Ўзбекистонда маҳаллий маҳсулот етарли бўлган даврда импорт божларини ошириб, тақчиллик юзага келганда пасайтириш таклиф қилинмоқда. Бизнес фермерларни ҳимоя қилиш миллионлаб истеъмолчилар учун озиқ-овқат қимматлашига олиб келишидан огоҳлантирди. ИССВ божларнинг нархларга таъсирини баҳолашга рози.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат
ва савдо вазирлиги Вазирлар маҳкамасининг мавсумий божларни қўллаш тартиби
тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат 27
октябрь куни президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича
жамоатчилик кенгаши йиғилишида муҳокама қилинди.
Вазирлик вакили Камола Ризаеванинг
маълум қилишича, лойиҳада мавсумий божларни жорий этиш, уларни ўзгартириш
ва бекор қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш, иқтисодий таҳлил ўтказиш ҳамда
тегишли қарорлар қабул қилиш тартиби белгиланмоқда.
Таклиф
этилаётган механизмга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги истеъмолчилар, маҳаллий
ишлаб чиқарувчилар ва тармоқ уюшмаларининг мурожаатлари асосида ёки
бозорни ҳар чоракда мустақил таҳлил қилиш натижаларига кўра импорт божи
ставкаларини ўзгартириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.
Лойиҳада тартибга солишнинг икки
даври назарда тутилган:
·
Таъминот етарли бўлмаган давр — маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми ички талабни
қопламаган ҳолат. Бунда амалдаги импорт божини пасайтириш таклиф қилиниши
мумкин.
·
Таъминот тўлиқ бўлган давр — ички ишлаб чиқариш талабни қондириш учун
етарли ёки ундан юқори бўлган ҳолат. Бундай вазиятда маҳаллий ишлаб
чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида божни оширишга йўл қўйилади.
Мавсумий божларнинг амал қилиш
муддати кўпи билан олти ойни ташкил этади. Бунда божхона тарифининг одатдаги
ставкаси ўрнига махсус мавсумий ставка қўлланади.
Қарорлар
қандай қабул қилинади?
Таклиф олинганидан сўнг
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги беш кун ичида Иқтисодиёт
ва молия вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига сўровлар юбориши кўзда тутилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
сўнгги уч йилда ички истеъмол ҳажмлари, ойлар кесимидаги маълумотлар, бозорнинг
маҳаллий маҳсулотлар билан таъминланганлик даражаси, прогноз қилинаётган ишлаб
чиқариш ҳажми ва мавжуд захиралар тўғрисида маълумот тақдим этиши керак
бўлади.
Шунингдек, мавсумий божларнинг
маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва давлат бюджети даромадларига эҳтимолий
таъсири баҳоланади.
Рақобат қўмитаси экспорт қилувчи
мамлакатлардаги нархлар, маҳаллий маҳсулот таннархи, улгуржи ва чакана
нархлар, шунингдек, ставкалар ўзгаришининг рақобат муҳитига эҳтимолий таъсири
ҳақида маълумот тақдим этади.
Олинган маълумотларни
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 10 кун ичида таҳлил қилиб, Жаҳон
савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияга хулоса тақдим
этади. Бунда вазирлик нафақат божларни ўзгартиришни (ошириш ёки камайтириш),
балки бозорни тартибга солишнинг муқобил чораларини ҳам таклиф қилиши мумкин.
Келиб тушган ташаббуслар ҳақидаги
маълумотларни вазирликнинг расмий сайтида эълон қилиш режалаштирилмоқда.
Манфаатдор томонлар ўз таклиф ва мулоҳазаларини юбориши мумкин.
«Кимни
ва кимнинг ҳисобидан ҳимоя қиляпмиз?»
Korzinka супермаркетлар тармоғи
асосчиси ва Савдо ва сервис уюшмаси раиси Зафар Ҳошимов йиғилишда
сўзга чиқиб, мавсумий божларни тартибга солишнинг умумий концепциясини
қўллаб-қувватлашини, аммо лойиҳада истеъмолчилар учун назарда тутилган
кафолатлар етарли эмаслигини таъкидлади.
