Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

«Рақобат мумкин жойда давлат бўлмаслиги керак». Давлат мулкини хусусийлаштириш, биз нималарда хато қиляпмиз?


Улашиш :


Иқтисодчи Отабек Бакиров хусусийлаштиришда фақат ижтимоий объектлар давлатда қолиши кераклигини айтади. Унинг фикрича, қолган барча соҳаларда тенг рақобатли савдо ва солиқ мажбуриятлари қатъий бўлиши лозим. Gazeta мутахассис билан мулкчилик шакллари ва хусусийлаштириш сиёсатини муҳокама қилди.

Август ойи охирида иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш тўғрисида президент фармони имзоланиб, Ўзбекистонда хусусийлаштириладиган йирик давлат активларининг янги рўйхати тасдиқланди.

Унга кўра, бир қанча молиявий муассасалар, саноат, транспорт ва савдо корхоналаридаги улушлар сотилади. Ҳужжат билан давлат активлари ва ер участкаларини сотиш, аукционга чиқаришнинг шартлари ҳам янгиланади.

Айни вазият фонида Gazeta иқтисодчи Отабек Бакиров билан мулкчилик шакллари ва хусусийлаштириш сиёсати муҳокама қилинган суҳбатини тақдим этади. Унда Ўзбекистонда ягона мулкчиликдан қачон воз кечила бошлангани, ўзи аслида давлат мулки тадбиркор, инвесторларга сотилишининг моҳияти, бу жараён идеалда қандай кечиши кераклиги ҳамда оддий халқ учун унинг аҳамияти ҳақида сўз боради.

Видеони тўлиқ ҳолда YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. Қуйида суҳбатнинг матни келтирилади.

— Давлат мулки нега хусусийлаштирилади, даставвал шуни тушунтириб бероласизми?

— Биринчидан, жуда кўп замонавий жамиятларда аллақачон қабул қилинган консенсус шундан иборатки, бозор иқтисодиёти шароитида мулк кўп укладли бўлиши керак. Мулкка нисбатан муносабат, яъни мулкчиликнинг турли шакллари тан олиниши керак. Бу давлат мулки бўлиши билан бирга, хусусий ва бошқа жамоавий кўринишдаги мулкчилик шаклларини ҳам назарда тутади. Яъни исталган ҳуқуқий макон, бу Ўзбекистон ёки АҚШ ёки Европа Иттифоқи бўладими, фарқи йўқ, барчаси бўлиши керак.

Бугунги кунда турли хил сиёсий, ижтимоий тажрибалар, тузумлар оқибатида қайсидир мамлакатларда давлат мулки мутлақ устунликка эга бўлиб қолган. Агар биз ўтмишимизга қарайдиган бўлсак, совет иттифоқи бевосита ўзининг ҳудудида ёки унинг арбитасида бўлган Шарқий Европа, Осиё мамлакатларида давлат мулки асосан монопол бўлган. Яъни социалистик ишлаб чиқаришда асосан давлат мулки тан олинган. Бошқа мулкчилик шакллари ғояга, мафкурага ёт деб ҳисобланилган. 1980 йиллар охирида тузумлар турли чақириқ, яъни муаммоларга дуч кела бошлагандан кейин мулкчилик шакли ҳам ўзгаришни бошлади. Аввал Шарқий Европада, кейин совет иттифоқида ва шу йўсинда кўпчиликда давлат мулкини хусусийлаштириш масаласи кун тартибига чиқди.

Чунки иқтисодий ривожланиш, иқтисодий эркинлик ҳақида гапирадиган бўлсак, қайсидир мулкчилик, хусусан давлат мулкчилиги мутлақ катта устунликка эга бўлиши керак эмас, бу рақобат ва иқтисодий ривожланишга йўл очмайди. Шунинг учун ҳам, тарихимизда илк қабул қилинган норма бу кўп укладли иқтисодиёт қуриш дейилган. Яъни мулкчиликнинг бошқа шаклларини ҳам тан олиш дейилган. 1988−1989 йилларда совет иттифоқи парчаланмасдан туриб, мулкчиликнинг бошқа шаклларини тан олиш кун тартибига чиққан. Хусусийлаштириш масаласи анча кейинроқ, орадан бир неча йиллар ўтиб туриб иттифоқ тарқаб бўлгандан кейин кун тартибига чиққан.

