Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда депутатлар капитал бозори тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қандай ўзгаришлар таклиф этилмоқда?


Улашиш :


Депутатлар капитал бозори тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, Сенатга юборди. Ҳужжатда янги молиявий воситалар, инвесторлар ҳимояси ва солиқ имтиёзлари кўзда тутилган. Регуляторнинг лицензияларни тўхтатиш ва қимматли қоғозларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш бўйича таклиф этилган ваколатлари чекланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 17 ноябрь куни «Капитал бозори тўғрисида»ги қонунни иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилиб, Сенатга юборди.

Ҳужжат капитал бозорини тартибга солиш тизимини янгилаш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, янги молиявий воситаларни жорий этиш ва Ўзбекистон фонд бозорини халқаро бозорлар билан интеграция қилишни назарда тутади.

Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раисининг ўринбосари Жамол Очиловнинг маълум қилишича, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида халқаро молия ташкилотлари, экспертлар ва бозор вакиллари иштирокида ишчи гуруҳларнинг 40 дан ортиқ йиғилиши ўтказилган.

Натижада регуляторнинг айрим ваколатлари қайта кўриб чиқилди, тадбиркорлар ва инвесторлар учун кафолатлар кучайтирилди, шунингдек, молиявий воситаларни чиқариш ва муомалага киритиш қоидалари аниқлаштирилди.

Gazeta қонуннинг асосий ўзгаришларини, шунингдек, 14 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) томонидан берилган тушунтиришларни жамлади.

Регулятор суд қарорисиз лицензияларни 10 кундан ортиқ муддатга тўхтата олмайди

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида киритилган муҳим ўзгаришлардан бири капитал бозорининг профессионал иштирокчиларини лицензиялаш билан боғлиқ.

Жамол Очиловнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасининг дастлабки таҳририда 13-модда ваколатли органга (Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги) зарурат бўлганда лицензия амал қилишини суд қарорисиз 10 кундан ортиқ муддатга тўхтатиш ҳуқуқини берган.

Бироқ депутатлар ушбу нормани тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлаштиришга қарор қилган.

Қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилаётганида бу масала яна кўтарилган. Соҳавий қўмита вакили ҳужжат ташаббускорлари билан келишилган ҳолда лицензияларни суд қарорисиз 10 кундан ортиқ муддатга тўхтатишга рухсат берувчи норма чиқариб ташланганини маълум қилган.

Шу тариқа, регуляторга лицензияларни суддан ташқари тартибда тўхтатиш бўйича қўшимча ваколатлар бериш таклифи депутатлар маъқуллаган таҳрирга киритилмаган.

Қимматли қоғозларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш асосланиши керак

Яна бир ўзгариш қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ. Қонун лойиҳасининг дастлабки таҳририда регуляторга асослантирилган мулоҳаза (professional judgment) асосида рўйхатдан ўтказишни қўшимча тушунтиришларсиз рад этиш имкониятини бериш назарда тутилган эди.

Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ушбу норма қайта кўриб чиқилган. Жамол Очиловнинг сўзларига кўра, ўзгартириш тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш мақсадида киритилган.

Энди қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асосланган бўлиши керак.

Бу акциялар, облигациялар ва капитал бозорининг бошқа воситаларини жойлаштириш орқали маблағ жалб қилмоқчи бўлган компанияларга тааллуқли.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида эмиссиявий қимматли қоғозларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимнинг юқори миқдорини камайтириш назарда тутилган. Ҳозир чиқарилишни рўйхатдан ўтказишда қимматли қоғозларнинг номинал қийматидан 0,01 фоиз миқдорида ҳақ ундирилади, ҳужжатларни кўриб чиқиш учун эса корпоратив облигациялар бўйича 50 БҲМ (22 млн сўм), бошқа қимматли қоғозлар бўйича 20 БҲМ (8,8 млн сўм) тўланади.

Эмитентлар ва РЕПО битими тарафларини айрим йиғимлардан озод қилишга оид қоидалар ҳам аниқлаштирилган.

РЕПО — қимматли қоғозларни келажакда қайта сотиб олиш мажбурияти билан сотиш битими. Бундай механизм, хусусан, қисқа муддатли молиялаштиришни жалб қилиш учун қўлланади.

Капитал бозори воситаларини фақат электрон шаклда чиқариш талаби ҳам юмшатилган. Эмиссиявий бўлмаган қимматли қоғозлар учун уларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳужжатли шаклда чиқариш имконияти тикланмоқда.

