийинлаштиради. Вазирликларнинг замонавий
технологиялардан нотекис фойдаланиши кузатилмоқда, давлат сектори ичида
маълумотлар алмашинуви эса тарқоқлигича қолмоқда.
ICT Week
`да намойиш этилган Oxford Insights тақдимотидан.
Oxford
Insights тавсиялари
Ушбу камчиликларни бартараф этиш учун Oxford Insights таҳлилчилари бир
қатор чора-тадбирларни таклиф қилади:
AI Playbook — ходимларга технологияларни масъулият билан қўллашни, ўз вазифалари
доирасида СИни қандай жорий этишни, етказиб берувчилар билан қандай мулоқот
қилишни ва қандай қадамлар қўйишни ўргатиш учун давлат бошқарувида СИдан
фойдаланиш бўйича ягона амалий қўлланмани ишлаб чиқиш.
Миллий СИ экотизимини ривожлантириш — бунда гап R&D соҳасида беш йиллик
мақсадларни белгилаш, GovTech Hub`ни яратиш ҳамда давлат, бизнес
ва илм-фан ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш устида бормоқда.
«Кучли экотизим форумларда эмас, балки ҳар куни —
мулоқот, қўшма лойиҳалар ва тажриба алмашиш орқали шаклланади. Айнан
шу нарса Ўзбекистонда СИнинг барқарор ривожланиши учун асос
бўлади», — дейди Ричард Стирлинг.
Ҳисоблаш ресурслари стратегиясини қабул қилиш узоқ муддатли режа бўлиб, у инвестицияларни
мувофиқлаштириш, инфратузилмани оптималлаштириш ва ўсиб бораётган талабга
чидамлиликни ошириш имконини беради.
«GPU ва маълумотлар марказларига катта сармоя киритилмоқда, лекин
инвестицияларни қаерга йўналтириш ва қувватларни қандай кенгайтиришни тушуниш
учун 3−5 йил олдинни кўра билиш муҳим», — дея қўшимча қилади мутахассис.
Иллюстратив сурат.
Шаффофлик ва очиқ
маълумотлар — ишонч пойдевори
Мутахассисларнинг
фикрича, шаффофлик ва очиқ маълумотлар СИ соҳасидаги
муваффақиятли стратегиянинг асосини ташкил этади. Улар давлат
бошқаруви самарадорлигини оширади, коррупцияга қарши курашда ёрдам беради,
фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлайди ва давлат технологиялардан жамият
фаровонлиги йўлида қандай фойдаланаётганини яхшироқ тушуниш имконини беради.
«Очиқ маълумотлар тизимининг мавжудлиги — муваффақиятли СИ экотизимининг
асосий таркибий қисмидир. Бундан ташқари, буларнинг барчаси ишонч
ва башоратлиликка асосланади, шаффофлик эса ушбу тамойилларни
мустаҳкамлашга ёрдам берадиган энг муҳим омилдир», — дейди Ричард
Стирлинг.
Тони Блэр Глобал
ўзгаришлар институти рақамли технологиялар бўйича катта маслаҳатчиси Калум Хэндфорднинг Gazeta
билан суҳбатда қайд этишича, шаффофлик турлича намоён бўлиши мумкин: СИдан
ҳукумат фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида фойдаланишдан тортиб,
коррупция ва шунга ўхшаш муаммоларга қарши курашишгача. Шунингдек,
у фуқароларга давлат қандай ишлашини ва у уларга қандай фойда
келтиришини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
«Очиқ маълумотлар шунга
ўхшаш афзалликларни беради — масалан, шартномалар ва ҳамкорликнинг
шаффофлигини оширади. Бундан ташқари, улар СИни ривожлантиришнинг муҳим
катализатори бўлиб, ҳам давлат, ҳам хусусий секторда маҳсулот
ва хизматларни яратиш учун асос вазифасини ўтайди», — дея тушунтиради
мутахассис.
Бу, шунингдек, давлатга
бошқа иштирокчиларга фуқароларнинг эҳтиёжларини янада самарали қондириш учун
СИдан фойдаланишда ёрдам бериш орқали рағбатлантирувчи ролини ўйнаш имконини
беради.