Полшада эртароқ чиққан, чунки уларда «солидарность» ҳаракати юқори бўлган. Ўзи Шарқий Европанинг қатор мамлакатларида хусусий сектор тўла-тўкис йўқ қилиб юборилмаганди. Сиёсий назорат бўлгани билан Полша, Чехословакия, Югославия, Руминияда хусусий мулкчилик, хусусий бизнеснинг жуда кичик элементлари бўлган. Совет иттифоқининг улардан фарқи шундаки, бизда шахсий мулк, яъни уй-жой ёки шахсий буюмларимиздан бошқа мулкчилик шакли тан олинмаганди. Бу буржуа элементи, капиталистик жамиятининг сарқити деб ҳисобланган. 1988−1989 йилларда турли мулкчилик шаклларининг тан олиниши «Кооперативлар тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши билан бошланган. Қонун қабул қилиниши, албатта кооперативларнинг қайта ишлаб, хизмат кўрсата бошлаши уларда қўшимча капитални, бу эса қўшимча мулкка эҳтиёжни пайдо қилган.

— Шунда мақсадини қандай кўрасиз? Масалан, ҳозир бир қанча вариантларни айтиб ўтишади-ку, яъни хусусийлаштиришнинг мақсади — давлат ўз активларидан қутулиши ёки бюджетга пул жалб қилиш ёки умуман хусусий секторни қўллаб-қувватлаш. Буларнинг ҳаммаси муҳимми ёки устувори борми?

— Сиз билан суҳбатимиз бошида социалистик тузум, у вақтда ўзини оқламаган ва рақобатга доц. бермаган мафкура ҳақида гаплашдик. Мазкур режимдаги мулкчилик муносабатлари ҳақида қисқача тушунча бердик. Бусиз ҳам соғлом иқтисодиёт, эркин бозорга эга бўлган мамлакатларда давлат мулки мавжуд. Жуда кўп соҳалар, мисол учун, темирйўл, почта, ҳатто, айримларида банклар ҳам давлат назоратида бўлган.

Агар Буюк Британия мисолини олиб қарайдиган бўлсак, узоқ вақт сиёсий ҳокимият лейбористлар ҳукумати назоратида бўлгандан кейин жуда катта мулк давлат қўлида йиғилиб қолган. Конлар, темирйўл тизими, банклар ва ўз-ўзидан у давлатга, бюджетга оғирлик қилишни бошлаган. Самарадорлиги пасайган. Шунинг учун ҳам агар ғарб мисолида олиб қарайдиган бўлсак, давлат мулкининг сиёсат, ижтимоий ҳаёт, иқтисодиётдаги роли ҳақида гап кетса, Буюк Британия намуна сифатида келтирилади. Маргарет Тетчер (Буюк Британия собиқ бош вазири) ҳокимиятга қайтгандан кейин жуда катта хусусийлаштириш дастури эълон қилинган. Яъни темирйўллар, конлар, энергетик сектор давлат тасарруфидан чиқарилган. Бу жараён биз каби социалистик ўтмишни бошидан кечирган мамлакатларга хос деб айтиш қийин.

Айни бир пайтда яна бир масала бор, яъни вақти-вақти билан турли мамлакатларда социалистлар ёки сўл кучлар ҳокимиятга келади ва улар ўз ғояларини реализация қилишдаги одатий биринчи қадамларидан бири — қатор иқтисодий секторларни давлат назоратига қайтариш. Мисол учун, Чилида социалистлар ҳукумати худди шундай ҳаракатларни 1970 йилларда амалга оширган. Яъни «хусусий сектор эплай олмаяпти, биз меҳнаткашлар синфининг талаб-истакларини амалга оширишимиз керак» деган даъво билан чиқишган. Давлатнинг қўлида маълум бир секторлар, албатта, бўлиши керак деган ғояга асосланади.

— Юқорида айтиб ўтдингиз, барибир давлат тасарруфида айрим корхоналар, активлар қолади ва у қайси активлар бўлиши керак?

