Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тошкентда уй-жойлар оммавий баҳолашдан ўтказилди. Мулкдорлар учун бу нимани англатади ва нимани ўзгартиради?


Улашиш :


Тошкентда кўчмас мулкларнинг кадастр қиймати оммавий қайта баҳолашдан ўтказилди. Бу нима учун керак, нега қиймат бир неча баробарга ошиб кетган ва қайта баҳолаш солиқларнинг ошишига олиб келадими? Бу саволларга Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази жавоб берди.

5 сентябрдан бошлаб тошкентликлар MyGov.uz порталидан ўзларига тегишли кўчмас мулкнинг кадастр қиймати қайта баҳолангани тўғрисида хабарномалар ола бошлади. Хизмат саҳифаси очилганда, кўплаб мулкдорлар ҳужжатларда қайд этилган қийматдан тубдан фарқ қилувчи миқдорларга дуч келишди. Фойдаланувчиларга бу миқдорга рози бўлиш ёки рози бўлмаслик таклиф этилмоқда. Ҳар бир вариантнинг оқибатлари ва янги қийматнинг мол-мулк солиғи миқдорига таъсир қилиши ёки қилмаслиги ҳақида расмий изоҳ йўқлиги кўплаб саволларни юзага келтириб, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. 7 сентябрь куни Кадастр агентлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари матбуот анжумани ўтказиб, Gazeta ва бошқа ОАВ вакиллари саволларига жавоб қайтарди.

Кўчмас мулкни оммавий баҳолашга нима учун эҳтиёж туғилди?

Солиққа тортиш мақсадида қўлланиладиган кўчмас мулкнинг кадастр қиймати Ўзбекистонда 2018 йилда жорий қилинган. Кадастр агентлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази директори Муҳиддин Холмуродовнинг сўзларига кўра, ўшандан бери кўчмас мулк бозори сезиларли даражада ўзгарган: қурилиш ҳажми ўсиб, урбанизация кучайган, бироқ амалдаги баҳолаш тизими бу ўзгаришларни акс эттирмаётган эди.

«Биз қийматларни тўғри тақсимлаш йўлини топишимиз керак эди, лекин бундай тақсимотнинг ўзи йўқ эди», — дея тушунтирди у.

Оммавий баҳолаш — бу катта ҳажмдаги маълумотларни ягона методика асосида таҳлил қилиш орқали кўчмас мулкнинг бозор нархига максимал даражада яқин қийматини аниқлашдир. Мақсад — кўчмас мулк қиймати тўғрисида ягона рақамли маълумотлар базасини шакллантириш бўлиб, ундан турли вазифалар, жумладан, солиққа тортиш ва кўчмас мулк бўйича битимларни амалга оширишда фойдаланиш мумкин.

2025 йил 5 мартдаги «Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги президент фармони лойиҳа учун ҳуқуқий асос бўлди. Ҳужжатда Кадастр агентлиги ҳузурида Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий марказини ташкил этиш ҳамда оммавий баҳолашни босқичма-босқич ўтказиш назарда тутилган: 2025−2026 йилларда — Тошкент шаҳрида, 2026−2027 йилларда — Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида, 2027 йилдан бошлаб эса — қолган ҳудудларда.

Оммавий баҳолашнинг ягона методикаси Кадастр агентлиги директорининг 2026 йил 18 майдаги 74−10-сонли буйруғи билан тасдиқланиб, 25 июнь куни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди (3858-сон). У турар жой ва нотурар жой объектларининг бозор нархига яқинлаштирилган қийматини аниқлаш тартибини белгилайди.

«Биз амалдаги қийматни реал бозор нархига яқинлаштиришга ҳаракат қиляпмиз, лекин негадир ҳамма фақат солиқ ҳақида ўйлаяпти — ваҳоланки, масалага кенгроқ қараш керак. Агар эртага бу қиймат ҳуқуқий кучга кирса, у нафақат солиқ масаласида, балки ипотека кредити олишда ҳам ёрдам беради, шунингдек, мол-мулк давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган тақдирда, товон пулини ҳисоблаш учун мўлжал бўлиб хизмат қилади», — дея таъкидлади Холмуродов.

Марказ раҳбари инсофсиз риелторлар муаммосига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, тезроқ комиссия пули олиш илинжида мулкдорларни кўчмас мулкни реал қийматидан анча арзон сотишга кўндирадиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай вазиятларда оммавий баҳолаш, унинг фикрича, мулкдорларга йўл-йўриқ бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Нима учун эски ва янги қийматлар бунчалик катта фарқ қилади?