Регуляторга молиявий санкцияларни мустақил қўллашга рухсат берилади

ИЛМАнинг айрим ваколатларини чеклаш билан бир қаторда, қонун лойиҳаси агентликнинг назорат функцияларини кенгайтиришни ҳам назарда тутади.

ИПМА капитал бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Саулат Торешов 14 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, давлат назорати тизимини Қимматли қоғозлар комиссиялари бўйича халқаро ташкилот (IOSCO) тамойилларига мувофиқлаштириш режалаштирилмоқда.

Хусусан, октябрь ойида тақдим этилган қонун лойиҳаси таҳририда регуляторга молиявий санкцияларни мустақил равишда қўллаш, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган.

Капитал бозорининг профессионал иштирокчилари учун устав капиталининг 2 фоизигача, эмитентлар учун эса 0,5 фоизигача миқдорда молиявий санкциялар белгилаш таклиф қилинган.

ИЛМА вакиллари янги чоралар зарурлигини амалдаги маъмурий жарималар самарадорлиги етарли эмаслиги билан изоҳлаган.

Мисол сифатида қимматли қоғозлар эмитентлари томонидан муҳим фактларни ошкор қилиш талабларининг бузилиши келтирилган.

Агентлик вакилларининг сўзларига кўра, айрим шундай қоидабузарликлар учун ҳозирда БҲМнинг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима белгиланган.

ИЛМА бундай санкциялар компанияларни инвестиция қарорларига таъсир қилиши мумкин бўлган ахборотни ўз вақтида ошкор қилишга ҳар доим ҳам ундамайди, деб ҳисоблайди.

Регулятор янги чоралар бозор иштирокчиларининг масъулиятини ошириши ва инвесторлар ҳимоясини яхшилашига умид қилмоқда.

Шу билан бирга, 17 ноябрь куниги мажлисда молиявий санкцияларнинг якуний миқдори алоҳида муҳокама қилинмаган. 2 ва 0,5 фоизлик чегаралар Сенатга юборилган қонун таҳририда сақланган-сақланмаганини ҳужжатнинг якуний матнидан аниқлаш керак.

Фонд бозорида савдо ҳажми қарийб олти баробар ошди

ИЛМА янги қонун заруратини, жумладан, фонд бозори ўсиши ва мураккаброқ молиявий воситаларга талаб пайдо бўлиши билан изоҳламоқда.

Агентликнинг октябрь ойидаги матбуот анжуманида тақдим этган маълумотларига кўра, акциялар эмиссияси ҳажми 2023 йилдаги 189,7 трлн сўмдан 2025 йилда 265,1 трлн сўмгача ошган.

ИЛМА вакили маълум қилишича, 2026 йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 277 трлн сўмдан ошган. Корпоратив облигациялар эмиссияси ҳажми 2023 йилдаги 1,06 трлн сўмдан 2025 йил якунига кўра 3,93 трлн сўмга етган. 2026 йилнинг тўққиз ойида эса 8,1 трлн сўмни ташкил этган.

Фонд биржасидаги умумий савдо ҳажми 2023 йилдаги 2,9 трлн сўмдан 2025 йилда 17,6 трлн сўмгача ошиб, қарийб олти баробар ўсган.

2026 йилнинг тўққиз ойида, матбуот анжуманида келтирилган маълумотларга кўра, савдо ҳажми қарийб 14,18 трлн сўмни ташкил этган.

«Биз эришилган натижалар билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Капитал бозорини янада тизимли ривожлантириш учун мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш зарурати пайдо бўлди. «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айнан шу мақсадда ишлаб чиқилди», — деди Саулат Торешов.

ИЛМА янги молиявий воситаларни жорий этиш 2030 йилгача фонд бозорига қўшимча 10 трлн сўм инвестиция жалб қилиш имконини беради, деб ҳисобламоқда.

Қандай янги молиявий воситалар пайдо бўлади?

Асосий янгиликлардан бири — чиқарилиши ва муомаласи қонунчилик билан тартибга солинадиган молиявий воситалар рўйхатини кенгайтириш.

Акциялар ва одатий облигациялардан ташқари, ҳосилавий молиявий воситалар — деривативлар учун ҳам ҳуқуқий база яратилади.

Жумладан:

· Опционлар активни олдиндан келишилган шартларда сотиб олиш ёки сотиш ҳуқуқини беради, бироқ битим тузиш мажбуриятини юкламайди.

