Ўзбекистон тарихида қишлоқ хўжалиги илк бор рўйхатга олинмоқда. Унда
фуқароларга тармоққа оид 17 та савол бериляпти. 28 февраль куни
якунланадиган ушбу тадбир нимаси билан аҳамиятли, бу жараён нега аҳолини
рўйхатга олиш тадбири билан бирга ўтказиляпти? Gazeta экспертлар билан шу ҳақда
суҳбатлашди.
Ўзбекистон тарихида қишлоқ хўжалиги биринчи марта
рўйхатга олинмоқда. Ушбу жараён 2026 йилнинг 15 январидан 28 февралига қадар
аҳолини рўйхатга олиш тадбири доирасида бўлиб ўтмоқда. Бунда фуқароларга жами
71 та саволга берилаётган бўлса, шундан 17 таси қишлоқ хўжалигига
тааллуқли. Хўш, қишлоқ хўжалиги нима учун рўйхатга олиняпти, бу жараён
нега аҳолини рўйхатдан ўтказиш тадбирига қўшилди, бунда қайси тоифадаги
хўжаликлар қамраб олинмоқда, қишлоқ хўжалиги тўғрисида тўпланган маълумотлар
келгусида нималарга таъсир кўрсатади? Gazeta мухбири Миролим Исажонов
шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида халқаро экспертлар ҳамда маҳаллий
масъуллар билан суҳбатлашди.
«Ўзбекистонда илк бор рўйхатга олиняпти»
Миллий статистика қўмитаси вакили Мадина Йўлдошеванинг сўзларига
кўра, қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш дунё амалиётида илк марта 1840 йилда
АҚШда аҳолини рўйхатга олиш доирасида амалга оширилган.
«Кейинчалик мустақил статистик
тадбир сифатида шаклланиб, кўплаб мамлакатларда жорий этилган. Бугунги кунда
халқаро ташкилотлар тавсияларига мувофиқ, қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш қоида
тариқасида ҳар 10 йилда бир маротаба ўтказилади ҳамда аграр соҳани
ривожлантириш учун асосий статистик манба ҳисобланади», — дейди у.
«Охирги
йилларда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш Польша, Италия, Испания, Франция каби
Европа мамлакатлари, шунингдек, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон,
Арманистон ва Молдова сингари МДҲ давлатларида халқаро тавсиялар асосида
ўтказилди», — дея қўшимча қилди Йўлдошева.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Европа
ва Марказий Осиё минтақаси бўйича эксперти Георгий Квиникадзе ҳам
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги биринчи марта рўйхатга олинаётганини таъкидлади.
«Собиқ иттифоқ даврида мамлакатда
аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилган бўлса-да, бу баъзи йилларда
айрим йўналишларда, масалан, чорва молларининг ҳисобини олиш, айрим экин
турлари майдонларини аниқлаш учун амалга оширилган. Аммо бундай статистик
ўрганишлар соҳа таркиби бўйича батафсил маълумотлар олиш имконини бермайди», —
дейди Квиникадзе.
Мадина Йўлдошеванинг айтишича, қўмита томонидан 2023 йилда Паркент
ва Жомбой туманларида қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш саволномаси ҳамда
методологияси пилот сифатида синовдан ўтказилган.
«Унда фақат
рўйхатга олиш тадбирлари учун тайёрланган методология ва саволлар синовдан
ўтказилиб, аҳолининг қабул қилиш даражаси ўрганилган. Саволнома кенгроқ бўлган,
ҳар бир хўжалик бўйича алоҳида саволлар тайёрланган. Ҳатто қишлоқ хўжалиги
техникалари тўғрисидаги маълумотлар ҳам бор эди. Фуқаролар берган жавоблар ҳеч
қаерда эълон қилинмаган. 2026 йилда эса Ўзбекистон тарихида биринчи марта
қишлоқ хўжалиги рўйхатга олиняпти», — дейди Йўлдошева.
Маълумот
йиғишнинг қандай усуллари бор?
