Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Иқлим ва сув ресурслари мориторинги аграр сиёсатни режалаштиришга қандай ёрдам беради? Эксперт фикри


Улашиш :


Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги қишлоқ хўжалигини тобора кўпроқ хавф остига қўймоқда. Мутахассислар иқлим ва сув ресурслари ҳақидаги аниқ маълумотларсиз аграр сиёсатни режалаштириш имконсизлиги ҳамда мониторинг давлат ва фермерларга янги шароитларга мослашишда қандай ёрдам бериши ҳақида.

Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва кучайиб бораётган сув танқислиги муаммоси қишлоқ хўжалиги барқарорлигини тобора хавф остига қўймоқда. Бундай шароитда давлатларга аграр сиёсат ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида қарорлар қабул қилиш учун иқлим ва табиат ўзгаришлари тўғрисида аниқ маълумотлар зарур.

Шундай ёндашувлардан бири — иқлим ва сув ресурслари мониторинги тизимларини ривожлантиришдир. Бу табиий жараёнларга асосланиб самарали бошқарув қарорлари қабул қилиш имконини беради. Иқлим ва табиий ресурслар мониторингига бағишлаб Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) ўтказилган илмий-амалий семинарда Ўзбекистон ва Япония олимлари, давлат тузилмалари ва илмий ташкилотлар вакиллари шу ҳақда сўз юритди. Gazeta мухбири тадбирда бўлиб, унда тилга олинган энг муҳим тезисларни келтирди.

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири бўлиб қолмоқда. Жаҳон банки ва Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2017−2019 йилларда аграр секторда барча банд аҳолининг чорак қисми меҳнат қилган ва соҳа мамлакат ялпи ички маҳсулотига сезиларли улуш қўшган.

Оролбўйи минтақаси иқлим хавфларига айниқса заиф бўлиб қолмоқда. Қорақалпоғистонда, 2018 йил маълумотларига кўра, барча банд аҳолининг 27 фоизга яқини қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида фаолият юритади. Бу эса минтақа иқтисодиёти сув ресурслари ва иқлим шароитларига бевосита боғлиқ эканини англатади.

Орол инқирозининг оқибатлари — экотизимларнинг емирилиши, тупроқнинг шўрланиши ва сув танқислиги — ўнлаб йиллар давомида минтақа ривожланишини белгилаб келган. Бугунги кунда эътибор оқибатларни бартараф этишдан аста-секин узоқ муддатли ечимларни топишга кўчмоқда. Бунда ечимлар иқлим ўзгаришига мослашиш ва илмий маълумотларга асосланган хавфларни бошқаришга қаратилган бўлиши лозим.

Шундай ечимлардан бири Оролбўйи минтақасида сув ресурслари, иқлим ва барқарор қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-технологик ечимларни ривожлантиришга қаратилган SATREPS BLUE лойиҳаси бўлди. У Ўзбекистон Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан биргаликда SATREPS-2020 (Science and Technology Research Partnership for Sustainable Development) халқаро дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида мониторингнинг бир нечта йўналишлари ишлаб чиқилмоқда ва синовдан ўтказилмоқда: реал вақт режимида қуёш радиацияси ва қурғоқчиликни кузатиш, сунъий йўлдош ва ер усти маълумотларидан фойдаланган ҳолда қум ва чанг бўронларини, шунингдек, Орол денгизи ҳавзасидаги сув ресурсларини назорат қилиш. Ушбу воситалар иқлим рискларини ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги ва сувдан фойдаланишга таъсирини комплекс баҳолаш имконини беради.

SATREPS BLUE лойиҳаси ўзбек ва япон олимларининг қўшма тадқиқотларига асосланган бўлиб, илмий жамоаларни бирлаштириш ва технологиялар алмашишга қаратилган, дейди Киото университети илмий ходими Темур Хўжаназаров. Лойиҳада Япония томонидан 11 та университет, шунингдек, Ўзбекистон томонидан Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан мувофиқлаштириладиган 11 та таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари иштирок этмоқда.