Рақамли ечимлар давлат
бошқаруви сифатини оширишнинг муҳим воситасига айланмоқда. Калум Хэндфорднинг
сўзларига кўра, Сингапурда, масалан, 180 идора ва компанияни қамраб олган
2700 дан ортиқ давлат хизматларидан 4 миллион аҳоли фойдаланиши мумкин.
Транзакцияларнинг 95 фоиздан ортиғи онлайн амалга оширилади
ва фуқароларнинг қониқиш даражаси 86 фоизга етади.
Рақамли инклюзия
Рақамли
трансформация — нафақат очиқ маълумотлар ва самарадорлик, балки
технологияларга ким ва қандай кириш имкониятига эга бўлиши масаласидир. Рақамли
даврнинг муаммоларидан бири рақамли инклюзия — СИнинг
ривожланиши ижтимоий тенгсизликни кучайтирмаслиги, аксинча, камайтиришини
таъминлаш бўлиб қолмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон капиталига
эътибор қаратилмаса, ҳатто энг илғор технологиялар ҳам барқарор самара
бермайди.
Технологиялар мисли
кўрилмаган суръатда ривожланмоқда ва СИ кундалик жараёнларга тобора
чуқурроқ сингиб бормоқда: мижозларга хизмат кўрсатишдан тортиб бошқарув
қарорларини қабул қилишгача. Бунинг фонида автоматлаштириш кўплаб касбларни
сиқиб чиқариши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар тобора ортмоқда. Шунинг учун
бугунги кундаги масала нафақат СИдан қандай фойдаланиш, балки одамларни
у билан ёнма-ён яшаш ва ишлашга қандай тайёрлашдир.
Жамият инклюзив ва иқтисодиёт барқарор бўлиши учун асосий рақамли
ва СИ кўникмалари ҳамма учун меъёрга айланиши керак. Бир пайтлар
саводхонлик ва интернетдан фойдаланиш қобилияти ижтимоий фаолликнинг
элементларига айланганидек, бугунги кунда СИ тамойиллари
ва имкониятларини ўрганиш янги фуқаролик компетенциясининг бир қисмига
айланмоқда.
Калум Хэндфорднинг таъкидлашича, асосий СИ кўникмаларини ўргатиш
мактаб ўқувчиларидан тортиб амалдорларгача ҳаммабоп ва турли даражада
бўлиши керак. Унинг сўзларига кўра, рақамли тенгсизликни фақат фойдаланиш
ва имкониятлар тенглигини бир вақтнинг ўзида таъминлаш орқали ҳал
қилиш мумкин. Инсон технологиялардан мустақил равишда фойдалана олмайдиган
жойларда қўллаб-қувватлашнинг ёрдамчи шакллари мавжуд бўлиши керак.
Бироқ рақамли тенглик нафақат фойдаланиш имконияти,
балки ишонч ва фойдаланувчи тажрибаси сифати масаласидир, дея таъкидлайди
Калум. Самарали сиёсат инсон атрофида қурилиши керак — унинг ҳақиқий
чекловларига: нарх, малака етишмаслиги ёки ишончсизликка нисбатан ҳамнафаслик
билан. Ечимлар заиф гуруҳларни жалб қилган ҳолда тегишли жамоалар билан
биргаликда ишлаб чиқилиши керак.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, рақамли инклюзия статик ҳолат эмас.
Қурилмалар эскиради, технологиялар ўзгаради ва фойдаланиш имконияти йўқолиши
мумкин. Шунинг учун рақамли тенгсизликка қарши кураш доимий жараён
ва давлатнинг устувор вазифаси бўлиши керак.
Калум бу йўналишда олдинга силжиб улгурган мамлакатларнинг бир нечта
муваффақиятли мисолларини келтирди:
·
Финляндия. 2018 йилда мамлакатда СИ ҳақидаги билимларни
«демократлаштириш» учун яратилган очиқ таълим дастури — Elements
of AI курси ишга туширилди. Лойиҳанинг мақсади — СИнинг асосий
тушунчалари ва тамойилларини, касб ёки ёшидан қатъи назар, ҳамма учун
тушунарли қилишдир. Иштирокчиларнинг тўртдан бир қисми 45 ёшдан ошган кишилар
бўлиб, битирувчиларнинг умумий сони миллиондан ошди.
