Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда самарасиз энергетика лойиҳалари қайта кўриб чиқилади ва электр энергияси ишлаб чиқариш захираси оширилади



Улашинг :


Ўзбекистонда иқтисодий самарадорлиги паст, молиялаштириш манбалари аниқ бўлмаган ва муддатлари чўзилган энергетика лойиҳалари қайта кўриб чиқилади. Янги қувватлар нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми, балки унинг таннархи ва электр тармоғига уланиш имкониятлари асосида ҳам баҳоланади.

Ўзбекистонда 2030 йилга бориб электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини 46,1 ГВтга етказиш режалаштирилмоқда. Бу йилига қарийб 129 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. 2035 йилга келиб эса қувватлар 57,2 ГВтга, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 154,7 млрд кВт⋅соатга етказилиши кутилмоқда. Мазкур режалар 22 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга электр энергетикасини ривожлантириш бўйича ўтказилган тақдимотда кўриб чиқилди.

Энергетика тизимини кенгайтириш зарурати иқтисодиёт, аҳоли сони ва электр энергияси истеъмолининг ўсиши билан изоҳланмоқда. 2030 йилга бориб иқтисодиёт ҳажмини 300 млрд долларга етказиш режалаштирилган, аҳоли сони эса 41 млн нафардан ошиши кутилмоқда.

Cаноат соҳасида электр энергияси истеъмоли ҳозирги 38 млрд кВт⋅соатдан 53,5 млрд кВт⋅соатга етиши прогноз қилинмоқда. Электр транспорти ва маълумотлар марказлари ҳам электр энергиясига қўшимча талабни юзага келтиради.

Истеъмол мўътадил суръатда ўсган тақдирда, мавжуд режалар талаб ва электр энергияси ишлаб чиқариш ўртасидаги мувозанатни сақлаш имконини беради. Бироқ саноат, электр транспорти ва рақамли инфратузилма жадалроқ ривожланса, қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари талаб этилади.

Президент энергетика соҳасини иқтисодий ўсишнинг жадаллашган сценарийсини ҳисобга олган ҳолда режалаштириш ва электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича етарли захира қувватларини яратишни топширди.

Шу муносабат билан қўшимча шамол электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини қуриш, шунингдек, қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, иқтисодий самарадорлиги паст, молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган ёки узоқ вақтдан буён кечикаётган айрим лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш таклиф этилди. Янги электр станцияларини танлашда нафақат уларнинг қуввати, балки электр энергияси таннархи, тармоққа уланиш имконияти, энергия сақлаш тизимлари билан мувофиқлиги ва умумий энергетика балансига таъсирини ҳам ҳисобга олиш кўзда тутилмоқда.

4,2 ГВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари

Ҳозирда умумий қуввати 4,2 ГВт бўлган 26 та энергия сақлаш тизими лойиҳаси шакллантирилган бўлиб, уларнинг 17 таси амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар қўшимча лойиҳаларни тайёрлаш топширилди.

Энергия сақлаш тизимлари қуёш ва шамол электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини тўплаб, кечки энг юқори истеъмол соатларида тармоққа узатиш имконини беради. Президент администрациясига кўра, бу анъанавий электр станцияларида қўшимча газ ёқишни камайтириш ва энергетика тизими барқарорлигини оширишга хизмат қилади.

Ҳозирда мамлакатда қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қуввати 6,3 ГВтдан ошган. Гидроэлектр станциялари сони 100 тадан ошиб, уларнинг жами қуввати 2,5 ГВтга яқинлашган.

Қарийб 5000 км янги электр узатиш линиялари

Электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бир қаторда, магистрал электр тармоқларини кенгайтириш ҳам режалаштирилмоқда. 2030 йилга қадар кучланиши 220 кВ бўлган 9 та ва 500 кВ бўлган 7 та янги подстанция, шунингдек, қарийб 5000 км электр узатиш линияларини қуриш кўзда тутилган.

2027−2029 йилларда кучланиши 500 кВ бўлган бир қатор стратегик электр узатиш линиялари ва янги подстанцияларни ишга тушириш режалаштирилган. Тақдимотда уларнинг қурилиш жараёни, молиялаштириш манбалари ва кечикишларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистонда рақамли иқтисодиёт учун энергетика инфратузилмасини яратиш масаласи ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Ҳудудда қурилиши режалаштирилаётган шамол электр станцияларини умумий қуввати 1 ГВт бўлган маълумотлар марказлари билан боғлаш таклиф этилди.

Бунинг учун кучланиши 220 кВ бўлган янги подстанция ва электр узатиш линияларини қуриш режалаштирилмоқда. Мутасаддилар баҳосига кўра, лойиҳа маълумотлар марказларини энергетика тизимига интеграция қилиш ва юқори технологияли инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.

Август ойи охирида энергетика вазири Шерзод Ходжаев маълум қилганидек, ҳозирги ривожланиш суръатлари сақланиб қолса, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда «яшил» энергетика улуши белгиланган 54 фоизлик маррадан ошиши мумкин. Янги лойиҳалар қаторида йирик иссиқлик электр станциялари, энергия сақлаш тизимлари, қуёш ва шамол электр станциялари бор.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

23 09 2026 / 10:26