Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон иқтисодиёти 2027−2029 йилларда қандай ривожланади? МБ прогноз ва сценарийлари


Улашиш :


МБ 2027 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7−7,5% га ўсиши, инфляция 5% гача пасайишини кутмоқда. Регулятор 4 та муқобил сценарийни кўриб чиқди: савдо ҳамкорлари валюталари қадрсизланиши, нефть ва озиқ-овқат қимматлашиши, кредитлаш суръатлари жадаллашиши. Бу хатарлар иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатади?

Ўзбекистон Марказий банки пул-кредит сиёсатининг 2027 йил ва 2028−2029 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари концептуал лойиҳасини тайёрлади.

Ҳужжат иқтисодий ривожланишнинг базавий прогнози, ташқи иқтисодий вазият, инфляция динамикаси, инвестициялар, истеъмол, экспорт, импорт ва кредитлаш кўрсаткичлари баҳосини, шунингдек, қўшимча иқтисодий хатарлар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар учун муқобил сценарийларни ўз ичига олади.

2027−2029 йилларга мўлжалланган асосий прогнозлар

Марказий банк кутилмаларига кўра, 2026 йилдаги юқори ўсиш суръатларидан сўнг иқтисодий фаоллик аста-секин мамлакатнинг потенциал имкониятлари даражасига яқинлаша бошлайди.

Бу ишлаб чиқариш, инвестициялар ва истеъмол ҳажми ошишда давом этишини, бироқ талабнинг кенгайиш суръатлари бирмунча мувозанатлашиши кераклигини англатади.

МБнинг асосий макроиқтисодий прогнози:

Кўрсаткич

2026 йил, кутилма

2027 йил

2028 йил

2029 йил

Йил охиридаги инфляция

7%

5%

5%

5%

ЯИМнинг реал ўсиши

8%

7−7,5%

6,5−7,5%

6,5−7,5%

Инвестициялар ўсиши

14−16%

12−14%

10−12%

10−12%

Уй хўжаликлари истеъмолининг ўсиши

7%

6,5−7,5%

6−7%

6−7%

Олтинни ҳисобга олмаганда экспорт ўсиши

20−25%

10−14%

10−12%

10−12%

Импорт ўсиши

15−20%

10−12%

10−12%

10−12%

Пул ўтказмалари ўсиши

8−10%

8−10%

8−10%

8−10%

Кредит портфели ўсиши

14−16%

12−14%

10−12%

10−12%

Умумий фискал баланс, ЯИМга нисбатан фоизда

−3%

−3%

−3%

−3%

Манба: Марказий банк.

Марказий банк 2027 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини аввалги баҳолашларга нисбатан яхшилади. Иккинчи чоракдаги пул-кредит сиёсати шарҳида ўсиш 6−7 фоиз даражасида кутилган бўлса, эндиликда 7−7,5 фоизни ташкил этмоқда.

Инвестицион фаоллик бўйича прогнозлар ҳам оширилди: 2027 йил учун 7−10 фоиздан 12−14 фоизгача, 2028 йил учун эса 7−10 фоиздан 10−12 фоизгача кўтарилди.

Шу билан бирга, регулятор кредит портфели, пул ўтказмаларидан олинадиган даромадлар ва ички талабнинг ўсиши бирмунча мўътадиллашишини кутмоқда.

Нима учун 2026 йилда инфляция кутилганидан юқори бўлади?

Энг сезиларли ўзгаришлардан бири — 2026 йил охири учун инфляция прогнозининг 6,5 фоиздан 7 фоизгача оширилиши бўлди.

Сентябрь ойида йиллик инфляция 6,4 фоизни ташкил этди. Мавсумий ҳамда нархлари тартибга солинадиган айрим товар ва хизматларни истисно қилувчи базавий инфляция март ойидан буён 5,5−5,7 фоиз оралиғида сақланиб, сентябрда 5,5 фоиз даражасида кузатилди.

МБ умумий инфляциянинг пасайишига товар ва хизматларнинг кенг доирасида нархлар ўсишининг худди шундай барқарор секинлашиши ҳамроҳлик қилмаётганига эътибор қаратмоқда.