· Фьючерслар ва форвардлар муайян активни келажакда келишилган шартларда сотиб олиш ёки сотиш мажбуриятини назарда тутади. Фьючерслар одатда стандартлаштирилган бўлиб, биржада муомала қилади, форвардлар эса томонлар ўртасида бевосита тузилади.

· Своплар пул оқимлари, масалан, фоиз ёки валюта тўловларини алмашиш бўйича келишувларни англатади.

· Нархлар фарқи шартномалари (CFD) активни бевосита сотиб олмасдан, унинг қиймати ўзгаришига қараб молиявий натижани ҳисоблаш имконини беради.

Бундай воситалар валюта курслари, фоиз ставкалари ва қимматли қоғозлар қиймати ўзгариши билан боғлиқ хатарларни бошқариш учун қўлланади.

Шу билан бирга, уларнинг айримлари инвесторлар учун юқори даражадаги мураккаблик ва хатар билан ажралиб туради.

«Ушбу воситаларнинг ҳар бири инвесторларга хатарларни бошқариш ва портфелларни диверсификация қилиш учун қўшимча имкониятлар яратади», — деди ИЛМА вакили.

Деривативлардан ташқари, қонун лойиҳаси облигацияларнинг янги турларини ҳам тартибга солишни назарда тутади.

Қопланган облигациялар (covered bonds) — муайян активлар, масалан, ипотека кредитлари билан таъминланган қарз воситалари.

Секьюритизацияланган облигациялар муайян активлар пул оқимлари, жумладан, кредитлар ёки бошқа молиявий талаблар асосида чиқарилади. Бундай механизм молия ташкилотларига мавжуд активлари ҳисобидан маблағ жалб қилиш имконини беради.

Барқарор ривожланиш облигациялари экологик ва ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришга мўлжалланган.

ИЛМА баҳосига кўра, янги воситаларни жорий этиш компанияларга одатий банк кредитларидан ташқари молиялаштириш манбаларини кенгайтириш имконини беради.

Сукук: ислом молиясининг қандай воситалари назарда тутилган?

Қонунда ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган молиявий воситалар — сукукка алоҳида эътибор қаратилган.

Фоиз тўлаш ва қарз мажбуриятини назарда тутувчи оддий облигациялардан фарқли равишда, сукук муайян активлар, улардан фойдаланиш ҳуқуқи ёки иқтисодий операциялар асосида тузилади.

Инвесторнинг даромади чиқарилишнинг муайян моделига боғлиқ бўлади.

ИЛМА матбуот анжуманида сукукнинг тўртта асосий турини тартибга солиш режалаштирилаётганини маълум қилди:

· Шерикчилик сукуки — инвесторлар ва лойиҳа ташкилотчиси ўртасида фойда ва зарарни тақсимлашга асосланади.

· Ижара сукуки — активларни ижарага беришдан даромад олишни назарда тутади.

· Савдо сукуки — товарларни сотиб олиш ва сотиш операцияларига асосланади.

· Агентлик сукуки — вакиллик муносабатлари асосида чиқарилади.

Ҳар бир тур учун активлар таркиби ва даромадларни тақсимлашга оид алоҳида талаблар белгиланади.

Исломий тамойилларга мувофиқликни ким текширади?

Матбуот анжуманида ИЛМА вакиллари сукукнинг ислом молияси талабларига мувофиқлиги қандай текширилишини батафсил тушунтирди.

Қонун лойиҳасининг тақдим этилган таҳририда халқаро амалиётда Sharia Board номи билан танилган махсус кенгаш хулосаси зарурлиги назарда тутилган. Бундай кенгаш чиқарилиш тузилмаси, фаолият хусусияти ва жалб қилинган маблағлардан фойдаланиш ислом молияси тамойилларига мувофиқлигини баҳолайди.

ИЛМА тушунтиришича, сукукни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий банк ҳузуридаги тегишли кенгаш, лицензияга эга исломий банклар ҳузуридаги кенгашлар, шунингдек, тан олинган халқаро ташкилотларнинг хулосаларини қабул қилиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Салбий хулоса берилган тақдирда регулятор сукук чиқарилишини рўйхатдан ўтказмайди, дея маълум қилинди матбуот анжуманида.

Ислом молияси тамойилларига мувофиқлик назорати нафақат чиқариш босқичида, балки восита муомалада бўлган даврда ҳам амалга оширилиши кутилмоқда.

Оддий компаниялар ҳам сукук чиқара оладими?