·
Жанубий Корея. Рақамли инфратузилманинг юқори
даражасига қарамай, мамлакат амалий кўникмалар етишмовчилигига дуч келди.
Одамлар технологияларни билишса-да, уларни амалда қўлламасди. Шу боис 30
ёшдан ошган, қайта ихтисослашиш ва рақамли касбларни эгаллашни хоҳловчи
катта ёшлиларга мўлжалланган AI Digital 30+ дастури ишга туширилди. Бу
қадам СИ соҳасидаги таълим асосий босқичдан профессионал даражагача кўп
босқичли бўлиши лозимлигини кўрсатди.
·
Сингапур. Мамлакатда AI Trailblazers
Initiative ташаббуси амал қилади. У давлат хизматчиларига
генератив СИ ва «қумдонлар» — янги ечимларни синаб кўриш
муҳитларига кириш имконини беради. Бу амалдорларга технологиялар ҳақида
шунчаки эшитиш эмас, балки уларни амалда «ҳис қилиш» — СИнинг ҳақиқий
ишда, давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва хизматлар кўрсатишда қандай ёрдам
беришини кўриш имконини яратди.
Тил
тўсиғи
Рақамли асрдаги инклюзия — фақат интернетнинг оммабоплиги ёки
кўникмалар эмас, балки технологиялар «сўзлашадиган» тил масаласидир.
TBC Uzbekistan мижозлар тажрибаси йўналиши раҳбари Сергей
Чекалкиннинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бугунги кунда рақамли банкинг
даражаси бўйича минтақада етакчилардан бири ҳисобланади, бироқ тил
тўсиғи асосий муаммо бўлиб қолмоқда. Ўзбек тили глобал СИ платформалари
қийин ишлайдиган «кам ресурсли» тиллар тоифасига киради. Бир иборада ўзбек
ва рус тилларининг аралашиб кетиши, шунингдек, шунингдек, икки
алифбо — кирилл ва лотин алифбосидан фойдаланиш вазиятни
мураккаблаштиради.
Ушбу чекловларни
бартараф этиш учун TBC ўз тил моделларини ишлаб чиқмоқда. Уларга ҳар иккала
алифбони ўргатиб, жонли сўзлашув нутқига мослаштирмоқда.
«Лекин ўзбек тилидаги
маълумотлар ҳали ҳам етарли эмас, бу эса мамлакатда СИни ривожлантириш
учун асосий тўсиқ ҳисобланади», — дея тан олди Чекалкин.
Шунга қарамай, ижобий
ўзгаришлар аллақачон кўзга ташланмоқда. Яқинда «Яндекс» Алисанинг ўзбек
тилидаги овозли ёрдамчисини ишга туширди ва олдиндан 12 миллиондан ортиқ
веб саҳифаларни таржима қилди: Wikipedia`дан Stack Overflo`гача.
«Бугунги кунда илм-фан ва технологияларнинг асосий тили — инглиз
тили. Лекин она тилимизда СИ моделларини яратиш орқали биз миллионлаб
одамларга энг сўнгги маълумотларга кириш ва ўзларини глобал рақамли маконнинг
бир қисми сифатида ҳис қилишга ёрдам берамиз», — дейди Yandex мобил
дастурлаш бўлими раҳбари Геннадий Евстратов.
Сиёсий масъулият ва технология
этикаси
Бугунги кунда энг йирик
рақамли экотизимларни бошқариш саноқли корпорациялар ва уларнинг
раҳбарлари қўлида тўпланган. Бир нечта компаниялар томонидан қабул қилинган
қарорлар миллиардлаб одамларнинг қандай маълумот олиши, мулоқот қилиши, ишлаши
ва ўрганишини белгилайди. Таъсир кучининг бундай марказлашуви рақамли кун
тартибини шакллантиришда давлатнинг сиёсий масъулияти ва роли
масаласининг аҳамиятини оширади.
Мутахассисларнинг
фикрича, ҳукуматлар нафақат технологияларнинг жадал ривожланишига мослашиши,
балки шаффофлик, адолат ва жамоат манфаатларини ҳимоя қилишни
таъминлайдиган қоидаларни ҳам белгилаши керак.
