Июл ойида муҳокамага
қўйилган қарор лойиҳасида жамоат яйловлари аҳоли учун пулли (фақат
камбағалларга текин) бўлиши назарда тутилган эди, лекин кейинроқ президент
имзолаган қарорга бу банд киритилмаган. 10 ноябр куни Қонунчилик палатаси яйлов
чиптасини ҳам ўз ичига олувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Муҳокама вақтида
чипта пулли бўлиши айтилди, расмий хабарда эса текин бўлиши ваъда қилинган.
Яйлов чиптаси: далада
мол боқиш пулли бўладими?
Ижтимоий тармоқларда
яйлов чиптаси жорий қилиниши ҳамда эндиликда далада мол боқиш пулли бўлиши
ҳақидаги хабарлар тарқалди. Kun.uz ҳолатни ўрганди.
“Яйлов чиптаси” тизими
бундан бир неча ой аввал Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган
қарор лойиҳасида келтирилган. Лойиҳада яйлов чиптаси пулли бўлиши қайд этилган.
Аммо президент имзолаган қарорда яйлов чиптаси ўтмаган.
Чипта механизми 10
ноябр куни Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилган “Яйлов
тўғрисида”ги қонунга киритилган. Бироқ палата хабарида у пулли ёки бепул
бўлишига аниқ айтилмаган.
Халқ демократик
партияси фракциясининг йиғилишидан тарқатилган видеолавҳада чипта пулли бўлиши
айтилган, партиянинг бу йиғилиш ҳақидаги матнли ахборотида эса фуқаролар яйлов
чиптаси асосида ер майдонларидан бепул фойдаланиши қайд этилган.
Вазирлик лойиҳаси
Қишлоқ хўжалиги
вазирлиги 2026 йил июлида яйлов ерларидан самарали фойдаланишни назарда тутувчи
қарор лойиҳасини муҳокамага қўйган. Муҳокама 29 июлда якунланган.
Ҳужжат лойиҳасида
маҳаллий аҳоли томонидан уй шароитида боқиладиган чорва молларини ўтлатиш учун
бўш турган ерларда жамоат яйловларини ташкил этиш таклифи илгари сурилган.
Жамоат яйловлари халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг қарорига асосан
ҳудудий яйлов хўжаликлари томонидан 49 йил муддатга маҳалла фуқаролар
йиғинларига бепул ижарага берилиши назарда тутилган.
Лойиҳада жамоат
яйловларидан фойдаланишда ҳар ойлик яйлов чиптаси тизими жорий қилиниши, чипта
маҳаллий аҳолига пулли ва камбағаллик реестрида рўйхатда турган аҳоли учун
бепул асосда тақдим этилиши, чиптанинг ойлик тўлов миқдори маҳалла фуқаролар
йиғини кенгашининг қарори билан белгиланиши назарда тутилган.
Шунингдек, жамоат
яйловларидан фақат ўша ҳудудда доимий яшовчи маҳаллий аҳоли эҳтиёжлари учун уй
шароитида боқиладиган чорва молларини ўтлатиш учун фойдаланилиши, уни иккиламчи
ижарага бериш, фойдаланувчилар ўртасида ер участкаларини чегаралаш ва бўлиб
олиш тақиқланиши кўзда тутилган.
Президент қарори: аҳоли
жамоат яйловларидан текинга фойдаланади
2026 йил 14 октябр куни
президентнинг “Яйлов ерларидан самарали фойдаланиш ва чорвачилик хўжаликларини
давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
қарори қабул қилинди. Ҳужжат 15 октябрдан кучга кирган.
Қарорда маҳаллий аҳоли
томонидан уй шароитида боқиладиган чорва молларини ўтлатиш учун бўш турган
яйлов ерларида жамоат яйловлари ташкил этилиши ва бу жамоат яйловларидан
фуқаролар бепул фойдаланиши белгиланган.
Қарор лойиҳасида мавжуд
бўлган яйлов чиптаси масаласи қарорнинг давлат раҳбари томонидан имзоланган
якуний таҳририга киритилмаган.
Ҳужжатга кўра, жамоат
яйловлари халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг қарорига асосан
ҳудудий яйлов хўжаликлари томонидан 49 йил муддатга маҳалла фуқаролар йиғинларига
бепул ижарага берилади. Ижарага берилган яйлов ер майдонларига солиқ солишнинг
нол ставкаси қўлланади.
Қарорда белгиланишича,
жамоат яйловларидан фақат шу ҳудудда доимий яшовчи маҳаллий аҳоли эҳтиёжлари
учун уй шароитида боқиладиган чорва молларини ўтлатиш мақсадида фойдаланилади
ҳамда ушбу ерларни тўлиқ ёки қисман муайян шахсларга бириктириб бериш,
иккиламчи ижарага бериш, фойдаланувчилар ўртасида ер участкаларини чегаралаш ва
бўлиб олиш тақиқланади. Бундай яйловлардан фойдаланишда ҳар бир хонадонга тўғри
келадиган чорва моли сонининг чекланган миқдори МФЙ томонидан мустақил
белгиланади.
