Солиқ қўмитаси банк сири ва p2p
ўтказмалар мониторинги бўйича Марказий банкнинг позициясига ҳурмат билан
қарашини маълум қилди. Идора таъкидлашича, p2p ўтказмаларнинг ўзи солиққа
тортилмайди, лойиҳа эса оммавий назоратни назарда тутмайди. Марказий банкнинг
эътирозлари ўрганиб чиқилиши ваъда қилинди.
Солиқ
қўмитаси банк сири ва p2p ўтказмалар мониторинги масалалари бўйича
Марказий банкнинг позициясига ҳурмат билан қарашини маълум қилди.
Муассаса
қайд этишича, банклар билан ҳар қандай ахборот алмашинуви фақат қонун
доирасида, банк сирини сақлаш, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш
ва фуқароларнинг банк тизимига бўлган ишончини таъминлаш шарти билан
амалга оширилиши лозим.
Қўмита
эслатишича, Конституциянинг 41-моддасида банк операциялари, омонатлар ва
ҳисобварақлар сирининг қонун билан кафолатланиши белгиланган. Ушбу масалалар
қонунчиликда, хусусан «Банк сири тўғрисида»ги қонун ва Солиқ кодекси билан
тартибга солинади.
«Банк сири
тўғрисида»ги қонунда банк мижозининг солиққа оид масалалари бўйича маълумотлар
қонунчиликка мувофиқ солиқ органларига тақдим этилиши назарда тутилган. Солиқ кодексида ҳам банкларнинг
солиқ органларига ахборотни солиқ қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда
ва тартибда тақдим этиш мажбуриятлари белгиланган.
Шу билан бирга, жисмоний
шахслар ўртасидаги p2p ўтказмалар ўз-ўзидан солиқ солиш объекти ҳисобланмайди,
дея таъкидланади Солиқ қўмитаси хабарида.
«Бу фуқароларнинг
шахсий ўтказмалари устидан оммавий назорат ўрнатишни англатмайди», — дея
қайд этди муассаса.
Қўмита маълумотларига кўра, ишлаб
чиқилган лойиҳанинг моҳияти банклар билан ўзаро ҳамкорликнинг «хавфсиз, аниқ
ва халқаро амалиётга мос» форматини шакллантиришдан иборат.
Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси
якунланди. Келиб тушган барча таклифлар, шу жумладан Марказий банкнинг
позицияси ҳам диққат билан ўрганилади, шундан сўнг тегишли хулосалар
чиқарилади, дейилади хабарда.
Марказий банк нима деганди?
Аввалроқ Марказий банк раиси
ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев картадан картага йирик пул ўтказмалари ҳақидаги
маълумотларни солиқ органларига тақдим этишни назарда тутувчи таклиф Ўзбекистон
Конституциясининг 41-моддасига зидлигини маълум қилганди.
Марказий банк мазкур қарор лойиҳаси
банк сири тўғрисидаги қонунга ҳам зид эканини қайд этган.
Регуляторнинг
фикрича, лойиҳанинг амалга оширилиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари
бузилишига, нақд пулдан фойдаланишнинг ортишига, маблағларнинг банк тизимидан
норасмий айланмага чиқиб кетишига ҳамда яширин иқтисодиёт кўламининг
кенгайишига олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга, регулятор
маълумотларни тақдим этиш учун нега ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 500
бараварига тенг (206 млн сўм) мезон танлангани ҳақида маълумотга эга эмаслигини
билдирган.
Июнь охирида Солиқ қўмитаси банклар
томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ёки омонатларига
оид ахборотларни солиқ органига тақдим этиш тартибини тасдиқлашни назарда
тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди. Яқин қариндошлардан келган
ўтказмалар бундан мустасно ҳисобланади. Шунингдек, жисмоний шахснинг ўз
карталаридан бирига иккинчисидан амалга оширган ўтказмалари ҳам ҳисобга
олинмайди.
Лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси
давомида танқидга учради. Фойдаланувчилар бундай норма фуқароларнинг
конституциявий ҳуқуқларини бузиши ва банк тизимига бўлган ишончга салбий
таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.
Кейинроқ Солиқ қўмитаси ташаббус
банк сирини бекор қилмаслиги ва солиқ органларига фуқароларнинг
ҳисобварақларидан эркин фойдаланиш ҳуқуқини бермаслигини маълум қилди. Идорага кўра, лойиҳа банклар
ва солиқ хизмати ўртасида маълумот алмашишнинг ягона қоидаларини
белгилашга қаратилган.
p2p ўтказмаларни мониторинг қилиш
мавзуси биринчи марта муҳокама қилинаётгани йўқ. 2023 йилнинг май ойида
Марказий банк p2p ўтказмалари бўйича банк сирига оид маълумотларнинг солиқ
органларига берилишига қарши чиққан эди. Шу йилнинг апрель ойида Марказий
банк раиси Тимур Ишметов p2p ўтказмалари мониторинги кучайтирилиши мумкинлиги
ҳақида гапирар экан, қандай қарор топилмасин, у банк сири талабларига риоя
қилган ҳолда амалга оширилиши кераклигини айтган эди.
gazeta.uz
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари
13 07 2026 / 12:21