«Бу ерда
принципиал саволлар бор. Биз фермерларни кимнинг ҳисобидан ва қандай иқтисодий
натижа эвазига қўллаб-қувватламоқдамиз? Агар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни
ҳимоя қилиш натижасида миллионлаб истеъмолчилар қимматроқ маҳсулот сотиб олишга
мажбур бўлса, бундай сиёсатнинг умумиқтисодий самарасини яна жиддий ўйлаб
кўришимиз керак», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, божларни
ошириш нафақат импорт, балки маҳаллий маҳсулотлар нархининг ҳам кўтарилишига
олиб келиши мумкин, чунки рақобатнинг сусайиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга
нархларни ошириш имконини беради.
Бундай ўзгаришлар, айниқса, даромади
паст оилалар учун сезиларли бўлиши мумкин, чунки уларнинг харажатларида
озиқ-овқат маҳсулотлари катта улушни эгаллайди.
Ҳошимов мавсумий божларни оширишдан
олдин уларнинг чакана нархлар, озиқ-овқат инфляцияси ва аҳолининг харид
қобилиятига таъсирини мажбурий баҳолашни таклиф қилди.
Унинг фикрича, ҳисоб-китоб
натижалари қарор қабул қилувчи органларга тақдим этилиши ва жамоатчиликка
эълон қилиниши керак.
«Ҳосил олингани маҳсулот истеъмолчига етиб борганини
англатмайди»
Тадбиркор яна бир муаммо сифатида
маҳаллий маҳсулот етарлилигини белгилаш учун аниқ мезонлар мавжуд эмаслигини
кўрсатди.
Унинг сўзларига кўра, йиғиб олинган
ҳосил ва омборлардаги захиралар ҳақидаги маълумотлар аҳолининг маҳсулот
билан ҳақиқий таъминланганлик даражасини акс эттирмайди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бир
қисми сақлаш ва ташиш жараёнида йўқотилади, бир қисми сифат талабларига
жавоб бермайди, яна бир қисми эса истеъмолчиларга етказиб бериш қийин ёки
қиммат бўлган ҳудудларда бўлиши мумкин.
«Бозорнинг
таъминланганлигини далада қанча ҳосил олингани билан эмас, истеъмолчига қанча
сифатли, яъни сифати мақбул бўлган маҳсулот мақбул нархларда етиб бориши билан
ўлчаш мумкин», — деди Ҳошимов.
У карам билан боғлиқ мисолни
келтирди: Сурхондарё вилоятида фермер уни ҳатто килосига 1000 сўмдан ҳам сота
олмаслиги, Тошкентда эса худди шу маҳсулот 5000 сўм туриши мумкин.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, бундай
фарқ, жумладан, маҳсулотларни сақлаш ва логистика инфратузилмасининг
етарли даражада ривожланмагани билан изоҳланади.
Ҳошимов божларни ошириш
фермерларнинг ўз даромадларини албатта кўпайтиришига ҳам шубҳа билдирди.
«Биз
фермерни қўллаб-қувватлаш мақсадида қилган бўламиз, аммо харажатни
истеъмолчилар қоплайди. Лекин фермерга бу нарсадан ҳеч нима етиб бормайди…
Қолган иқтисодий манфаат кимга тегади? Эҳтимол, воситачилар, улгуржи
савдогарлар ёки чакана савдо тармоқларига тегар», — дея огоҳлантирди у.
Тадбиркор ҳар бир қарор
самарадорлигини баҳолаш учун учта асосий кўрсаткичдан фойдаланишни таклиф
қилди: фермернинг амалдаги сотув нархи ва даромади ўзгариши, истеъмолчилар
учун чакана нархлар ўзгариши, шунингдек, ички бозорда маҳсулот ҳажми
ва унинг мавжудлигига таъсири.
«Бизга вето
ҳуқуқи керак эмас, лекин бизни ҳам эшитишлари керак»
Ҳошимов лойиҳада бозор иштирокчилари
билан маслаҳатлашувлар назарда тутилганига, аммо уларнинг мажбурийлиги ва
ўтказиш тартиби белгиланмаганига эътибор қаратди.