Матбуот анжуманида журналистлар фаолиятининг бир қисми ислом молияси тамойилларига мос келмайдиган компаниялар учун янги механизм тенгсиз шароитларни келтириб чиқариш-чиқармаслиги ҳақида ҳам сўради.

ИЛМА вакили бундай ҳолатларда махсус молия компанияси — SPV (special purpose vehicle)дан фойдаланиш назарда тутилганини тушунтирди. Компания ислом молияси тамойилларига мос келадиган активлар ва даромад манбаларини алоҳида тузилмага ажратиши мумкин.

Масалан, турли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхона ислом молияси нуқтаи назаридан мақбул бўлган фаолият йўналишларини алоҳида махсус молияв компаниясига ажратиши мумкин.

Сукук чиқариш учун фойдаланиладиган активлар ва улардан тушадиган даромадлар компаниянинг бошқа активларидан алоҳида ҳисобга олинади. Агентлик вакилларига кўра, бу инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Бундан ташқари, сукук эгалари вакили институти ҳам назарда тутилмоқда. Унинг вазифаси эмитент томонидан мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиш ва қимматли қоғозлар эгаларининг манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

17 ноябрь куниги мажлисда Жамол Очилов қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида сукукни чиқариш, жойлаштириш, муомалага киритиш ва сўндириш тартибини белгилаш бўйича ИЛМА ва Марказий банкнинг ваколатлари аниқлаштирилганини маълум қилди.

Малакали бўлмаган инвесторлар қандай ҳимоя қилинади?

Матбуот анжуманида мураккаб молиявий воситалар билан ишлашда етарли тажрибага эга бўлмаган фуқаролар учун хатарлар масаласи ҳам кўтарилди.

Хусусан, ОАВ вакиллари секьюритизацияланган облигациялар ва хатар даражаси юқори бўлган бошқа воситаларни сотиб олишни истаган малакали бўлмаган инвесторлар учун қандай ҳимоя чоралари назарда тутилгани ҳақида сўради.

ИЛМА вакиллари маълум қилишича, қонун лойиҳасида инвесторларни тоифаларга, жумладан, малакали ва малакали бўлмаган инвесторларга ажратиш назарда тутилган. Бундай ёндашув инвесторнинг тажрибаси, билими ва тайёргарлигига қараб айрим молиявий воситалардан фойдаланиш учун турли шартларни белгилаш имконини беради.

Агентлик вакилларининг тушунтиришича, малакали бўлмаган инвесторлар айрим мураккаб воситаларга маблағ киритиш учун профессионал ишончли бошқарувчи хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Бунда инвестиция активларини бошқариш бўйича қарорлар тегишли профессионал бозор иштирокчиси орқали қабул қилинади.

Мажбурий маслаҳат бериш, хатарлар ҳақида огоҳлантириш ва зарар юзага келган тақдирда жавобгарликни тақсимлашга оид батафсил талаблар матбуот анжуманида тўлиқ очиб берилмаган.

Кастодианлар ва хорижий инвесторлар учун имкониятлар

Қонун лойиҳаси капитал бозорида кастодианлик фаолиятини лицензияланадиган профессионал фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгилашни назарда тутади.

Кастодиан — мижозларнинг қимматли қоғозлари ва бошқа молиявий воситаларини сақлаш ва ҳисобга олишни таъминлайдиган, шунингдек, уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлайдиган молиявий ташкилот.

Матбуот анжуманида ИЛМА бу институт заруратини Ўзбекистон Миллий инвестиция фонди (UzNIF) акцияларининг халқаро бозорда жойлаштирилиши мисолида тушунтирди.

Агентлик вакиллари маълум қилишича, ушбу жойлаштириш доирасида кастодиан вазифасини Bank of Georgia бажарган, Bank of New York Mellon эса глобал депозитар тилхатларни (GDR) чиқаришда иштирок этган.

GDR — инвесторнинг бошқа юрисдикцияда жойлашган компания акцияларига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи қимматли қоғозлар.

Бундай механизм хорижий инвесторларга Ўзбекистон компаниялари акциялари билан боғлиқ воситаларни халқаро молия бозорлари орқали харид қилиш имконини беради.

ИЛМА тушунтиришича, аввал кастодианлик фаолияти Ўзбекистон қонунчилигида алоҳида лицензияланадиган фаолият тури сифатида назарда тутилмаган. Шу сабабли тегишли механизм дастлаб «тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида қўлланган. Энди ушбу институтни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.