— Мулкчиликнинг мундарижаси кўпинча сиёсатдаги ўзгаришларнинг инъикоси (акси) ўзи аслида. Сиёсатда қандай ўзгаришлар бўлса, парламент сайловлари, ҳукумат шаклланишида қайси кучлар устун бўлса, улар жараённи қандай тасаввур қилаётган бўлса, ўзларини берган ваъдаларини қандай амалга оширилишини режалаштираётган бўлса, шунга яраша реаллик шаклланади. Мисол учун, ўнг кучлар ёки либераллар ҳокимиятга келадиган бўлса, улар имкон қадар давлатнинг ҳамма секторлардан, ҳаттоки инфратузилма тизимларидан ҳам чиқиб кетишини истайди. Ҳатто, айрим либералларда қамоқхоналарни ҳам хусусий секторга бериш керак деган қарашлар бор. Бу бўйича тажрибалар ўтказилган. Давлат ижтимоий ва инфратузилма объектларини ўз назоратида ушлаши керак. Рақобат қилиш, бозор ўзини ўзи тартибга солиши мумкин бўлган қолган барча секторлардан давлат кетиши мумкин деб ҳисоблайман. Менинг идеалимда шундай.

— Мулкчилик сифати ўзгариши, яъни биз муҳокама қилаётган вазиятда хусусийлаштириш корхонани самаралироқ ишлашини кафолатлайдими? Яъни бу борада бошқарувнинг ҳам аҳамияти ҳақида гаплашсак бўлади.

— Жудаям юқори аҳамиятга эга бўлган саволни беряпсиз. Жудаям муҳим савол. Боиси, мулкчилик шаклининг давлат секторидан хусусий секторга ўтиши самарадорликни оширади деган нотўғри қараш шаклланган. Бу шаблон қараш одатда давлат ўзининг назоратидаги мулкларни тезроқ самарали бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар садоқатли мулкдорларга қайта тақсимлаш режаси бўлганда илгари сурилади. Яъни, мисол учун, 1990-йиллардаги Россияни тасаввур қиладиган бўлсангиз, энг йирик нефть компаниялари, темир, металлургия комбинатлари, ҳозирги мавжуд бўлган олигархларнинг назоратидаги энг йирик активлар шубҳали гаров аукционлари орқали тақсимлаб берилган.

У ерда самарали мулкчиликни шакллантириш эмас, барқарор сиёсий режимни давом эттириш мақсади бўлган. Яъни Елсин ҳокимиятини 1996 йилдаги президентлик сайловидан кейин ҳам давом эттириш истаги бўлган. Яъни хоҳлаймизми ёки йўқ, сиёсий мақсадлар ўзининг ўрнига эга бўлади, бунга кўз юмиш жудаям қийин. Шунинг учун саволингизга жавобим шунақа, ҳамиша ҳам давлат мулкини хусусийлаштириши самарадор, самарали тизимни ёки самарадор мулкдорни яратмайди. Самарадор тизим ва самарадор иқтисодий режим хусусийлаштиришдан кейин рақобат муҳити таъминланса, юзага келади. Очиқ, эркин рақобат муҳити таъминлансагина. Бу жараён давлат мулкини хусусий эгасига топширишдангина иборат эмас. Топширишгача бўлган жараёнлар ҳам жуда мураккаб ва жамиятнинг назоратида, очиқликда кечиши керак.

— Ўзи хусусийлаштириш қандай бўлиши керак, идеалда картинани қандай кўрасиз?

— Идеалда мулкнинг турли шакллари бор, давлат назоратидагиларини ҳам учратиш мумкин. 35−40 йил орқага қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон бўйича Тошкентда одамларнинг яшаётган хонадонлари ҳам давлат мулки бўлган. Мисол учун, Ўзбекистон ёки Россияда ҳам хусусийлаштиришнинг биринчи қадами квартираларни хусусийлаштиришдан бошланган. Яъни аҳолига осон ва арзон тарзда хусусийлаштириш имкониятини яратиб берилгани бўлган. Ўзбекистонда ҳам, Совет ҳудудида ҳам илк мулкдорлар квартирасини хусусийлаштириб олганлар ҳисобланади. Яъни бу — биринчи босқич.

Ундан кейинги босқичдаги хусусийлаштириш кичик объектларда бўлган. Совет режимида ҳатто дўкон, бекатлар, кичик сартарошхоналаргача давлат мулки ҳисобланган. 1990 йилларнинг илк даврларида квартираларнинг приватизациясидан кейинги босқичда маиший объектлар хусусийлаштирилган. Яъни ўта кичик объектлар. Бу майда ва ўрта мулкдорлар синфини яратган. Ундан кейинги босқич йирик ишлаб чиқариш, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалигига оид активларни хусусийлаштириш билан кечган. Буни ўрта ва йирик хусусийлаштириш деб атасак бўлади. Шу ерда шакллар кескин фарқланади. Яъни бир неча усуллар қўлланган.