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги
ташкилоти (ФАО)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий
ваколатхонаси эксперти Расмия Алиевага кўра, қишлоқ хўжалигини
рўйхатдан ўтказишда маълумот йиғишнинг бир қанча усуллари мавжуд. Жумладан:
·
Қоғоз ва
қаламдан фойдаланган ҳолда интервью ўтказиш (PAPI) — бу анъанавий
усул бўлиб, унда рўйхатдан ўтказувчилар респондентлар билан суҳбат ўтказади
ва маълумотлар қоғоз рўйхатга олиш варақалари ёрдамида тўпланади;
·
Компьютердан
фойдаланган ҳолда шахсан интервью ўтказиш (CAPI) — ушбу усулда рўйхатдан
ўтказувчи респондент билан чўнтак компьютери, планшет, ноутбук ёки смартфон
каби мобил қурилмалардаги электрон рўйхатга олиш варағидан фойдаланган ҳолда
суҳбат ўтказади ва у ерга жавобларни ёзади;
·
Компьютердан
фойдаланган ҳолда телефонда интервью ўтказиш (CATI) — мазкур усул телефон
орқали маълумот олиш имконини беради. Бунда оператор масофадан туриб,
саволларни ўқиб беради ва компьютердаги рўйхатга олиш варағини тўлдиради;
·
Тармоқда
компьютер воситасида ўзидан ўзи интервью олиш (CAWI) — интернет тармоғида
респондентлар томонидан хавфсиз усулларни қўллаган ҳолда тўлдирилган рўйхатга
олиш варақлари ёрдамида маълумотларни йиғиш усули;
·
Мухбирлик
усули — рўйхатга олиш варақларини почта орқали респондентларга юбориш,
улар томонидан варақларни тўлдириш ва почта орқали қайта юборишни назарда
тутувчи ўзини ўзи рўйхатдан ўтказиш усули;
·
Топшириш ва
қабул қилиш усули — бунда рўйхатга олиш шакли ҳисобчи томонидан
респондентнинг манзилига қолдирилади ва респондент уни тўлдиргандан сўнг
почта орқали юбориши ёки кейинроқ ҳисобчи олиб кетиши мумкин.
«Ўзбекистонда
юқорида санаб ўтилганлардан CAPI ва CAWI усуллари танлаб олинди. Чунки
улар тез ва нисбатан камроқ харажат эвазига зарурий маълумотларни йиғиш
имконини беради. Мазкур усулларни қўллаш учун Миллий статистика қўмитаси
Ўзбекистоннинг ўзига хос шароитларига мослаштирилган дастурий маҳсулотларини
яратди. Қолаверса, мамлакатда юридик шахслардан маълумотлар йиғиши учун CAWI
усули бўйича тажриба мавжуд», — дейди Расмия Алиева.
Унинг қайд этишича, ФАО ҳар 10 йилда
бир марта дунёнинг барча мамлакатлари учун Бутунжаҳон қишлоқ хўжалигини
рўйхатга олиш дастурини тақдим этади, бу мазкур тадбирнинг асосий ҳужжати
ҳисобланади.
«Ўзбекистонда
биринчи марта ўтказилаётган қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик
2016−2025 йилларни қамраб олган 2020 дастури доирасида амалга оширилди. Дала
(жойлардаги) ишлари муддатининг кўчирилиши муносабати билан рўйхатга олиш
2026−2035 йиллар даврига тўғри келса-да, 2030 дастури ФАО томонидан шу йилнинг
бошида чиқарилади», — дея қўшимча қилди Алиева.
Бу тадбир
нима учун муҳим?
ФАО эксперти Расмия Алиеванинг
сўзларига кўра, мазкур жараён кичик маъмурий бирликлар бўйича мамлакатда қишлоқ
хўжалигининг ҳолати, соҳадаги жараёнлар ёки таркибий узилишларни аниқлаш ҳамда
мумкин бўлган таъсир кўрсатиш йўналишларини белгилаш имконини беради.
«Рўйхатга олиш натижаларидан жорий
статистика учун асос сифатида фойдаланилади. Шунингдек, соҳага инвестиция,
маълумотлар билан асосланган бизнес ечимларни йўналтириш сиёсатини белгилашда
ҳам аҳамияти юқори бўлади. Кўпинча фойдаланувчилар ўз эҳтиёжларини қишлоқ
хўжалигининг маълум бир тармоқларидаги чуқур тадқиқотларда деб билади. Бундан
ташқари, рўйхатга олишга батафсил танланма тадқиқотлар учун умумий маълумотлар
тўплами сифатида қарайди», — дейди БМТ вакили.