Хорижий номинал сақловчилар

Матбуот анжуманида хорижий номинал сақловчиларнинг Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорига кириши тартиби ҳам муҳокама қилинди.

ИЛМА вакиллари қонун лойиҳасида тегишли тушунча назарда тутилганини, бироқ хорижий иштирокчиларни амалда бозорга киритиш механизми ҳозирча «тартибга солиш қумдони» орқали амалга оширилаётганини маълум қилди.

Ушбу режим доирасида ишлаш учун хорижий номинал сақловчи унинг иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиши керак.

Регулятор вакилига кўра, агар Ўзбекистонда тан олинадиган хорижий лицензия мавжуд бўлса, қўшимча маҳаллий лицензия олиш талаб этилмайди.

Шунингдек, ушбу механизм доирасида қўшимча лицензия йиғимлари ундирилмаслиги маълум қилинди.

«Тартибга солиш қумдони» қонун қабул қилинганидан кейин ҳам сақланади

Журналистлар янги қонун кучга кирганидан кейин махсус ҳуқуқий режим — «тартибга солиш қумдони» сақланадими, деб сўради.

ИЛМА вакиллари режим ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилди.

У 2023 йил сентябрда янги молиявий воситалар ва халқаро амалиётларни Ўзбекистон бозори шароитида синаб кўриш учун президентнинг ПҚ-291-сон қарори асосида жорий этилган. Кейинчалик махсус режимнинг амал қилиш муддати чекланмаган.

ИЛМА тушунтиришича, «қумдон» янги механизмларни миллий қонунчиликка тўлиқ киритишдан олдин синаб кўриш имконини беради. Жумладан, бу хорижий инвесторлар, кастодианлик хизматлари, халқаро жойлаштиришлар ва янги молиявий воситаларга тааллуқли.

Агентлик вакилларига кўра, халқаро инвесторлар амалда ишлаётган механизмлар вақт ўтиши билан вақтинчалик махсус режимларга эмас, бевосита қонунларга киритилишидан манфаатдор.

Шу билан бирга, ИЛМА янгиликларни босқичма-босқич жорий этишни, уларнинг амалиётда қўлланилиши натижаларини баҳолаб боришни режалаштирмоқда.

Марказий контрагент ва депозитарий ваколатлари кенгайтирилади

Яна бир ўзгариш фонд бозори инфратузилмасига тааллуқли. Қонун лойиҳаси марказий контрагент институтини жорий этишни назарда тутади. У тегишли битимларда ҳар бир сотувчи учун харидор, ҳар бир харидор учун эса сотувчи сифатида иштирок этади.

Бундай тизим битим томонларидан бирининг мажбуриятларни бажармаслик хавфини камайтиришга қаратилган.

Бундан ташқари, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатлари ҳам кенгайтирилади.

ИЛМА тушунтиришларига кўра, депозитарийга қуйидаги ҳисоб-китобларни марказлаштирилган тарзда амалга ошириш ваколатини бериш режалаштирилмоқда:

· дивидендлар ва фоизларни тўлаш;

· облигацияларни сўндириш;

· қимматли қоғозларни мажбурий қайта сотиб олиш.

Шунингдек, биржадан ташқари бозорда тузилган рухсат этилган битимларни ҳисобга олиш, хорижий депозитарийлар, кастодианлар ва банкларда вакиллик ҳисобварақларини очиш имконияти назарда тутилмоқда.

Айрим нормалар рейтинг агентликлари, бошқарув компаниялари ва инвестиция фондлари фаолиятини тартибга солади.

Ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида капитал бозори профессионал иштирокчиларининг ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотларига оид қоидалар ҳам қайта кўриб чиқилган.

Жамол Очиловнинг сўзларига кўра, ваколатли давлат органининг бундай ташкилотлар фаолиятига аралашишини назарда тутган айрим нормалар қонун лойиҳасидан чиқариб ташланган.

2038 йилгача инвесторлар учун солиқ имтиёзлари

Қонун лойиҳасида узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилиш учун солиқ имтиёзларини жорий этиш ҳам назарда тутилган.

14 октябрь кунги матбуот анжуманида ИЛМА таклиф этилаётган айрим шартларни очиқлаган. Жумладан, инвестиция фондларининг дивиденд шаклидаги айрим даромадларини солиқдан озод қилиш назарда тутилмоқда.