Шарқий Европа ва Россияда ваучерлаштириш усули бўлган. Бунда мулкнинг қиймати ҳисоб-китоб қилинганда, аҳоли сонига нисбатан чиқариб, тарқатилган. Киши бошига айтайлик 10 минг рублдан тушган. Ваучер эвазига кичик ёки ўрта корхоналарнинг акцияларини сотиб олиш мумкин бўлган. Ўзбекистонда 1995 йилда мингта ўрта корхона бор бўлган деб ҳисоблайдиган бўлсак, уларнинг қиймати 10 трлн сўм, Ўзбекистон аҳолиси 20 млн нафар бўлса, бу уларнинг ҳар бирига 50 млн сўмдан ваучер тарқатилди дегани. Бу ҳам битта хусусийлаштириш усули ҳисобланган. Баъзи мамлакатлар каби Ўзбекистон ҳам худди шундай йўлдан ўтган. Пай фондлари орқали хусусийлаштириш чора-тадбирлари ҳам қилинган.

Мисол учун, 1990 йилларда Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёни учун инвестицион, пай фондлари ташкил қилинган. Одамлар уларнинг акциясини сотиб оларди. Жуда мураккаб, тушуниш қийин бўлган жараёнлар бўлган. Яъни тайёргарлиги, дастлабки сармояси йўқ бўлган одамлар учун тушуниш қийин ва кириш жуда юқори хатарли ҳам ҳисобланган. Шунинг учун ҳам ўрта хусусийлаштиришдан бошлаб жараёнга мутлақ кўпчиликни жалб қилиш муаммоли бўлган. Рискка ҳеч ким бормаган. Инвестиция ёки қарор қабул қилиш, табиийки, рискка бориш билан баробар. Бу муаммо нафақат бизнинг мамлакатимизда, ҳаммада ҳам шундай.

Агар бунинг тарихини ўрганадиган бўлсак, ҳеч қайси бир мамлакатни ўрта корхоналарни хусусийлаштиришда кенг аҳоли қатламини муваффақиятли равишда қамраб олди дейиш қийин. Бизда фақатгина саноқли корхоналарни мисол тариқасида келтиришим мумкин. Чунки меҳнат жамоасига 5−24 фоизгача акциялар тақсимланган. Шуларгина қайсидир маънода акциядорларга айланди деб ҳисобласак бўлади. Яъни улар жамғармалари ҳисобидан акциялар сотиб олмаган, улушдор бўлмаган. Уларга қилган меҳнати учун ҳақ тўланган.

1990 йилларда билсангиз, иш ҳақини тўлаш жуда катта муаммо бўлган. Картошка, турли ичимликлар, ҳаттоки сигареталар билан ҳам натура кўринишида иш ҳақи тўланган ва жуда кўп корхоналар иш ҳақини акциялар билан ҳисоблашган. Шу каби бир нечта муваффақиятли мисолларни айтиш мумкин. Нефт-газ, металлургия каби йирик компанияларга эга соҳаларда давлат улуши 97−98 фоиз эканини кўриб турасиз. Қолган 2 фоизи кимларнинг қўлида? Қачонлардир меҳнат жамоасига тақсимланган улушларга эгалик қилиб қолган майда акциядорлар ҳисобланади. Мисол учун, банклар мисолида ҳам кўрсангиз бўлади. Жуда кўп давлат банкларининг, ҳозир уларнинг айримлари хусусийлашган, 2−3 фоиз акция қисми миноритар, майда акциядорлар қўлида. Улар айнан ходимларнинг улушлари ҳисобланади. Ходимлар қўлига киритган акциялари ҳисобланади.

Масалан, Ўзбекнефтгазнинг қайсидир қисми хусусийлаштириладиган бўлса, унда албатта халқ иштирок этиши керак деб ҳисоблайман. УзНИФ (Ўзбекистон Миллий Инвестиция жамғармаси) мисолида яхшироқ тушунтира олишим мумкин. Жамғарма икки томонлама ИПО қилди, акцияларнинг бир қисмини Лондонда, бир қисмини Тошкент фонд биржасига жойлаштирди. Тошкент фонд биржасига жойлаштирилганда ўзбекистонликлар жараёнда устувор, имтиёзли қатнашиш имкониятига эга бўлди. Худди шундай Ўзбекнефтгаз, айтайлик НГМК, ОТМК деган йирик, Ўзбекистоннинг асосий солиқ тўловчи комбинатлари хусусийлаштириладиган бўлса, айнан шу тажрибадан фойдаланилиши керак.