Жамоат яйловларидан
фойдаланиш ва уларни сақлашда чорвачилик хўжаликлари яйловлари учун белгиланган
қоидалар, норма ва нормативларга амал қилинади.
Қарорга асосан, 2026
йил охиригача республика бўйича жами 470 та маҳаллада 627 минг гектар жамоат
яйлови ташкил этилиши керак.
Чипта механизми қонунга
киритилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси 10 ноябр кунги мажлисида “Яйловлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи
ўқишда қабул қилди.
Қонун билан аҳоли
хонадонларининг яйловлардан фойдаланишини қонунийлаштириш мақсадида жамоат
яйловлари институти жорий қилинмоқда.
Шунингдек,
ишлатилмаётган яйловларни электрон аукцион, инвестиция шартномаси ва
давлат-хусусий шериклик асосида иқтисодий айланмага киритиш механизми
яратилмоқда. Яйловдан фойдаланиш тартиб-таомиллари маҳаллий аҳоли ва бизнес
учун ижара шартномаси ва чипта механизмлари асосида соддалаштирилган тарзда
амалга оширилиши кўзда тутилган.
Қонунчилик палатаси
тарқатган расмий хабарда чипта пулли ёки бепул бўлишига аниқлик киритилмаган.
Пулли бўладими ёки
бепул?
“Яйловлар тўғрисида”ги
қонун лойиҳаси ялпи мажлисдан бир кун олдин, 9 ноябр куни Халқ демократик
партияси фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган.
Йиғилиш юзасидан партия
эълон қилган хабарда фуқаролар яйлов чиптаси асосида ер майдонларидан бепул
фойдаланиши мумкин бўлиши қайд этилган.
Аммо, айни шу йиғилиш
бўйича партия томонидан эълон қилинган видеолавҳага қараганда, йиғилишда
депутат: “Яйлов чиптаси пулли бўладими ёки йўқми?” дея аниқ савол қўйган,
маърузачи бунга жавобан пулли бўлишини айтган.
“E-yaylov электрон
платформаси орқали баҳоси белгиланиб чиқади, пулли бўлади. Чипта баҳоси
белгиланади. Тадбиркорнинг аризаси асосида электрон тарзда берилади”, деган у.
Қонунчилик палатаси
матбуот котиби Ғуломжон Самадов эса ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар
асоссиз эканини маълум қилди.
“Қонунчилик палатасида
муҳокама қилинаётган “Яйловлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси аҳоли ва бизнес учун
ортиқча юкламалар эмас, балки янада қулай имкониятлар яратишни назарда тутган.
Ҳужжатда яйловларда ўт ўришни пулли қилиш эмас, аксинча жамоат яйловларини
текинга бериб, одамлар учун ундан бепул фойдаланиш тартиблари белгиланмоқда”,
дея таъкидлаган Ғуломжон Самадов.
Яйловлар тоифаланади
Юқорида тилга олинган
президент қарорида яйлов ерларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза
қилишга доир бошқа қатор вазифалар ҳам белгиланган:
яйловлар деградациясини
қисқартириш,
яйлов ерларидан
фойдаланишда аҳоли ва бизнес учун манфаатли шаффоф механизмларни жорий этиш,
чорва молларини суғориш
учун 2026-2028 йилларда 323 та янги қудуқ қазиш шулар жумласидан.
Ҳужжатда яйловларда
ўтказилган геоботаник тадқиқотлар натижаларига кўра яйловлар “яшил”, “сариқ” ва
“қизил” тоифаларга ажратилиши ҳам белгиланган. Бунда:
“яшил” ҳудудларда
ўтлатиш нормаларига риоя қилинган ҳолда ўтлатишга рухсат берилади;
“сариқ” ҳудудларда
мажбурий тартибда алмашлаб ўтлатиш жорий этилади,
“қизил” ҳудудларда эса
чорва молларини ўтлатишга камида 3 йил муддатга мораторий эълон қилинади.
21 млн гектар яйлов
Қонунчилик палатасининг
маълум қилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда жами 21,2 млн гектар яйлов ерлари
бор. Шундан:
16,3 млн гектари
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий яйлов
хўжаликлари;
3 млн гектари ўрмон
фонди;
1 млн гектардан ортиғи
табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган;
890 минг гектар
майдонлар фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги, корхона ва бошқа ташкилотларига
тўғри келади.
Депутатларга кўра,
“Яйловлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий мақсади – яйловларни муҳофаза
қилиш ва деградацияни қисқартириш бўйича рақамли технологияларга асосланган
самарали механизмларини жорий қилиш, яйловлардан “иқтисодий актив” сифатида
фойдаланиш, жамоат яйловларини ташкил этиш учун ҳуқуқий асослар яратишдан
иборат.
kun.uz
Сарлавха :
Қонунлар
13 11 2026 / 15:09