«Ҳар қандай соҳада бирон-бир
тадбирни режалаштириш учун аниқ маълумотлар базаси, яъни асос керак. Содда қилиб айтганда, манзара аниқ
бўлиши лозим. Шундагина режа тўғри, натижали ва самарали бўлади. Биринчи
навбатда, рўйхатга олиш натижалари келгусидаги аграр сиёсатни, соҳани
ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Иккинчидан, ҳукумат ва масъул ташкилотлар олдида мамлакат озиқ-овқат
хавфсизлигини таъминлашдек муҳим вазифа туради. Буни амалга оширишда ҳам қишлоқ
хўжалигини рўйхатдан ўтказишнинг аҳамияти катта», — дея қўшимча қилди
Квиникадзе.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлим
бошлиғи Жавлон Холиқовнинг таъкидлашича, ушбу жараён орқали
қишлоқ хўжалиги бўйича таҳлилий маълумотлар базаси шаклланади.
«Бизда қишлоқ хўжалиги
маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар сони жуда кўп. Фермерлар ва юридик
шахслар қишлоқ хўжалиги бўйича ҳисобот беради, аммо уй хўжаликлари ҳеч қаерга
маълумот тақдим этмайди. Маҳалла фуқаролар йиғини раислари ўз ҳудудига
тааллуқли умумлаштирилган ҳисоботни беради, холос. Рўйхатга олиш тадбири
натижасида уй хўжаликлари, кичик ишлаб чиқарувчиларнинг ер майдонлари,
ишлаб чиқариш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ йиғилади. Уларнинг
қай даражада сув билан таъминлангани, қандай ўғитлардан ва ердан қанчалик
самарали фойдаланаётгани, учраётган қийинчиликларию қандай инфратузилмага
эҳтиёжи борлиги ойдинлашади», — дейди Холиқов.
Мадина Йўлдошеванинг айтишича,
мазкур тадбирдан мақсад — Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги вазият
ва ер фондига аниқлик киритиш.
«Рўйхатга олиш жараёнида
ер майдонлари ва улардан фойдаланиш ҳолати ҳамда мақсадлари,
етиштирилаётган экин турлари, уй ҳайвонлари, суғориш манбалари ва хўжалик
юритиш шакллари бўйича батафсил маълумотлар йиғилади. Бу эса қишлоқ хўжалиги
салоҳиятини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга тааллуқли
давлат дастурларини яратишга муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари,
микро маълумотлар йиғилиб, бутун маҳалла ҳақидаги умумий картинани кўрсатиб
беради. Қайси маҳаллада нималар етиштирилаётганига қараб, маҳалла драйверларига
аниқлик киритилади», — дея қўшимча қилди Йўлдошева.
Нега аҳоли
ва қишлоқ хўжалиги бирга рўйхатдан ўтказиляпти?
Жавлон Холиқов аҳоли ва қишлоқ
хўжалигини рўйхатдан ўтказиш тадбирларининг бирлаштирилиши вақт ҳамда харажатга
боғлиқ эканини айтди.
«Агар иккиси ҳам
алоҳида-алоҳида ташкил этилса, бу давлат бюджетига жуда катта юк бўлади. Яъни волонтёрлар, кузатувчилар ва
рўйхатдан ўтказувчиларни жалб қилиш ҳамда онлайн рўйхатдан ўтиш учун дастурлар
яратишга икки мартадан маблағ сарфланади. Бундан ташқари, саволномани тўлдириш
30−40 дақиқа вақт олади. Шу сабабли саволлар сараланиб, 17 та энг
муҳими танлаб олинди. Бунда, албатта, хорижлик экспертлар билан
келишилди», — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассиси.
ФАО эксперти Расмия Алиевага кўра,
Беларусь (2019 йил), Грузия (2014 ва 2024 йиллар), Канада (2001
ва 2011 йиллар), Сербия (2002 йил), Уганда (2002 йил) каби мамлакатларда
қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш жараёни аҳолини рўйхатга олиш билан бир
вақтда ташкил этилган.
«ФАО бундай ёндашувни истисно
қилмайди, танлов мамлакатдаги ҳолатга боғлиқ. Одатда танлаб олинган ёндашув
рўйхатга олиш муддатлари, харажатлар, тадбирни ташкил қилиш, маълумот йиғиш
усуллари, шунингдек, мувофиқлаштиришнинг мавжуд механизмларига боғлиқ. Ҳар
қандай ҳолатда ФАО халқаро стандартларга мос келадиган атамалар, тушунча
ва классификациялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратади», —
дейди Алиева.
Қайси
тоифадаги хўжаликлар рўйхатга олиняпти?
Георгий Квиникадзенинг қайд этишича,
рўйхатга олиш жараёнига барча тоифадаги хўжаликлар қамраб олинмоқда. Тадбир
натижалари ҳар бир тоифа ва улар ўртасидаги асосий фарқларни батафсил
тавсифлашда жуда муҳим ҳисобланади.