У божларни жорий этиш ёки
ошириш тўғрисида қарор қабул қилинишидан олдин Савдо-саноат палатаси, импорт
қилувчилар, чакана савдо тармоқлари ва истеъмолчилар вакиллари билан
муҳокамалар ўтказишни мажбурий қилишни таклиф этди.
Унинг сўзларига кўра, савдо
тармоқларида сотувлар, амалдаги нархлар, маҳсулот сифати, йўқотишлар ва харидорлар
талаби ҳақида долзарб маълумотлар мавжуд. Бу маълумотлар расмий
статистикани тўлдириши мумкин.
Тадбиркор қулупнай мисолида об-ҳаво
шароитлари экин майдонлари кенгайган тақдирда ҳам бозордаги вазиятни сезиларли
даражада ўзгартириши мумкинлигини айтди.
«Бу савдо
тармоқларига қарорни тўхтатиш ҳуқуқини бериш дегани эмас. Бу давлат
қарорлари бозорнинг ҳақиқий ҳолати ҳақидаги тўлиқ маълумот асосида қабул
қилиниши сўраляпти. Вето сўрамаяпмиз, лекин бизни ҳам эшитишларини
хоҳлаяпмиз», — деди Ҳошимов.
Амалдаги
импорт шартномалари нима бўлади?
Муҳокама иштирокчилари импорт
қилувчилар учун юзага келиши мумкин бўлган хатарларга ҳам алоҳида эътибор
қаратди.
Ҳошимов импорт маҳсулотларини харид
қилиш, ишлаб чиқариш, юклаш ва Ўзбекистонга етказиб бериш бир неча ҳафта ёки
ой давом этиши мумкинлигини таъкидлади.
Агар тадбиркор шартнома тузиб,
маҳсулот учун ҳақ тўлаб, уни Ўзбекистонга жўнатганидан сўнг божхона божи
оширилса, у товар етказиб беришни режалаштиришда кўзда тутилмаган қўшимча
харажатларга дуч келади.
Бундан ташқари, келгусидаги
ставкалар бўйича ноаниқлик етказиб берувчиларни импортни олдиндан қисқартиришга
мажбур қилиши, бу эса тақчиллик ва нархлар ошишига олиб келиши
мумкин.
Шу муносабат билан Ҳошимов
мавсумий божлар жорий этилиши ҳақида камида 30 календарь кун олдин эълон
қилишни, Ўзбекистонга жўнатиб бўлинган товарлар ва аввал тузилган
шартномалар учун эса ўтиш механизмини назарда тутишни таклиф қилди.
«Янги ставка
кучга киришдан олдин жўнатилган товарлар ва аввалдан тузилган шартномалар
учун ўтиш қоидалари белгиланиб берилиши керак. Шунда нима бўлади? Тадбиркор
хотиржам бўлади, яъни маҳсулотни чиқариб шартномалар тузган бўлса ҳам,
қандайдир механизм бўлади уни муҳофаза қиладиган, яъни маҳсулотлар оқимига
зарар етмайди. Бизнесда энг муҳим шароитлардан бири бу қоидаларнинг олдиндан
маълум бўлиши ва барқарорлигидир», — деди у.
Шунингдек, тадбиркор мавсумий божлар
жорий этилганидан сўнг нархлар кескин ошса, тақчиллик юзага келса ёки маҳаллий
ишлаб чиқарувчилар кутилган ҳажмда маҳсулот етказиб бера олмаса, божларни
тезкор бекор қилиш ёки пасайтириш тартибини белгилашни таклиф қилди.
Унинг фикрича, бундай ҳолатларда
олти ойлик муддат тугашини кутиш мумкин эмас.
«Бизда
кўпинча шундай бўлади: бож тезда жорий этилади, бекор қилиниши эса жуда секин
кечади. Агар уни олти ойга белгиласак, маҳсулот бозорда қолмаган бўлса ҳам, бож
шу олти ой давомида амал қилиш хавфи бор», — дея огоҳлантирди
Ҳошимов.
У божлар қайта кўриб чиқилиши
керак бўлган аниқ кўрсаткичларни белгилаш, шунингдек, бозор маълумотларини
тезкор йиғиш ва таҳлил қилиш механизмини жорий этишни таклиф қилди.