Жумладан, тартибга солинадиган нархлар инфляцияси йил бошидаги 17,7 фоиздан сентябрда 12,5 фоизгача пасайди. Сентябрь ойида ишлаб чиқарувчилар нархлари индекси 7,6 фоизни ташкил қилди.

Аҳоли даромадлари, пул ўтказмалари ва истеъмол фаоллиги инфляцияга қўшимча босим ўтказмоқда. Регулятор баҳосига кўра, январь-сентябрь ойларида аҳолининг реал даромадлари 8,1 фоизга, ўртача реал иш ҳақи эса 10,7 фоизга ошди. Шу билан бирга, сентябрь ойида бюджет ташкилотлари ходимларининг маошлари 7 фоизга индексация қилинди.

Прогноз қайта кўриб чиқилишининг энг сезиларли бевосита омили тартибга солинадиган нархлар бўлди. Ҳужжатда қайд этилишича, 2026 йил охиригача аҳоли учун суюлтирилган газ, иссиқ сув таъминоти ва марказлашган иссиқлик таъминоти тарифларининг режалаштирилган ўсиши инфляцияга тахминан 0,8 фоиз банд миқдорида қўшимча тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.

Шундай қилиб, Марказий банк прогнознинг қайта кўриб чиқилишини нафақат эркин бозор нархлари динамикаси, балки маъмурий тартибга солинадиган тарифлар билан ҳам боғлайди.

Шу билан бирга, тарифларнинг таъсири фақат улар оширилган пайтнинг ўзи билан чекланиб қолмайди. Энергия ресурслари ва коммунал хизматларнинг қимматлашиши корхоналарнинг ишлаб чиқариш, ташиш ва хизмат кўрсатиш харажатларини ошириши мумкин.

Шу сабабли регулятор иккиламчи таъсирларни — яъни дастлабки нарх ошишининг бошқа товар ва хизматларга ҳам тарқалишини жиловлаш мақсадида қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш ниятида.

2027 йилда инфляция ниманинг ҳисобига пасайиши керак?

Марказий банк 5 фоизлик инфляцияга эришишнинг бир нечта асосий шартларини келтириб ўтади.

Биринчидан, 12 ой вақт ўтганидан кейин 2026 йилдаги тарифлар ошишининг бир қисми йиллик инфляция кўрсаткичида тўғридан-тўғри ҳисобга олинмай қолади. Регулятор ҳисоб-китобларига кўра, биргина тартибга солинадиган нархлар таъсирининг камайиши йиллик инфляциянинг 0,8−0,9 фоиз бандга пасайишига хизмат қилиши мумкин.

Иккинчидан, кредит ресурсларининг юқори қиймати истеъмол ва инвестиция талабининг ҳаддан ташқари кенгайишини жиловлаб туриши керак.

Учинчидан, аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари босқичма-босқич пасайиши кутилмоқда.

Ниҳоят, Марказий банк ташқи нарх босимининг сусайиши ҳамда мамлакат ичида товар ва хизматлар таклифи кенгайишига умид қилмоқда.

Мазкур шартлар бажарилган тақдирда, базавий инфляция 2027 йилда 4−5 фоизгача пасайиши, умумий инфляция эса йилнинг иккинчи ярмида 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга етиши лозим.

Марказий банк асосий ставкани пасайтиришга нега шошилмаяпти?

2026 йил давомида Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолди.

Номинал ставка ўзгармаган ҳолда инфляциянинг пасайиши пул-кредит сиёсатининг реал қатъийлиги ошишига олиб келди. Регулятор ҳисоб-китобларига кўра, сентябрга келиб реал асосий ставка билан унинг баҳоланган нейтрал даражаси ўртасидаги тафовут 3,1 фоиз бандга етди.

Нейтрал даража деганда иқтисодий фаолликни рағбатлантирмайдиган ва уни жиловламайдиган реал фоиз ставкаси тушунилади. Ҳужжатда унинг ўртача баҳоси 4−5 фоизни ташкил этади.

Базавий сценарийда Марказий банк 2026−2027 йилларда пул-кредит шароитлари қатъий сақланиб қолишини тахмин қилмоқда. «Пул-кредит шароитларини юмшатишга доир қарорлар инфляция динамикаси ва макроиқтисодий вазиятга боғлиқ бўлади», — дейилади лойиҳада.