Қопланган ва секьюритизацияланган облигациялар бўйича ажратилган активлар билан операцияларга ҳам солиқ имтиёзлари бериш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, 2038 йилгача Ўзбекистон резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигацияларидан оладиган айрим даромадларини солиқдан озод қилиш режалаштирилмоқда. Гап, хусусан, облигациялар бўйича фоиз даромадлари, жумладан, хорижий валютада ифодаланган облигациялар бўйича даромадлар, шунингдек, ижобий курс фарқидан олинадиган даромадлар ҳақида бормоқда.

Сукук бўйича даромадлар учун ҳам айрим имтиёзлар таклиф этилмоқда.

ИЛМА тушунтиришларига кўра, ушбу даромадларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва фойда солиғидан озод қилиш режалаштирилмоқда.

Агентлик бу фонд бозорининг хусусий ва институционал инвесторлар учун жозибадорлигини оширади, деб ҳисобламоқда.

Шу билан бирга, 17 ноябрь кунги мажлисда солиқ нормаларининг якуний таҳрири алоҳида очиқланмаган.

Нега қоидаларнинг бир қисмини регулятор белгилайди?

Матбуот анжуманида янги молиявий воситаларга қўйиладиган талабларнинг салмоқли қисми нима учун бевосита қонун билан эмас, балки қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланиши масаласи ҳам муҳокама қилинди. Иштирокчилардан бири бундай ёндашув регулятор ваколатларининг чегаралари бўйича ноаниқлик келтириб чиқариши мумкинлигига эътибор қаратди.

Шунингдек, капитал бозори иштирокчилари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш учун қонунда медиация механизмини назарда тутиш таклифи билдирилди.

ИЛМА вакиллари маълум қилишича, дастлаб қонун лойиҳаси 246 моддадан иборат бўлган.

Бироқ кейинчалик уни бозор фаолиятининг асосий тамойиллари ва қоидаларини белгилаб берувчи рамкавий ҳужжатга айлантиришга қарор қилинган. Октябрь ойида тақдим этилган қонун лойиҳаси аллақачон 16 боб ва 123 моддадан иборат эди.

Агентлик вакилларининг сўзларига кўра, молиявий воситаларни чиқариш, профессионал иштирокчилар фаолияти ва назоратнинг айрим механизмларига оид батафсил талабларни кейинчалик регуляторнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгилаш режалаштирилмоқда.

ИЛМА буни бозордаги ўзгаришларга тезкор жавоб бериш зарурати билан изоҳлади. Қонунга ўзгартириш киритиш кўп вақт олиши мумкин, қонуности тартибга солишни ўзгартириш эса янги молиявий воситалар ва уларни қўллаш амалиётини тезроқ ҳисобга олиш имконини беради.

Шу билан бирга, агентлик вакиллари регулятор қонунда белгиланган тамойиллар доирасида ҳаракат қилиши, норматив ҳужжатларни манфаатдор идоралар ва бозор иштирокчилари билан келишиши, шунингдек, уларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиши кераклигини таъкидлади.

Медиацияни батафсил тартибга солиш масаласини янги воситаларни қўллаш амалиётини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқиш таклиф этилмоқда.

Янги воситаларни жорий этишда қандай қийинчиликлар бўлиши мумкин?

Матбуот анжуманида ИЛМА вакиллари янги қонунни амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Уларнинг сўзларига кўра, ҳужжат халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилган, бироқ ҳуқуқий базанинг мавжудлиги молиявий воситалар муваффақиятли жорий этилишини автоматик равишда кафолатламайди.

Асосий масалалардан бири — инвесторлар ва эмитентлар томонидан етарли талабнинг мавжудлиги.

Иккинчи вазифа янги механизмларни амалиётда қўллаш билан боғлиқ. Дастлабки битимлар тартибга солишдаги камчиликларни аниқлаши мумкин ва уларни қўшимча норматив ҳужжатлар билан бартараф этиш талаб этилади.

Бундан ташқари, корпоратив молия, хатарларни бошқариш, деривативлар ва халқаро амалиёт соҳаларида билимга эга мутахассисларни тайёрлаш зарурати қайд этилди.

ИЛМА янги воситаларни жорий этиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда «тартибга солиш қумдони» механизми ва қонунчиликни босқичма-босқич такомиллаштиришдан фойдаланишни режалаштирмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозори 2008 йилда қабул қилинган ва 2015 йилда янги таҳрири тасдиқланган «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.

Янги қонун кучга кириши учун у Сенат томонидан маъқулланиши ва президент томонидан имзоланиши керак.

gazeta.uz


Улашиш :



Сарлавха :
Қонунлар

20 11 2026 / 9:55