— Тушунарли. Бунда активларнинг ҳақиқий қиймати қандай аниқланади?

— Бунинг моделлари жуда кўп. Энг яхши ва самаралиси — бозор. Акциялар очиқ бозорда ликвид кўринишда айланаётган бўлса, унинг нархини белгилайдиган энг яхши восита — бозор. Мисол учун, Трастбанк акцияларининг катта қисми очиқ бозорда ҳаракатланади. Унинг нархини фонд биржасида айланаётган акциялар нархидан келиб чиқиб билсангиз бўлади. Ёки Ҳамкорбанкники ҳам. Унинг капитализацияси орқали бозор нархини аниқласангиз бўлади. Айни бир пайтда тўлиқ давлат назоратидаги бошқа бир компаниялар бор, уларни баҳолаб бўлмайди.

Мисол учун, Асакабанк 100 фоиз давлатнинг қўлида. Уни қандай баҳолаймиз? Фонд биржасида акциялари айланмайди. Айланган тақдирда ҳам ликвид эмас, яъни доимий равишда хоҳиш бўлган даражада сотиш ёки сотиб олиш имконияти йўқ, жуда ҳам чекланган. Ўзсаноатқурилишбанк мисолида ҳам худди шуни айтиш мумкин. Албатта, бунда профессионал баҳоловчилар ёлланади. Улар жуда кўп факторлар: активнинг бозордаги ўрни, сифати, таркиби, истиқболи, регуляцияси каби нуқталарини инобатга олиб, баҳолаб беришади. Баҳоланган нарх турли кўринишда савдога чиқарилади. Яъни аввал дастлабки нарх сифатида чиқиши ёки ўзаро, тўғридан-тўғри музокаралар юритиш учун асос бўлиши мумкин.

— Хўп, шу жараёнда давлат мулки деб эътироф этилган қандайдир кўринишдаги объект ёки умуман актив сувтекин кетиб қолмаслиги учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

— Бу риск ҳамиша бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Хусусийлаштириш шундай жараёнки, у доим сиёсий мотивлар билан йўғрилган. Хусусийлаштириш жараёни юз бераётган даврда иқтидорида мавжуд бўлган сиёсий доиралар айниқса йирик активларни хусусийлаштиришда ўзларига лоял бўлган мулкдорлар синфи шаклланишини исташади. Яъни садоқатлилар. Чунки мулк ва ҳокимият бир-бирини тўлдирадиган, ўта чамбарчас ва бирисиз иккинчиси мавжуд бўла олмайдиган институтлар ҳисобланади.

— Мана шу жараёнда манфаатлар тўқнашуви, яъни мулклар тор доира синф қўлида жамланмаслигидан қочиш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

— Яна қайта-қайта қонунчиликка мурожаат қилишимиз керак бўлади. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин биринчи бўлиб қабул қилинган қонунлардан бири — айнан давлат мулкини хусусийлаштиришга оид қонун бўлган. Кўпчилик ҳозир буни эсламайди. 1990 йилда шаклланган парламентимиз, адашмасам, 1991 йил 19 ноябрда қабул қилган илк қонунлардан бири — «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун бўлган. Бу қонун орадан 33 йил ўтиб, 2024 йилда янгиланди. 33 ўтиб янги қонун қабул қилинди. Шу қонуннинг 4-моддасида принциплар белгиланган. Шунга кўра, хусусан, хусусийлаштиришда очиқлик тамойилида ўтиши керак. Бундан ташқари, ҳисобдорлик, коррупцияга йўл қўймаслик принциплари ҳам бор.