Агар инфляцион босим кутилганидан юқори бўлиб чиқса, қатъий шароитлар узоқроқ сақланиб қолиши мумкин.

Бу омонат ва кредитларда қандай акс этади?

Юқори фоиз ставкалари миллий валютада жамғариш учун рағбат яратади, аммо бир вақтнинг ўзида қарз маблағларининг нархини оширади.

Марказий банк маълумотларига кўра, август ойида аҳолининг сўмдаги муддатли депозитлари бўйича реал фоиз ставкалари 7,9 фоизни, юридик шахсларники эса 5,3 фоизни ташкил этган. Кредитлар бўйича реал ставкалар аҳоли учун 10,4 фоизга, юридик шахслар учун эса 11,6 фоизга етган.

1 октябрь ҳолатига кўра, миллий валютадаги муддатли ва жамғарма депозитлар ҳажми 207,4 трлн сўмни ташкил қилди. Шундан 147 трлн сўми аҳоли омонатларига тўғри келди. Январь-сентябрь ойларида сўмдаги муддатли ва жамғарма омонатларнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 49,5 фоиз бўлди.

Шу билан бирга, кредитлаш суръати секинлашмоқда. Сентябрь ойи охирида миллий валютадаги кредит қолдиғининг йиллик ўсиши 17,1 фоизни ташкил этди, бу эса йил бошидагига нисбатан 5,2 фоиз бандга кам.

Январь-сентябрь ойларида аҳолига ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,5 фоизга қисқариб, 112,9 трлн сўмга етди.

Марказий банк омонатлар жозибадорлиги ва кредитлашнинг мўътадиллашуви ички талабнинг нархларга босимини пасайтиришга ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.

Даромадлар, уй-жой ва пул ўтказмаларининг ўсиши талабни қўллаб-қувватлайди

Марказий банк инвестициялар билан бир қаторда юқори истеъмол фаоллигини ҳам алоҳида қайд этмоқда.

Январь-сентябрь ойларида аҳолининг реал даромадлари 8,1 фоизга ошиб, уй хўжаликлари харажатларига туртки бўлди. Тўққиз ой давомида Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 15,2 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилгига нисбатан 8,9 фоизга ўсди.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, пул ўтказмалари аҳолининг харид қобилиятини юксалтириб, ички бозорда хорижий валюта таклифини оширади.

Кўчмас мулк бозорида ҳам қўшимча талаб кузатилди. Тўққиз ой ичида уй-жой олди-сотди битимлари сони 17 фоизга ошди. Иккиламчи бозорда нархлар сўмда ҳисоблаганда тахминан 7 фоизга, долларда эса 11,1 фоизга қимматлашди.

Марказий банк прогнозига кўра, келгусида истеъмол талабининг ўсиши бирмунча мўътадиллашади. Хусусан, уй хўжаликларининг реал истеъмоли 2027 йилда 6,5−7,5 фоизга, 2028−2029 йилларда эса 6−7 фоизга ошади.

Шу билан бирга, аҳолининг реал даромадлари йилига ўртача 7,5−8 фоизга ўсиши кутилмоқда. Регуляторнинг тахминига кўра, қўшимча даромадларнинг маълум бир қисми жамғаришга йўналтирилади.

Марказий банк, шунингдек, реал иш ҳақининг ўсиш суръати узоқ вақт давомида меҳнат унумдорлигидан илгарилаб кетиши корхоналар харажатларини ошириши ва нархларга қўшимча босим яратиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Бюджет сиёсатининг рағбатлантирувчи таъсири камайиши керак

Марказий банк инфляциянинг пасайишини нафақат фоиз ставкалари, балки бюджет сиёсати билан ҳам боғламоқда.

Лойиҳага кўра, 2027−2029 йилларда умумий фискал тақчиллик ЯИМнинг қарийб 3 фоизи даражасида сақланиши керак.

Шу билан бирга, консолидациялашган бюджет харажатларининг ЯИМдаги улуши 2026 йилдаги 29 фоиздан 2028 йилда 26 фоизгача қисқариши прогноз қилинмоқда. Бу эса давлат харажатларининг ички талабни рағбатлантиришдаги таъсирини камайтириши лозим.