Мулкдорларда энг кўп саволни кўчмас мулкнинг янги қиймати уйғотди — айрим ҳолларда у ҳужжатларда кўрсатилган кадастр қийматидан бир неча баравар юқори. Бундай мисолларни Холмуродовнинг ўзи келтирди. Кўп қаватли уйлардаги майдони деярли бир хил бўлган иккита хонадоннинг — бири Янгиҳаёт, иккинчиси Юнусобод туманида жойлашган — кадастр қиймати мос равишда 112 миллион ва 132 миллион сўмни ташкил этган. Оммавий баҳолаш натижаларига кўра эса уларнинг қиймати 574 миллион сўм ва 1 миллиард сўмдан ошди.

Худди шундай ҳолат хусусий уйларда ҳам кузатилмоқда. Бектемир ва Юнусобод туманларидаги объектларнинг шаҳардаги жойлашуви, инфратузилмаси мавжудлиги ва бошқа омиллардаги тафовутларга қарамай, уларнинг кадастр қиймати ҳам деярли фарқ қилмаслиги мумкин эди. Мутахассислар иккита уй мисолида фарқни кўрсатиб берди: Бектемирдаги объектнинг янги баҳоси аввалгисидан 13 баравар, Юнусободдагиси эса 36 баравар ошган.

Холмуродовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 1 кв метр уй-жойнинг ўртача кадастр қиймати қарийб 1 млн сўмни ташкил этади. Айни пайтда, марказдан олисда жойлашган Янгиҳаёт туманида уй-жойнинг бозор қиймати 1 кв метр учун 4−8 млн сўмга тенг. Шу тариқа, оммавий баҳолаш шуни кўрсатмоқдаки, кадастр қиймати бозор нархларининг қуйи чегарасидан ўртача қарийб 5 баравар паст.

Умуман, Тошкентдаги 600 мингдан ортиқ хонадоннинг жами кадастр қиймати 57,7 трлн сўмни, оммавий баҳолаш натижаларига кўра эса 426,7 трлн сўмни ташкил этади. Бошқача айтганда, хонадонларнинг баҳоланган қиймати кадастр қийматидан қарийб 7,4 баравар юқори. Ер участкасига эга 213 мингдан зиёд хусусий ҳовли-жойлар учун бу кўрсаткичлар мос равишда 39 трлн ва 587 трлн сўмни ташкил этади — фарқ деярли 15 бараварни ташкил қилади.

Шу билан бирга, оммавий баҳолаш доирасида ҳисобланган қиймат аниқ бир объектнинг бозор нархига тенг эмас. Марказда таъкидланишича, услубият бозор даражасидан 20−30 фоиз пастроқ натижани назарда тутади. Марказ вакилларининг сўзларига кўра, бу Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки экспертларининг тавсияларига мос келади ҳамда оммавий ҳисоб-китоблардаги статистик хатоликни инобатга олиш имконини беради. Масалан, Аҳмад Югнакий даҳасидаги 94 кв метр майдонга эга хонадон амалда 1,2 млрд сўмга сотилган бўлса, оммавий баҳолаш натижаларига кўра, хусусиятлари ўхшаш бўлган объект 1,01 млрд сўмга баҳоланган.

Янги кадастр қиймати қандай ҳисобланди?

Марказнинг қайд этишича, оммавий баҳолашда объектлар алоҳида баҳоланмайди — бундай ёндашувни мамлакатдаги барча кўчмас мулкка нисбатан қўллаб бўлмас эди.

Бунинг ўрнига ҳудуд нарх зоналарига — кўчмас мулкнинг ўхшаш хусусиятларига эга бўлган ва бир гуруҳга бирлаштирилган участкаларга бўлинади. Ҳар бир зона учун эталон объектлар — энг типик ва тез-тез сотиладиганлари аниқланади. Улар асосида бир квадрат метрнинг базавий қиймати ҳисоблаб чиқилади.

Холмуродовнинг сўзларига кўра, Тошкент учун бозордаги энг кенг тарқалган ва харидоргир уй-жой тури сифатида майдони 60−70 кв метргача бўлган икки хонали квартиралар ана шундай эталон объектга айланган. Якка тартибдаги уй-жойлар учун эса майдони 200 кв метргача бўлган ер участкалари эталон вазифасини ўтайди.

Кейинчалик эталон объектнинг базавий қиймати тузатиш коэффициентлари ёрдамида муайян объектга мослаб тузатилади. Ҳисоб-китобда бинонинг қурилган йили, жойлашуви, ер участкасининг майдони, объектнинг умумий майдони, девор материали ва қавати инобатга олинади. Масалан, квартира майдонининг 70 кв метрдан ошиши бир квадрат метрнинг якуний нархини бироз пасайтириши мумкин.