Қайта
ишловчилар экспорт учун хатарлардан огоҳлантирди
Мева-сабзавотларни қайта ишловчи
ва экспорт қилувчилар ассоциацияси раҳбари Сардор Аббосхонов мавсумий
божлар нафақат истеъмолчиларга, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта
ишловчи корхоналарга ҳам таъсир қилиши мумкинлигига эътибор қаратди.
Унинг сўзларига кўра, айнан ҳосил
оммавий йиғиладиган, мева ва сабзавотлар нархи энг паст бўладиган даврда
қайта ишловчилар қуритиш, сублимация, консервалаш ва концентратлар ишлаб
чиқариш учун хомашё харид қилади.
Бу даврда импорт божларининг
оширилиши хомашё қимматлашиши ва тайёр маҳсулот рақобатбардошлиги
пасайишига олиб келиши мумкин.
Тадбиркор бундай сиёсат бир неча
мавсум давом этса, қайта ишловчи корхоналарнинг бир қисми жиддий молиявий
қийинчиликларга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Тасаввур
қилинг: вазирлик фермерларни қутқараман деб, ўша пайтда божларни оширади.
Нархлар автоматик равишда кўтарилади ва улар ишлаб чиқарган маҳсулот
рақобатбардош бўлмай қолади», — деди у.
Йиғилиш иштирокчиси маҳаллий қайта
ишловчилар ва тайёр маҳсулот импорт қилувчилар учун шартлар тенг
бўлмаслиги мумкинлигига ҳам эътибор қаратди.
У мева концентратларини мисол
қилиб келтирди. Унинг сўзларига кўра, агар божларнинг оширилиши мамлакат ичида
мева ва сабзавотлар қимматлашишига олиб келса, аммо импорт концентратлари
худди шундай қўшимча харажатларсиз олиб кирилса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар
хорижий етказиб берувчилар билан рақобатда ютқазиши мумкин.
Шунингдек, у фақат импорт
божларини ошириш орқали ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш эмас, балки қишлоқ
хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш, эски боғларни янгилаш, замонавий навлар
ва технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Божларни
ошириш ўрнига тариф квоталаридан фойдаланиш таклиф қилинди
Кенгашнинг яна бир аъзоси Саидвали
Насриддинов муқобил механизм — тариф квоталарини кўриб чиқишни таклиф
қилди.
Унинг
фикрича, импортнинг бутун ҳажмига божни ошириш ўрнига, маълум миқдордаги
маҳсулотни пастроқ ставкада олиб кириш имкониятини бериш мумкин. Бунда
оширилган бож фақат белгиланган квотадан ортиқ ҳажмда олиб кирилаётган
товарларга қўлланади.
Бу, унинг таъкидлашича, қайта
ишловчи корхоналарга зарур хомашёни олиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий
ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳисобга олиш имконини беради.
У, шунингдек, қарор қабул қилишда
инсон омили таъсирини камайтириш учун бозор мониторингининг ягона
ва шаффоф рақамли тизимини яратишни таклиф қилди.
Унинг фикрича, божларни ўзгартириш
бўйича таклифларни кўриб чиқиш муддатини 10−15 кундан 3−5 кунгача қисқартириш
лозим, чунки тез бузиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозоридаги вазият ҳар
куни ўзгариши мумкин.
Бундан ташқари, кенгаш аъзоси
Савдо-саноат палатаси ва агробизнес бирлашмалари вакилларини овоз бериш
ҳуқуқи билан идоралараро комиссия таркибига киритишни таклиф қилди.
Яна бир ташаббус муайян товарларга
мавсумий божлар қўлланиши мумкин бўлган даврлар тақвимини ҳар йили олдиндан
эълон қилишни назарда тутади.
Бизнес-омбудсман
қонунчилик билан эҳтимолий зиддиятларга эътибор қаратди
Тадбиркорлик субъектларининг
ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтининг
вакили лойиҳанинг ҳуқуқий жиҳатига эътибор қаратди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда
мавсумий божларнинг ставкалари ва амал қилиш муддатларини ўзгартириш
тўғрисидаги қарорлар идоралараро комиссия томонидан қабул қилиниши
ва баённомалар билан расмийлаштирилиши белгиланган.