«Ҳамма
тоифадаги хўжалик юритиш шаклларини қамраб олиши лозим. Чунки бусиз тўлақонли
маълумот шакллантириб бўлмайди. Бугун Ўзбекистонда фермер хўжаликлари, деҳқон
ва томорқа хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари, соҳага ихтисослашган
илмий-тадқиқот институтларининг тажриба хўжаликлари, бир қатор йирик корхона
ва ташкилотларнинг ёрдамчи хўжаликлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши
билан шуғулланади», — дейди у.
«Уларнинг асосий фарқи
ер майдонлари ўлчамлари ва ердан фойдаланиш шартларида. Масалан,
фермер хўжаликларига ер майдонлари узоқ муддатли ижарага берилса, томорқа
хўжаликлари ердан умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан фойдаланади. Хўжалик
шаклларининг ҳаммаси аҳамиятли ва ўз ўрнига эга. Мисол учун, статистика бўйича
томорқа ва деҳқон хўжаликлари чорвачилик маҳсулотларининг асосий қисмини
етиштириб берса, фермер хўжаликларининг бошоқли дон, пахта хомашёсини ишлаб
чиқаришдаги улуши юқори», — дейди Георгий Квиникадзе.
«Рўйхатга
олиш жараёнида барча тоифадаги хўжаликлардан чорва моллари, паррандалар
ва уларнинг турлари, асалари уялари ва иссиқхоналар сонига ҳам
аниқлик киритилади. Шу маълумотлар асосида аҳолининг гўшт маҳсулотлари
билан таъминланишига оид кўрсаткичлар ҳисоб-китоби юритилади», — дея
қўшимча қилди Мадина Йўлдошева.
Рўйхатга
олиш натижалари нималарга таъсир кўрсатади?
БМТ вакили Расмия Алиевага кўра,
қишлоқ хўжалигида рўйхатдан ўтказиш аграр сиёсат мақсадлари учун муҳим таркибий
маълумотлар олиш имконини беради.
«Шу сабабли
асосан хўжаликнинг ҳажми, ерга эгалик қилиш шакли, ердан фойдаланиш, қишлоқ
хўжалиги экинлари майдонлари, суғориш, мол бош сони, ишчи кучи, техника
ва бошқа қишлоқ хўжалиги ресурсларидан фойдаланиш каби хўжаликларнинг
ташкилий таркиби тўғрисида маълумотлар йиғилади. Одатда бу тадбирга йилдан
йилга ўзгариб турувчи маълумотлар, масалан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ёки
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари сингари маълумотлар киритилмайди», —
дейди у.
«Қишлоқ хўжалигини режалаштириш
ва сиёсатни ишлаб чиқиш жараёни ҳақиқий маълумотларга асосланиши лозим,
бу статистика тизимига кучли боғлиқ бўлади. Қишлоқ хўжалигида рўйхатдан
ўтказиш озиқ-овқат хавфсизлиги ва гендер масалалари каби бир қатор муҳим
соҳаларда бу жараёнга ўзининг муҳим ҳиссасини қўшади», — дейди Расмия
Алиева.
Унинг қўшимча қилишича, қишлоқ
хўжалигини рўйхатга олиш давомида қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ерга қандай
эгалик қилаётгани, шунингдек, мамлакатда қишлоқ хўжалиги ерларининг таркиби
ва тақсимланиши таҳлили учун турли зарурий маълумотлар тўпланади.
«Бундай
таҳлил мақсадлари учун хўжаликлар ҳажми, ердан фойдаланиш ва ерга эгалик
қилиш шакллари тўғрисида рўйхатга олиш маълумотлари биринчи навбатда зарур
бўлади. Таҳлил турли нуқтаи назарлардан амалга оширилиши мумкин. Масалан,
хўжалик раҳбарининг ёши ва жинси, ишлаб чиқаришнинг асосий йўналиши,
эгасининг юридик мақоми, ердан фойдаланиш турлари, етиштирилган қишлоқ хўжалиги
экинлари, хўжаликнинг ўртача ва умумий қишлоқ хўжалиги майдонлари,
хўжаликда қўлланилаётган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш усуллари. Ушбу
маълумотлар аниқ мақсадли гуруҳлар — ёш фермерлар, хўжаликлар эгаларининг
эҳтиёжларини қондириш, ер майдонлари ҳажмларини йириклаштириш ва ҳоказолар
учун сиёсат ва дастурлар тадбирларини шакллантириш ҳамда мониторинг қилиш
қилиш имконини беради», — дейди БМТ вакили.