2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида давлат бюджети даромадлари, келтирилган маълумотларга кўра, 37 фоизга ошиб, 337 трлн сўмни ташкил этди. Харажатлар эса 19,7 фоизга кўпайиб, 310 трлн сўмга етди.

Натижада давлат бюджетининг тўққиз ойлик ижроси 27 трлн сўмлик профицит билан бажарилди.

Мазкур кўрсаткич давлат бюджетига тааллуқли бўлиб, давлат сектори операцияларининг янада кенгроқ қамровини ҳисобга олувчи умумий фискал баланс билан тенг эмас.

Марказий банк инфляция учун нафақат бюджет харажатларининг миқдори, балки уларнинг таркиби ҳам муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратмоқда.

Инфратузилмага йўналтирилган капитал қўйилмалар қисқа муддатли истиқболда талабни оширади. Бироқ лойиҳалар якунлангач, янги энергетика ва транспорт қувватлари таклиф ҳажмини кенгайтириш ҳамда корхоналар харажатларини камайтириш имконини беради.

Марказий банк жаҳон нархлари, олтин ва ташқи савдодан нималар кутмоқда?

Базавий сценарий геосиёсий ноаниқлик сақланиб қолишини назарда тутади, аммо узоқ муддатли кенг кўламли ташқи шокларни истисно қилади.

Ҳужжатда келтирилган халқаро прогнозларга кўра, глобал иқтисодиёт 2027 йилда 3,4 фоизга, 2028 йилда 3,3 фоизга, 2029 йилда эса 3,2 фоизга ўсади.

Ўзбекистон учун ташқи шароитлар савдо ҳамкорларининг иқтисодий фаоллиги, энергия ресурслари, озиқ-овқат, олтин ҳамда халқаро молиялаштириш қийматига боғлиқ бўлади.

Базавий сценарийда нефть бўйича жаҳон нархларининг босқичма-босқич пасайиши тахмин қилинмоқда. АҚШ Энергетика ахбороти бошқармасининг (EIA) келтирилган прогнозига мувофиқ, Brent маркали нефтнинг ўртача нархи 2026 йилда бир баррели учун қарийб 96 долларни, 2027 йилда эса 84 долларни ташкил этиши керак.

Бу тахмин Яқин Шарқдаги кескинликнинг юмшаши ва нефть таклифининг ортиши билан боғлиқ.

Шу билан бирга, регулятор вазиятнинг қайта кескинлашуви ҳамда таъминотнинг узилишини инфляция учун асосий хатарлардан бири сифатида кўрмоқда.

Олтин

Марказий банк, шунингдек, жаҳон бозорида олтин нархи нисбатан юқори даражада сақланиб қолса-да, унинг ўсиш суръати бирмунча мўътадилроқ бўлишини кутмоқда.

Асосий сценарийга киритилган олтиннинг ўртача йиллик нархлари:

Йил

Бир троя унцияси учун нарх

2026

$4440

2027

$4510

2028

$4580

2029

$4650

Марказий банклар томонидан бўлаётган талаб ва сақланиб қолаётган геосиёсий хатарлар нархларни қўллаб-қувватлаб туриши мумкин.

Бошқа томондан, кескинликнинг юмшаши ҳамда жаҳонда фоиз ставкаларининг узоқ вақт юқори даражада сақланиб қолиши олтиннинг янада қимматлашишини чеклаб қўйиши мумкин.

Олтин бозоридаги қулай вазият Ўзбекистон учун экспорт тушумлари ва хорижий валюта таклифи нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

Ташқи савдо

Марказий банк олтинни ҳисобга олмаганда товарлар ва хизматлар экспорти 2027 йилда 10−14 фоизга, 2028−2029 йилларда эса ҳар йили 10−12 фоизга ошишини кутмоқда. Импортнинг ўсиши эса йилига 10−12 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Инвестицион фаоллик импорт ускуналари, машиналар ва оралиқ товарларга бўлган талабни қувватлаб туради.

Ҳужжатда, шунингдек, прогноз даврида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни якунланиши кўзда тутилган. Бу эса савдони кенгайтириш ва тўсиқларни камайтириш омилларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

2026 йил учун жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ЯИМнинг 3−3,5 фоизи даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Инфляция прогнозини ўзгартириши мумкин бўлган тўртта хатар

Марказий банк алоҳида бўлимда иқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийларини тақдим этди.