Икки мамлакат олимлари метеорология, гидрология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Японияда йиллар давомида қўлланиб келинаётган кузатув ва таҳлил технологиялари Ўзбекистонга «ноу-хау» сифатида ўтказилмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш йўлга қўйилган: ҳар йили Японияда тренинглар ва стажировкалар уюштирилади.

Сув ресурсларини баҳолашда мониторингнинг аҳамияти

Темур Хўжаназаровнинг сўзларига кўра, мавжуд аграр стратегиялар кўп жиҳатдан ўтмишдаги сув ресурслари ҳажмига таянади, бироқ иқлим ўзгариши шароитида бу ресурслар энди кафолатланмаган. Шу билан бирга, сув ресурсларининг мавжудлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, қайси экинларни ва қандай муддатларда етиштириш кераклиги давлат томонидан олдиндан белгилаш амалиёти сақланиб қолмоқда.

«Бизда катта ҳажмда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар — пахта, сабзавотлар, мевалар етиштирилади. Улар учун маълум миқдорда сув керак, бу эса бугунги кунда иқлим омиллари ва трансчегаравий сувдан фойдаланиш билан боғлиқ сиёсий сабаблар туфайли мавжуд бўлмаслиги мумкин», — дея тушунтиради у.

Бундай шароитда, мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳақиқий сув балансини тушуниш муҳим аҳамият касб этади.

«Керакли миқдордаги сув мавжуд бўлиш-бўлмаслигини юз фоиз билмаймиз, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам далаларга экин экилаверади. Иқлим ўзгариши шароитида бу жиддий хавфга айланади. Ихтиёримизда қанча ҳажмда сув мавжудлигини билиб, қайси экинларни ва қайси ҳудудларда барқарор етиштириш мумкинлигини аниқлаш мумкин. Фақат аниқ иқлимий ва гидрологик маълумотлар асосидагина давлат органлари мувозанатли аграр стратегияни ишлаб чиқа олади», — дея хулоса қилади Хўжаназаров.

Семинарнинг мақсади ҳам айнан шу эди — иқлим ва табиий жараёнлар тўғрисида долзарб маълумотларни олиш имконини берувчи сунъий йўлдош ва бошқа маълумотларни муҳокама қилиш ҳамда уларни тўплаш ва узатиш учун ягона платформани ривожлантириш.

Асосий йўналишлардан бири қуёш радиацияси мониторинги бўлди. Бу маълумотлар тахминан ҳар 15 дақиқада келиб тушади ва сув ресурсларини баҳолаш учун муҳим аҳамиятга эга.

«Қуёш радиацияси Марказий Осиёдаги асосий сув манбаи бўлган қор ва музликларнинг эриш жараёнларига, демак, сув оқимининг шаклланишига бевосита таъсир кўрсатади. Агар биз бу параметрни нотўғри баҳоласак, қанча сув бўлишини аниқ айтолмаймиз», — дейди Темур Хўжаназаров.

Унинг сўзларига кўра, ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бундай маълумотлардан тўғри фойдаланилганда, сув оқимининг гидрологик моделлари сув оқими ҳажмини етарлича аниқ баҳолаш имконини беради — ҳатто бундай ҳисоб-китобларни амалга ошириш айниқса қийин бўлган мураккаб тоғли ҳудудларда ҳам . Шу билан бирга, қуёш радиацияси мониторингини энергетика соҳасида ҳам қўллаш мумкин. Ушбу маълумотлар асосида яқин соатлар ва кунлар учун қуёш энергияси салоҳиятини башорат қилиш имкони туғилади, бу эса истеъмолнинг энг юқори нуқталарини ҳисобга олган ҳолда энергия тизимларини мувозанатлашни осонлаштиради.

Хўжаназаровнинг таъкидлашича, лойиҳада қўлланиладиган технологиялар дастлаб Япония учун ишлаб чиқилган. Улар об-ҳавони доимий кузатиш ва тайфунларни кузатиш учун ишлатиладиган «Himavari» геостационар сунъий йўлдоши маълумотларига асосланади.