Георгий Квиникадзенинг айтишича,
мамлакат аграр сиёсатини шакллантиришда аҳолини рўйхатга олишнинг аҳамияти жуда
юқори. Бу орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдаги
салоҳиятига аниқлик киритилиб, стратегия ва бошқарув қарорлари ишлаб
чиқишда ҳам асқатади.
«Мамлакатлар ҳукуматлари олдида ўта
муҳим вазифа бор, бу — озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш. Аҳолининг турли
ёш гуруҳлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ҳақиқий эҳтиёжини
билиш ва мавжуд эҳтиёж асосида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини
режалаштириш муҳим аҳамият касб этади. Рўйхатга олиш натижаларидан қайси экин
турлари майдонларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, қайси
ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳажми талабни қондира олмайди, бу муаммони ҳал
қилиш учун қандай чоралар кўриш керак, деган саволларга жавоб олса бўлади», —
дейди ФАО эксперти.
Расмия Алиеванинг маълум қилишича,
қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш қуйидаги режалаштириш ва сиёсатни
ишлаб чиқиш соҳаларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади:
1. Қишлоқ хўжалигини ишлаб чиқариши ва
иқтисодий ўсиши учун инвестицияларни рағбатлантириш. Ердан фойдаланиш шакли, меҳнат
харажатлари, қишлоқ хўжалиги учун яроқли фойдаланилмаётган ерлар, хўжаликларга
тўғри келадиган қишлоқ хўжалиги экинларининг ўртача майдони, хўжаликларга тўғри
келадиган ўртача чорва ҳайвонлари бош сони, кредит олиш, машина
ва жиҳозлардан фойдаланишга имкониятнинг мавжудлиги каби рўйхатга ошиш
натижалари ушбу мақсадга алоқадор;
2. Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш. Энг қуйи маъмурий
даражалардаги ёки агроэкологик ҳудудлар бўйича хўжаликлар сони, ердан
фойдаланиш шакли, ер эгаларининг жинси ва ёши, маълумоти, қишлоқ
хўжалиги ерларининг ўртача майдони, турлари бўйича чорва ҳайвонларининг ўртача
бош сони, қишлоқ хўжалигида ишчи кучи, машина ва жиҳозлардан фойдаланиш,
жамоалар даражасидаги маълумотлар, одатда, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш,
аниқроқ айтганда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни бозорга
йўналтиришни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш бўйича дастурлар
тайёрлашда фойдаланилади;
3. Қишлоқ хўжалигини юритиш тизими. Қишлоқ хўжалигини рўйхатга
олиш хўжаликларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини юритиш тизими турлари
бўйича маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилади. Масалан, хўжаликлар
натурал, бозорга йўналтирилган, оилавий ёки корпоратив, деҳқончилик
ва чорвачилик йўналиши ёки аралаш хўжалик каби белгиларига асосан
гуруҳланиши мумкин. Турли мақсадли гуруҳлар учун турли сиёсат ва дастурлар
ишлаб чиқилиши мумкин.
Қўмита вакили Мадина Йўлдошевага
кўра, томорқадаги ер майдони, ундан олинган ҳосил ва дарахтлар ҳамда
чорва моллари сони бўйича тўлиқ маълумотлар берилиши солиққа тортишга олиб
келмайди.
«Рўйхатга
олиш жараёнида тақдим этилаётган маълумотлар солиқ солиш мақсадида
тўпланаётгани йўқ. Улар давлат томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни
режалаштириш, ҳудудлар кесимида эҳтиёжларни ўрганиш, ресурс ва имтиёзларни
тўғри тақсимлаш учун фақат статистик мақсадларда қўлланилади. Шу боис
маълумотларни тўлиқ, аниқ ва холис тақдим этиш хавфсиз бўлиб,
бу фуқаролар манфаати учун хизмат қилади. Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш
маълумотлари солиқ ёки молия органларига индивидуал тарзда тақдим
этилмайди», — дейди у.
Аввалроқ Gazeta Тошкент шаҳри ҳамда Фориш туманида аҳоли ва қишлоқ
хўжалигини рўйхатга олиш қандай кетаётгани бўйича репортаж тайёрлаганди.
gazeta.uz
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари
02 03 2026 / 15:15