Регулятор тўртта эҳтимолий шокни кўриб чиқди: асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг сезиларли қадрсизланиши, жаҳон бозорида нефть нархининг кескин ошиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашиши ҳамда мамлакат ичида кредитлаш суръатларининг тезлашиши.

Графикда инфляция ва иқтисодий ўсишнинг базавий сценарийдан кутилаётган оғишлари келтирилган. Хатарларнинг иқтисодиётга эҳтимолий таъсири:

Сценарий

Инфляциянинг оғиши

ЯИМ ўсишининг оғиши

Савдо ҳамкорлари валюталарининг сезиларли қадрсизланиши

+0,8−1 ф. б.

−0,1−0,2 ф. б.

Жаҳон бозорида нефть нархининг ошиши

+0,3−0,5 ф. б.

−0,3−0,4 ф. б.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашиши

+0,2−0,4 ф. б.

−0,05−0,15 ф. б.

Кредитлаш суръатларининг тезлашиши

+0,6−0,9 ф. б.

+0,25−0,35 ф. б.

Биринчи сценарий: савдо ҳамкорларининг валюталари кескин қадрсизланса

Биринчи сценарий Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг сезиларли даражада қадрсизланишини кўзда тутади.

Марказий банкнинг қайд этишича, воқеалар бундай тус олса, пул ўтказмаларининг валютадаги қиймати, бинобарин, ички бозорга кириб келаётган хорижий валюта ҳажми қисқариши мумкин.

Валюта таклифининг қисқариши эса сўм курсига босим ўтказиши мумкин. Бундай шароитда импорт товарлари ва бутловчи қисмлар қимматлашиб, инфляцион босимни кучайтиради.

Регулятор баҳосига кўра, инфляция базавий прогноздан 0,8−1 фоиз бандга юқори, ЯИМ ўсиши эса 0,1−0,2 бандга паст бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, пул ўтказмаларининг камайиши истеъмол талабини жиловлаб, миллий валюта қадрсизланишининг инфляцион таъсирини қисман мувозанатлаштириши ҳам мумкин.

Иккинчи сценарий: нефть 25−30 фоизга қимматлашса

Иккинчи муқобил сценарий жаҳон бозорида нефть нархи базавий прогноздан 25−30 фоизга юқори бўлишини назарда тутади.

Бунга Яқин Шарқдаги вазиятнинг яна кескинлашиши, жумладан, Ҳурмуз бўғози орқали кема қатновининг чекланиши ҳамда транспорт ва суғурта харажатларининг ортиши сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистон учун бу асосан импорт қилинадиган нефть маҳсулотларининг қимматлашиши орқали таъсир кўрсатади. Ёқилғи нархининг кўтарилиши транспорт компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларнинг харажатларини оширади, бу эса ўз навбатида истеъмол нархларида акс этиши мумкин.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, бундай сценарийда инфляция базавий кўрсаткичдан 0,3−0,5 фоиз бандга юқори, иқтисодий ўсиш эса 0,3−0,4 бандга паст бўлади.

Регуляторнинг алоҳида таъкидлашича, ташқи таклиф шоки фоиз ставкасини дарҳол оширишни талаб қилмайди. Бўлғуси қарорлар, энг аввало, ёқилғининг дастлабки қимматлашуви бошқа нархлар ва инфляцион кутилмаларга ёйила бошлайдими ёки йўқми, шунга боғлиқ бўлади.

Учинчи сценарий: Эль-Ниньо туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашса

Учинчи сценарий Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси ҳамда дунёнинг бир қатор минтақаларида ҳосилдорликнинг эҳтимолий пасайиши билан боғлиқ.

Марказий банк 2027 йилда FAOнинг жаҳон озиқ-овқат нархлари индекси базавий сценарийдан 8−10 фоизга юқори бўлиши мумкин бўлган вариантни кўриб чиқмоқда.

Гуруч, буғдой, ўсимлик мойлари, шакар ва гўшт бозорлари энг таъсирчан бўлиши мумкин. Ўзбекистон учун истеъмолда импортнинг салмоқли улушига эга товарлар, хусусан, ўсимлик ёғи ва шакар айниқса муҳим.