Сиз ҳозир айтаётган саволларга қонунда жавоб берилган ва шу билан тийиб турилиши керак. Идеалда шундай. Лекин амалиётда қонундан аввал ёки кейин хусусийлаштирилган активлар мисолида олиб қарасангиз, қонуннинг 4-моддасидаги принциплар очиқдан-очиқ бузилган. Битта эмас, бир нечтаси бир вақтда бузилган ҳолатлари бор. Энди буни тийиб туришнинг қандай воситалари бор десангиз, мен ҳозир учун Ўзбекистон шароитида медиа ва жамоатчилик назоратидан бошқа кучлироқ ёки самаралироқ воситани кўрмаяпман. Чунки бизда парламент йўқ. Шундай экан, хусусийлаштиришнинг легитимлиги ҳақида саволларни кўтариши мумкин бўлган ягона институт ҳозирча жамоатчилик ва медиа бўлиб қоляпти. Афсуски, мен буни хурсанд бўлиб гапирмаяпман. Лекин шунда ҳам жамоатчилик жуда катта манипуляцияларга учраяпти.

Иккинчи масала хусусийлаштириш масаласида абсолют ёпиқлик билан боғланади. Билсангиз, Ўзбекистон 2017 йилдан кейин жуда кўп масалаларда очиқликни, шаффофликни таъминлаш бўйича жуда катта қадамлар ташлади-ю, хусусийлаштириш истисно бўлиб қолди. Бу бўйича давлат органи ҳисобланган Давлат активларини бошқариш агентлиги Ўзбекистондаги энг ёпиқ органлардан бирига айланди. Агентликнинг эски ва ҳозирги бирор раҳбари жамоатчиликка очиқ чиқиб изоҳ берганини кўрмаганман. Ваҳоланки, хусусийлаштириш шундай жараёнки, агар сиз ишончни таъминлай олмайдиган бўлсангиз, жамиятда мулкдорларнинг легитимлигига савол ҳеч қачон йўқолмайди. Савол қайта-қайта қўйилаверади.

Мисол учун, Россия ёки Қозоғистонни олиб қарайдиган бўлсак ҳам, 1990 йилларда йирик активлар садоқатли, лоял олигархияга қайта тақсимлангани ҳалигача савол остига қўйилади. Жуда кўп сиёсий муаммолар мана шу хусусийлаштириш даврида бошланган.

— Нимага хусусийлаштириш оддий фуқаролар, халқ учун фойдали ва муҳим?

— Идеалда хусусийлаштириш жараёнида самарали мулкдорлар синфи яратилади, деб айтдик, тўғрими? Самарали, ўзаро рақобатлашадиган мулкдорлар — ҳар қандай жамиятнинг таянчи. Яъни улар жамиятни барқарорлаштиради. Мулкдорлар синфи қанча хилма-хил, ўзаро рақобатлаша оладиган, концентрацияси юқори бўлса, жамият барқарор бўлади. Яъни хусусийлаштириш жараёнида иштирок этмаган ёки пассив ҳолатда бўлган жамият иштирокчилари ҳам бундан фойда олади, манфаатдор бўлади. Янги мулкдорлар кўпроқ солиқ тўлашни бошлайди.

Яхши мисолмасдир, Coca-Cola'ни олсак, 2021 йилда хусусийлаштирилган бўлса, бу жараёнга ҳам жуда кўп саволлар бор, албатта, лекин шу орқали янги мулкдорлар пайдо келгандан кейин солиқ тўловлари ошган. Номини эслатмасдан хусусийлаштирилган бошқа йирик объектларни олиб қарайдиган бўлсангиз, солиқ тўловлари камайган. Яъни, нима учун ишонч керак дейилса, бу ишонч жамият аъзоларидан ҳам кўра кўпроқ мулкдорларга керак деган бўлардим. Хусусийлаштириш натижалари давр ўтиб, сиёсат ўзгариб, яна қайта кўриб чиқилмаслиги — умуман мулк дахлсизлиги учун ҳам керак.

Масалан, уяли алоқа компаниялари, цемент заводлари хусусийлаштирилиши катта саволлар остида эди. Нега, чунки ўша жараёнга нисбатан ҳеч кимнинг ишончи йўқ. Ҳатто, давлат органларининг ҳам ишончи йўқ эди. Шунинг учун, улар давлатга қайтарилаётганда мулкчилик ҳуқуқи қаерда қолди деб жамият савол бермади. Боиси, унинг қандай хусусийлаштирилганини жуда яхши билишарди. Худди шундай цемент заводлари ҳам 2000 йилларда қандай назорат остига олингани, қандай қилиб сохта хусусийлаштириш схемалари орқали эгалик қилинганини ҳамма биларди.