Ҳисоблаш формуласи ва муайян объектга қўлланилган коэффициентлар билан davreestr.uz платформасидаги шахсий кабинетда танишиш мумкин.

Ҳисоб-китоблар учун 2026 йил бошидан жорий йилнинг 1 июлига қадар бўлган даврдаги бозор таклифлари ва битимлар тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилган. Бунга кўчмас мулкни сотиш бўйича 100 мингга яқин таклиф ва 85 мингдан ортиқ нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномалари асос қилиб олинган.

Холмуродов қурилиши тугалланмаган объектлар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ҳар бир нарх зонаси учун эталон қиймат аллақачон белгиланганини тушунтирди. Кадастр агентлиги ҳар чоракда янги рўйхатга олинган объектлар рўйхатини тақдим этади, шундан сўнг уларга тегишли зона учун ҳисоблаш формуласи автоматик тарзда қўлланади. Шу сабабли ҳар бир янги объектни алоҳида қўлда баҳолаш талаб қилинмайди.

«Розиман» ёки «рози эмасман» вариантлари нимани англатади?

Мулкдорларнинг кўчмас мулкнинг янги қиймати тўғрисидаги хабарномада кўрадиган иккита тугмаси уларга ўз объектининг оммавий баҳолаш натижасига муносабат билдиришни — ҳисобланган қийматни маъқуллаш ёки унга қўшилмасликни билдиришни таклиф этади.

Ҳозирги вақтда вариантларнинг бирортаси ҳам ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Муҳиддин Холмуродовнинг тушунтиришича, агар мулкдор «розиман» тугмасини босса ҳам, келажакда бу қийматга ҳуқуқий куч берилган тақдирда, у барибир унинг устидан шикоят қила олади — бунинг тартиби жамоатчилик муҳокамаси 7 сентябрда якунланган «Оммавий баҳолаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида белгиланган.

«Агар шахс ҳеч қандай муносабат билдирмаса ва ўз позициясини изҳор қилмаса, оммавий баҳолаш натижаларига кўра кўрсатилган сумма ўзгармайди — яъни сукут бўйича у рози деб ҳисобланади», — деди у.

Кадастр маълумотларида хатолар аниқланса, уларни «Нотўғри кўрсатилган кадастр маълумотлари» шакли орқали тузатиш, масалан, объект майдони, хоналар сони ёки бошқа хусусиятларига ўзгартириш киритиш мумкин.

Агар мулкдор ҳисобланган қиймат объект хусусиятларига мос келмайди деб ҳисобласа, у ўз суммасини кўрсатиб, уни асослаб бериши мумкин. Асосномага фотосурат ҳам илова қилиш мумкин. Буни нафақат MyGov.uz порталида, балки марказнинг асосий платформаси бўлган davreestr.uz сайтида ҳам амалга ошириш мумкин.

Марказ директори ўринбосари Феруз Султоновнинг аниқлик киритишича, ҳар қандай мурожаат ҳам баҳони қайта кўриб чиқиш учун асос бўлавермайди. Қарор унинг қанчалик асосли эканига боғлиқ бўлади.

«Баъзида бу шунчаки мулкдорнинг шахсий истаги бўлиб чиқади. У ўз квартирасини миллиард [сўм] туради, деб ўйлайди, ваҳоланки, реал бозор буни тасдиқламайди. Айтайлик, биз унинг мулкини ўзбошимчалик билан эмас, балки айнан шу ҳудуд бўйича минглаб сотув таклифлари ва ўрганилган битимлар асосида 700 млн деб баҳолаганмиз. Аммо мурожаат ўз тасдиғини топса — масалан, бутун бир маҳалла уларнинг мулки арзон баҳолангани ҳақида ёзса — биз жойига бориб вазиятни ўрганамиз ва зарурат туғилса, нархни битта объект бўйича эмас, балки бутун ҳудуд ёки маҳалла бўйича қайта кўриб чиқамиз», — дея изоҳ берди Султонов.

MyGov.uz порталига кира олмайдиган ёки davreestr.uz сайтидан фойдаланишда қийналаётган аҳоли ўз маҳалла қўмиталарига мурожаат қилиши мумкин. Холмуродовнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳридаги барча 585 та маҳаллада тушунтириш ишлари олиб борилган.

7 сентябрга қадар 5000 га яқин киши янги баҳолаш юзасидан ўз муносабатини билдирган. Уларнинг 78 фоизи натижалардан рози бўлган, — дея маълум қилинди матбуот анжуманида. Баҳолашдан норози бўлган 22 фоиз аҳолининг аксарияти, Холмуродовнинг айтишича, мулки жуда паст баҳоланганини айтиб, нархни пасайтиришни эмас, аксинча, оширишни сўрамоқда.