Бироқ бизнес-омбудсман вакили
таъкидлаганидек, бундай қарорлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг
номаълум доирасига тааллуқли бўлгани учун норматив хусусиятга эга.
У норматив-ҳуқуқий
ҳужжатлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда Божхона кодексининг 289
ва 290-моддаларига ишора қилди. Божхона кодексининг 289-моддасига мувофиқ,
божхона божлари ставкалари Ўзбекистон президенти томонидан белгиланади.
Муҳокама иштирокчиси идоралараро
комиссия баённомаси қонунчиликда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
турига кирмаслигини қайд этди.
Унинг фикрича, ставкаларни
ўзгартириш ваколатини комиссияга бериш масаласи қўшимча ҳуқуқий баҳолашни
ва амалдаги нормалар билан мувофиқлаштиришни талаб қилади.
Шунингдек, у комиссия
ваколатларини 2020 йил 28 майдаги 339-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан
тасдиқланган низомга мувофиқлаштиришни таклиф қилди.
Инвестициялар,
саноат ва савдо вазирлиги нархларга таъсирни қўшимча баҳолашга рози бўлди
Инвестициялар, саноат ва савдо
вазирлиги вакили билдирилган эътирозларга жавобан ишлаб чиқувчилар мавсумий
божларнинг истеъмол нархларига таъсирини мажбурий баҳолаш тўғрисидаги нормани
ҳужжатга қўшишга тайёр эканини маълум қилди.
«Биз
бу таклифни қабул қиламиз. Божларни оширишдан олдин унинг истеъмол
нархларига қай даражада таъсир қилиши албатта баҳоланади. Буни лойиҳага киритамиз.
Ҳеч қандай эътирозимиз йўқ», — деди у.
Ички ишлаб чиқариш етарлилигини
баҳолаш масаласида вазирлик вакили тегишли ваколатлар Қишлоқ хўжалиги
вазирлигига тааллуқли эканини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ишлаб
чиқувчилар ички бозорнинг таъминланганлик мезонлари бўйича қўшимча таклифларни
кўриб чиқишга тайёр. Бу механизм ишончли ва долзарб маълумотларга
асосланишини таъминлаши керак.
Муҳокама давомида вазирлик вакиллари
ҳамда кенгашнинг айрим аъзолари ҳужжатнинг турли таҳрирлари билан ишлагани ҳам
маълум бўлди. Вазирлик вакили янгиланган лойиҳа 33 банддан иборат эканини
ва билдирилган эътирозларнинг бир қисми аллақачон инобатга олинганини
маълум қилди.
Йиғилишга раислик қилувчи эса
ҳужжатни тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва бошқа манфаатдор бозор иштирокчилари
билан бевосита муҳокама қилишни талаб қилди.
Йиғилиш якунида лойиҳани билдирилган
таклиф ва эътирозларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча ишлаб чиқиш ҳамда
кенгаш муҳокамасига қайта киритиш таклиф этилди.
Мавсумий божхона божларини қўллаш
имконияти Ўзбекистон Божхона кодексида аллақачон
назарда тутилган. 290-моддага кўра, бундай божлар товарларни олиб кириш
ва олиб чиқишни тезкор тартибга солиш учун қўлланади. Улар амал қилган
даврда божхона тарифининг одатдаги ставкалари қўлланмайди.
Мавсумий божнинг амал қилиш муддати
у белгиланган кундан бошлаб кўпи билан олти ойни ташкил этади.
Шу тариқа, муҳокама қилинаётган лойиҳа божхона тўловининг янги турини
жорий этишни эмас, балки уни қўллаш ва ўзгартириш бўйича қарорлар қабул қилиш
тартибини белгилашни таклиф қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда
ҳукумат вакиллари сут маҳсулотлари, мева ва макарон маҳсулотларини ҳам ўз
ичига олган тўққиз гуруҳ товарлар учун ноль ставкадаги импорт божларини узайтирмасликни
ҳам таклиф қилган эди.
Президент ҳузуридаги кенгаш аъзолари нархлар ошиши ва иқтисодий асослар етарли
эмаслигидан огоҳлантирган. Лойиҳани қайта ишлаш учун қайтариш таклиф қилинган.
gazeta.uz
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари
10 11 2026 / 15:38