Лекин соғлом аукцион, бир неча рақобатлашувчи талабгорлар иштирокида бозор нархида қўлга киритилган активнинг эртанги национализацияси масаласи кўтарилганда, жамият ҳеч кимни тўхтатмади. Ҳар хил йўллар билан қайсидир активларга эгалик қилишни истовчилар, ичидан ўзининг улушини чиқариб олиб, активларни сувтекинга хусусийлаштириш ҳаракатидагилар жуда кўп. Лекин 5−10 йил ўтадими, уларга қайта-қайта саволлар берилаверади.

— Хусусийлаштиришда доимо тенг рақобат қилиниши керакми ёки қайсидир бой инвесторлар устунликка эга бўлиши нормалми?

— Агар у махсус актив бўлмаса, иложи борича қўшимча критерийлар, шартлар, мезонлар белгиланмаслиги керак. Очиқ бозорда профили ва инвестицияларнинг келиб чиқиш манбаи қандай, қайси соҳаданлигидан қатъий назар, талабгорлар сонини оширишимиз энг яхши мулкдорларни топишимизга имкон яратади. Масалан, Coca-Cola'ни хусусийлаштиришда аукционда нега фақат салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчиларигина иштирок эта олди? Бунда исталган инвесторни қўйиш мумкин эди. Айтайлик, катта қурилиш компанияси ҳам қатнашиб, ғолиб бўлганида ундан ёмон бошқарувчи чиқмас эди. Унинг тажрибаси йўқ дейишга ҳаққимиз йўқ эди.

Айрим кичик банкларнинг хусусийлаштирилишида ҳам тижорат банки ёки молиявий институт бўлиши керак деган талаб қўйилган. Мен мана шу талабни ҳам нотўғри деб ҳисоблаганман. Чунки ўзининг пулини тўлаб, рақобатли савдода ғолиб чиққан одам бошқарувда керакли мутахассисларни топа олади. Профессионал жамоани йиға олади. Мулкдорлик ва бошқарувчилик айни бир йўналишда бўлиши шарт эмас.

— Мана шу жараёнда инвесторларга қандай талаб ва мажбуриятлар қўйилиши керак деб ҳисоблайсиз?

— Бу активнинг хусусиятига боғлиқ. Профилга нисбатан талаб қўйилишини нотўғри деб ҳисоблайман. Мисол учун, цемент заводларини хусусийлаштиришда ишлаб чиқаришдаги тажрибаси деган критериянинг мавжудлиги талабгорлар сонини кескин камайтиради. Талабгорлар сонининг кескин камайиши ўз-ўзидан нархни паст қилади. Хусусийлаштиришда асосий мақсадлардан бири иложи борича қиммат сотиш ва талабгорлар сонини оширишда бўлиши керак.

— Йўқ, хусусийлаштиришдан олдин эмас, хусусийлаштиришдан кейинги мажбуриятларни назарда тутгандим.

— Ҳа, хусусийлаштиришдан кейинги мажбуриятлар ҳам бўлиши керак. Айтайлик, сиз қандайдир нархдан бошқа қўшимча мажбуриятлар юклаяпсизми, шу жойнинг ўзида ютқазганингиз бўлади. Сизга, айтайлик, инвестицион, ижтимоий мажбуриятлар юклашади, фалон йил мобайнида 150 миллиард сўм инвестиция киритишинг керак деган шарт қўшиляпти. Ёки фалон йил мобайнида шу активнинг ижтимоий қарамоғида бўлган иккита боғчага қараб юришинг керак дейишяпти, у ҳам нархни пасайтиради. Пахтакор стадиони зўр мисол бўлади. Пахтакор клубини сотаётганда Пахтакор стадиони билан сотилиши нархни пасайтиради. Яъни булар — 2 та ҳар хил актив. Пахтакор клуби, Пахтакор стадиони алоҳида сотилиши керак эди. Тижорий ва ижтимоий объектлар ажратилиши керак.

— Унда давлат нега буларни қориштириб хусусийлаштиради, сизнингча?