Баҳолаш туфайли мол-мулк солиғи ошиши мумкинми?

«Амалдаги қонунчиликка кўра, оммавий баҳолашнинг ўзи фуқаролар учун солиқ мажбуриятларини вужудга келтирмайди ва солиқ суммасининг ўз-ўзидан ошишига олиб келмайди. Яъни, баҳолаш натижасида турар жойингизнинг қиймати юқори аниқлангани „энди солиғингиз ҳам шунча баравар ошади“ дегани эмас. Солиқ ставкалари, солиққа тортиш тартиби ва солиқ миқдори билан боғлиқ масалалар солиқ қонунчилиги асосида алоҳида белгиланади», — деди Муҳиддин Холмуродов.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ресурс солиқлари бўлими бошлиғи Сардорбек Абдураҳмоновнинг қўшимча қилишича, баҳолаш натижаларини солиққа тортишда қўллаш фармонда ҳақиқатан ҳам кўзда тутилган, бироқ гап бугунги тартиб ҳақида эмас, балки келажак ҳақида кетмоқда.

«Аввало, оммавий баҳолаш тўғрисидаги қонун қабул қилиниши керак — бу кейинги қадамлар учун ҳуқуқий асос яратади. Ана шу қонун асосида кейинчалик солиқ базаси қайта кўриб чиқилади, шунингдек, фармоннинг алоҳида топшириқларига мувофиқ, солиқ ставкаларининг ўзи ҳам кўриб чиқилади», — деб таъкидлади мутахассис.

Журналистнинг «янги, юқорироқ қиймат солиқни ошириш учун асос бўладими?» деган саволига Абдураҳмонов шундай жавоб берди: «Аксинча, фармонда келажакдаги солиқ тўлови мулкдор учун оғирлик қилмаслиги учун ставкаларни пасайтириш бўйича топшириқ мавжуд».

Бу мантиқни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлил институти директори ўринбосари Дилшод Султонов батафсил тушунтириб берди. У 2018 йилдаги ўзгаришларга тўхталиб, ўшанда республика бўйича кўчмас мулкнинг кадастр қиймати ўртача 4−6 бараварга ошгани, бироқ айни вақтда солиқ ставкалари пасайтирилиб, солиқ суммасининг ўсиши қонунчилик билан чеклаб қўйилганини айтди.

«2018 йилда биз айни шу йўлдан ўтганмиз. Ўшанда жорий йилда сиз тўлайдиган солиқ ўтган йилгига нисбатан 20 фоиздан кўпга ошмаслиги ҳақидаги қоида белгиланган эди — ҳатто квартирангизнинг баҳоланган қиймати бир неча баробар ошган тақдирда ҳам. Яъни, агар унинг қиймати 150 миллиондан 1,5 миллиардга кўтарилган бўлса, солиғингиз барибир бирданига ошиб кетмайди — у шу чегара доирасида босқичма-босқич ўсиб боради», — дея аниқлик киритди у.

Кейин нима бўлади?

Оммавий баҳолаш натижаларини амалиётда қўллаш тўғрисидаги қарор учун «Оммавий баҳолаш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши шарт. Унинг 12-моддасида баҳолаш натижаларидан, хусусан, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни амалга оширишда ва солиққа тортиш мақсадларида фойдаланиш мумкинлиги кўрсатилган.

Шунингдек, ҳужжатда кейинги баҳолашларни ўтказиш тартиби ҳам белгиланади. Ҳар бир янги баҳолаш уни ўтказишдан камида икки ой олдин Кадастр агентлигининг алоҳида буйруғи билан тасдиқланиши керак. Қамраб олинган ҳудудларда қайта баҳолашни уч йилда камида бир марта ўтказиш таклиф этилмоқда.

Натижалар эълон қилингач, мулкдорларга эътироз билдириш учун уч ойдан олти ойгача муддат берилади — бу муддат ҳудудга қараб белгиланади. Агар мулкдор белгиланган муддатда эътироз билдирмаса, натижа қабул қилинган ҳисобланади.

Бўлажак қонунда низоларни судгача ҳал этиш тартиби ҳам кўзда тутилган. Миллий марказ ҳузурида марказ раҳбари бошчилигида беш ёки ундан ортиқ кишидан иборат комиссия тузиш таклиф этилмоқда. Комиссия мулкдорларнинг ёзма мурожаатларини 15 кун ичида кўриб чиқиб, қийматни ўзгаришсиз қолдириш ёки уни қайта ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилиши керак бўлади. Агар мулкдор комиссия қарорига қўшилмаса, у мустақил баҳолаш буюртма қилиши ёки судга мурожаат этиши мумкин.

gazeta.uz


Улашиш :



Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари

10 09 2026 / 11:20