СИнинг ижтимоий ва
иқтисодий жараёнларга таъсири тобора ортиб бораётган даврда стратегик
ва ахлоқий жиҳатдан пухта қарорлар қабул қила оладиган етакчиларни
тайёрлаш асосий муаммолардан бирига айланмоқда.
«Биз бенуқсон ишлайдиган технологияни яратишимиз мумкин, лекин ахлоқий
тамойилларсиз у жамиятга амалда фойда келтирмайди», — дейди Калум
Хэндфорд.
Унинг сўзларига кўра,
айнан етакчилар СИ экотизими ривожлантириладиган чегараларни
шакллантиради. Уларнинг тамойиллар ва устуворликларни қанчалик
аниқ белгилашига нафақат технологияларни жорий этиш самарадорлиги, балки жамоатчилик
ишончи даражаси ҳам боғлиқ.
«СИнинг хатолари
муқаррар. Бироқ агар жамият жараённи бошқараётганларга ишонса,
бу хатоларни ривожланишнинг бир қисми сифатида қабул қилишга тайёр бўлади.
Ишонч йўқотилса, кейинчалик уни тиклаш жуда қийин», — дея қўшимча қилади
эксперт.
Кўплаб
мамлакатларда ахлоқий меъёрлар нафақат тартибга солиш
воситаси, балки рақобатбардош устунликнинг элементига айланмоқда.
Масалан, Сингапур СИни тартибга солиш бўйича ўз ёндашувларини фаол илгари
сурмоқда, Европа Иттифоқида эса ишонч ва шаффофликни мустаҳкамлашга
қаратилган СИ тизимларини сертификатлаш ва баҳолаш саноати
шаклланмоқда. Аста-секин етакчиликнинг янги модели шаклланмоқда — бунда
технологияларнинг ривожланиши нафақат жорий этиш тезлиги ва кўлами билан, балки
уларнинг инсонийлик ва ижтимоий масъулият тамойилларига қанчалик мос
келиши билан ҳам баҳоланади.
Инновация
ва хавфсизлик мувозанати
Технологияларнинг
ривожланиши фойдаланувчиларнинг ишончи ва ҳимояси масалалари
билан узвий боғлиқ. Мутахассисларнинг таъкидлашича, инновацияларни жорий этиш
тезлиги ва маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ўртасидаги мувозанатни
топиш муҳим аҳамиятга эга.
«Биз „муросасиз“ деб атайдиган тамойилларни, яъни маълумотлар махфийлиги,
хавфсизлик ва мақбул технологик сиёсатнинг асосий стандартларини бошиданоқ
жорий этиш керак», — дея тушунтиради Калум Хэндфорд.
Бугунги кунда «дизайн
хавфсизлиги» ёндашуви «дизайн барқарорлиги» тушунчасига
айланиб, технологияларни яратишнинг барча босқичларида — лойиҳалашдан
тортиб то амалга оширишгача — ишончлилик ва шаффофликни
ўрнатишни назарда тутмоқда.
Фойдаланувчилар билан
хизматларни одамларнинг реал эҳтиёжларига мослаштириш ва рақамли ечимларга
ишончни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган очиқ мулоқот ўрнатиш
ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистоннинг
истиқболдаги йўналиши
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга СИни ривожлантиришдаги
ўрнини яхшилашга ёрдам берадиган кўплаб қадамлар қўйилмоқда. Кейинги 3−5 йил
учун асосий вазифа — стратегияни амалга ошириш: аниқ мақсадлар
ва тамойиллар амалда ўз ифодасини топиши муҳим.
Кейинги босқич — инновацияларни иқтисодиётга интеграция қилиш ва экспортни
рағбатлантириш. Вазирнинг форум очилишида таъкидлаганидек, инновацияларнинг
асосий самарадорлик кўрсаткичи — экспорт. 2030 йилга қадар бу
кўрсаткични 5 млрд долларга етказиш мақсад қилинган.
«Агар сиз моделни ҳаётга татбиқ эта олсангиз ва изчил амалга оширишга
эътибор қаратсангиз, барқарор ўсишга эришасиз», — дея хулоса қилади Ричард
Стирлинг.
«Gazeta»
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари
24 10 2025 / 11:14