— Асосий масала шу ерда. Жуда кўп профил ва секторларда давлат чин дилдан воз кечишни истамайди. Бунинг аксини қанча айтиб чиқмасин, назоратида олиб туриш керак деб ҳисоблайди. Ўзининг назоратидан қанча узоқлашадиган бўлса, унга бўлган таъсир чоралари шунча камаяди. Давлат банкларини хусусийлаштириш йилдан-йилга кечиктирилаётганининг сабабларидан бири ҳам худди шу билан боғлиқ. Давлат жуда кўп ижтимоий дастурлари: ишсизлик, бандлик билан боғлиқ вазифаларни ҳалигача банклар орқали амалга оширишда кўради. Ундан ташқарида кўра олмайди. Шунинг учун ҳам пайсалга солинаверади. Шунинг учун ҳам қайта-қайта янги қарорлар чиқади.

— Хўп, дейлик, активларни ажратиш сиёсати бошланадиган бўлса, шунда ҳам кириб келадиган инвестор олдида бирор мажбурият бўлиши керакмасми?

— Энди банклар мисолини кўп гапиряпмиз-ку. Банкларга ҳеч қанақа мажбурият юкланмаслиги керак. Яъни инвестор сотиб оляптими, унга нисбатан на ижтимоий, на инвестицион мажбурият юкланмаслиги керак деб ҳисоблайман. Мана бозор нархида сотиб олинг ёки ўзаро, тўғридан-тўғри музокараларга киришинг, бир неча талабгорни чақиринг, энг яхши тижорий таклифларни бергани билан битим тузинг, шундай қилишимиз керак. Худди шунақа уяли алоқа компаниялари билан ҳам. Ёнига инвестицион мажбурият қўшилдими, сотув нархи пасаяди. Биринчи марта эмас-ку, неча марта шундай ҳолатларни кўрдик. Давлат инвесторлар, мулкдорлар билан фақатгина солиқ орқали муносабатга киришиши керак. Ижтимоий масалаларни давлатнинг ўзи зиммасига олиши лозим. Бизда тескариси кетяпти. «Жаноблар, сизга жуда арзон нархда уяли алоқа компаниясини беряпмиз, бошқа талабгорларни қатнаштирмадик, ўзингиз яккахон бўлиб ютиб чиқдингиз, энди марҳамат қилиб солиқ тўланг» деган қадам бўлиши керак.

— Демак, приоритетлар қайта кўриб чиқилиши керак.

— Бутунлай қайта кўриб чиқилиши керак. Яъни тўғри хусусийлаштириш давлатга тушумни оширади ва бу орқали давлат ўз вазифасини, зиммасидаги вазифасини тўлиқ амалга ошириши мумкин. Давлат бу нарсаларни чалкаштириб юбормаслиги керак. Бизда эски даврнинг ҳам, янгисининг ҳам хатоси хусусийлаштирилмайдиган активларни хусусийлаштиришни исташимизда. Хусусийлаштирилиши керак бўлган банкларни чўнтагимизда ушлаб ўтирамиз. Иккинчи парадокс ҳолат халқаро молия институтлари, ғарбдаги ҳамкорларимиз хусусийлаштириш масаласини танқид қилмаслиги билан боғлиқ. Бунинг сабаби нимада экани мени ҳам қизиқтиради, мисол учун. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банкидан бошлаб, Европа ва Осиёнинг молия институтларигача бу билан боғлиқ конфликтга киришгиси келмайдигандек кўринади. Ваҳоланки, энг катта танқидга сазовор, дучор бўлиниши керак бўлган йўналиш шу.

— Муваффақиятли хусусийлаштириш амалга оширилганини қачон билиш мумкин?

— Муваффақиятли хусусийлаштириш деганда мен битта объектни назарда тутмайман, бутун бошли тизим ўзгариши керак деб ҳисоблайман. Муваффақиятли хусусийлаштиришдан кейин сиёсий конъюнктура, сиёсий идеология бутунлай ўзгаради. Агарда хусусийлаштиришдан кейин сиз нафақат эркин бозор, эркин сиёсий плурализмга ҳам келган бўлсангиз, демак, муваффақиятли хусусийлаштиришни амалга оширдим деб ҳисобласангиз бўлади. Иқтисодиётингизда яралган плюрализм, сиёсатингизда ҳам плурализм яратиши керак бўлади.

— Тушунарли. Отабек ака, бугун жуда муҳим мавзу ҳақида гаплашдик. Келганингиз учун раҳмат катта.

— Сизга ҳам раҳмат. Соғ бўлинг.

Д.Шомирзаева тайёрлади.

gazeta.uz


Улашиш :



Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари

17 09 2026 / 14:03