Озуқа нархининг ошиши гўшт ва паррандачилик маҳсулотлари таннархини ҳам ошириши мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, бундай шок инфляцияни 0,2−0,4 фоиз бандга ошириши ва ЯИМ ўсишини 0,05−0,15 бандга пасайтириши мумкин.

Ҳисоботда алоҳида қайд этилишича, 2026 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонга озиқ-овқат импорти йиллик ҳисобда 48,3 фоизга ошган. Бу эса ички бозорнинг жаҳон нархлари ўзгаришига таъсирчанлигини оширади.

Тўртинчи сценарий: банклар ўртасидаги рақобат кредитлаш ва инфляцияни тезлаштиради

Тўртинчи сценарий бошқаларидан шуниси билан фарқланадики, у бир вақтнинг ўзида ҳам иқтисодий ўсишни, ҳам инфляцияни тезлаштириши мумкин.

Унда янги хорижий банкларнинг кириб келиши ва давлат банкларини хусусийлаштиришнинг жадаллашуви кўзда тутилган. Рақобатнинг кучайиши аҳоли ва корхоналарга кредит таклифини кенгайтириш имконини беради.

Марказий банк 2027−2028 йилларда янги ажратиладиган кредитларнинг ЯИМга нисбати базавий сценарийга қараганда 0,7−0,9 фоиз бандга юқори бўлиши мумкин бўлган вариантни кўриб чиқмоқда.

2027 йилда кредит портфелининг ўсиш суръати базавий прогноздан 5−6 фоиз бандга ошиши мумкин. Бу иқтисодий ўсишни 0,25−0,35 фоиз бандга тезлаштириши, бироқ бир вақтнинг ўзида инфляцияни ҳам 0,6−0,9 фоиз бандга ошириши мумкин.

Регулятор буни қўшимча кредитлар дастлаб аҳоли ва корхоналар харажатларини ошириши, ишлаб чиқариш қувватлари эса маълум бир кечикиш билан кенгайиши мумкинлиги билан изоҳламоқда.

Шу сабабли, ҳатто банк бозори учун ижобий ўзгаришлар ҳам қатъий пул-кредит сиёсатини узоқроқ муддат сақлаб туришни талаб қилиши мумкин.

5 фоизли инфляцияга эришишга нима тўсқинлик қилиши мумкин?

Умуман олганда, Марказий банкнинг базавий сценарийси иқтисодий ўсиш юқори даражада сақланиб қолишини, инфляция эса ортиқча талаб пасайиб, таклиф кенгайиб боргани сайин секинлашишини назарда тутади.

Бироқ прогнознинг амалга ошиши бир вақтнинг ўзида бир қанча шартларга боғлиқ: йирик ташқи нарх тебранишларининг юз бермаслиги, кредитлашнинг мўътадил ўсиши, бюджет тақчиллиги параметрларига риоя қилиниши, тариф ислоҳотларининг асосий босқичлари якунланиши ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши.

Регулятор, шунингдек, рақобат, хусусий сектор ва молия бозорларининг янада ривожланишига умид билдирмоқда.

Лойиҳада таъкидланишича, пул-кредит сиёсатининг имкониятлари чеклангани сабабли инфляцияни пасайтириш ўзаро мувофиқлаштирилган чораларни талаб этади.

«Пул-кредит сиёсати иқтисодий ўсиш барқарорлигига хизмат қилади, бироқ унинг ўзи иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошира олмайди», — дейилади ҳужжатда.

Шу тариқа, Марказий банк асосий ставканинг келгусида пасайтирилишини муайян сана билан эмас, балки инфляциянинг барқарор секинлашиши, инфляцион кутилмаларнинг пасайиши ҳамда талаб ўсиши суръатларининг мамлакат ишлаб чиқариш имкониятларига яқинлашиши билан боғламоқда.

Агар ушбу шартлар бажарилмаса, юқори реал фоиз ставкалари даври базавий сценарийда кўзда тутилганидан узоқроқ давом этиши мумкин.

2027−2029 йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари концептуал лойиҳаси муҳокамага қўйилган. Таклиф ва мулоҳазалар 2026 йил 16 ноябргача қабул қилинади.

gazeta.uz


Улашиш :



Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

16 11 2026 / 15:04