«Ушбу маълумотлар асосида Японияда машинали ўқитиш ва сунъий интеллект усулларидан фойдаланган ҳолда қуёш радиациясини баҳолаш технологияси ишлаб чиқилган. Лойиҳа доирасида биз ушбу ёндашувни Марказий Осиё шароитига мослаштирганмиз ва Европа сунъий йўлдошлари маълумотларидан фойдаланамиз», — дея тушунтиради эксперт.

Унинг сўзларига кўра, Европа сунъий йўлдошларининг аниқлик даражаси нисбатан паст эканига қарамай, моделларни мослаштириш ва ўқитишдан сўнг, қуёш радиацияси бўйича олинган маълумотлар аниқлиги бўйича дунёдаги энг яхши мавжуд манбалар билан таққосланади, метеостанциялардаги тўғридан-тўғри ер усти ўлчовлари бундан мустасно.

Илмий маълумотлар қандай қилиб ва нима учун амалий тавсияларга айлантирилади?

Темур Хўжаназаровнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири мураккаб илмий маълумотларни тушунарли ва амалий фойдаланиш учун фойдали қилишдир.

«Гидрология ва метеорология — илм талаб қиладиган соҳалар. Сув ҳажмларини ҳисоблаш учун физик жараёнлар ва кўп сонли параметрларни ҳисобга олиш керак. Лекин фермерлар ва илм-фанга алоқаси бўлмаган одамлар учун бошқа нарсани тушуниш муҳим: қанча сув бўлиши, об-ҳаво иссиқроқ ёки совуқроқ келиши ва қандай шароитлар кутилаётгани», — деди у.

Муаммо асосан шундаки, илмий тадқиқотлар камдан-кам ҳолларда якуний фойдаланувчиларга тушунарли шаклда етиб боради. Шунинг учун лойиҳа доирасида маълумотларни мослаштириш — мураккаб ҳисоб-китобларни қарор қабул қилишда фойдаланиш мумкин бўлган оддий ва амалий тавсияларга айлантириш устида иш олиб борилмоқда.

«Бизнинг вазифамиз — Орол денгизи ҳавзасида қанча сув ресурси борлигини аниқроқ баҳолаш ва улардан фойдаланишнинг мумкин бўлган сценарийларини таклиф қилиш. Биз қарорларни белгилай олмаймиз, лекин илмий асосланган маълумотларни тақдим этишимиз, улар асосида давлат ва бошқа манфаатдор томонлар келишиб, режалаштириши мумкин», — дейди эксперт.

Ўзбекистон агробизнес ассоциацияси ва Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши бу борадаги амалий қадам бўлди.

Агробизнес ассоциацияси бутун мамлакат бўйлаб 30 мингга яқин фермерларга ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатади ва аллақачон гидрометеорологик маълумотларни узатиш учун рақамли воситалардан фойдаланмоқда. Хусусан, об-ҳаво маълумотлари ва асосий маълумотлар @agro_meteo_bot Telegram-канали орқали фермерларга тақдим этиб борилади.

Ўзбекистон Агробизнес ассоциацияси раиси Камолиддин Икромов таъкидлаганидек, ГМИТИ доимий равишда прогнозларни ҳисоблаш ва аниқ жойлашувлар кесимида маълумотларни узатиш учун зарур инфратузилма ва ҳисоблаш қувватларига эга. Келгусида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда тизимнинг функционал имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган — жумладан, тупроқ намлигини баҳолаш, экиш муддатлари бўйича тавсиялар бериш ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда экинларни танлаш каби имкониятлар қўшилади.

Унинг фикрича, илмий ишланмаларни бундай платформаларга интеграция қилиш тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этишни тезлаштириш ва иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалигининг барқарорлигини ошириш имконини беради.

Gazeta.uz


Улашиш :



Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

26 01 2026 / 16:12