Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистондаги энергетика лойиҳалари учун инвесторлар очиқ танловлар орқали танланади



Улашинг :


Ўзбекистон энергетика соҳасидаги лойиҳалар кўп ҳолларда инвестор ташаббуси билан бошланадиган амалиётдан воз кечмоқчи. Янги моделга кўра, аввал талаб аниқланади, сўнгра тайёр техник параметрлар ва инфратузилмага эга лойиҳа шакллантирилади, инвестор эса очиқ танлов орқали танлаб олинади.

Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш тизимини ўзгартириш таклиф этилди. Ушбу таклифлар 22 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга электр энергетикасини ривожлантиришга бағишланган тақдимот чоғида кўрсатилди.

Ҳозирги пайтда кўп ҳолларда инвестор томонидан ташаббус билдирилгандан сўнг ер майдони, тармоққа уланиш, техник шартлар, тарифлар ва инвестициявий келишувлар алоҳида-алоҳида келишилади. Ҳукуматнинг баҳолашича, бундай тартиб лойиҳаларнинг чўзилишига, идоралар функцияларининг такрорланишига олиб келмоқда ҳамда энерготизим эҳтиёжларини ҳар доим ҳам тўлиқ ҳисобга олиш имконини бермаяпти.

Янги моделга кўра, дастлаб электр энергиясига бўлган истиқболли эҳтиёж, шундан сўнг эса зарур генерация қувватлари ва инфратузилма аниқлаб олинади. Лойиҳаларни ер майдони, тармоққа уланиш нуқтаси ва техник ечимлари аниқ белгиланган тайёр ҳолда шакллантириш режалаштирилмоқда.

Инвесторларни эса очиқ ва рақобатли танлов асосида саралаб олиш кўзда тутилмоқда.

Идоралар ўртасидаги масъулият тақсимланади

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёнилғи-энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёжни прогнозлаштиришга, Энергетика вазирлиги эса стратегик режалаштириш ва техник сиёсатга масъул бўлади.

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги бозор муносабатлари ҳамда тарифларни тартибга солиш билан шуғулланади. Инвестициялар учун масъул идоралар инвесторларни очиқ танловлар орқали жалб этиши, маҳаллий ҳокимликлар эса ер ажратиш ва зарур инфратузилма масалаларини ҳал қилиши лозим бўлади.

Бундан ташқари, ёнилғи-энергетика ресурсларига бўлган талаб прогнозларини ҳудудлар ва тармоқлар кесимида шакллантириш ҳамда шу асосда ҳар йили уч йиллик инвестиция режаларини янгилаб бориш таклиф этилди.

Бу янги электр станциялари, тармоқлар ва бошқа инфратузилмаларни барпо этишни ўзаро мувофиқлаштириш имконини бериши кутилмоқда.

Узоқ муддатли истиқболда эса Ўзбекистонни 2050 йилгача ёнилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Ҳужжат мамлакатнинг ресурс салоҳияти, аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиши, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи ва атом энергетикасини ривожлантириш ҳамда энергетика хавфсизлиги масалаларини қамраб олиши лозим. Концепцияни ҳар беш йилда қайта кўриб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Шавкат Мирзиёев янги энергетика лойиҳалари иқтисодиёт ва аҳолининг узоқ муддатли эҳтиёжларига мос келиши, генерацияни ривожлантириш эса тармоқлар имконияти ва истеъмол даражаси билан чамбарчас боғланиши шартлигини таъкидлади.

Мутасадди шахсларга йирик лойиҳаларни ўз вақтида ишга туширишни таъминлаш, муддати чўзилган лойиҳалар бўйича инвесторлар билан биргаликда чоралар кўриш, генерация ва электр тармоқларини мутаносиб тарзда ривожлантириш, энергия сақлаш тизимларини кенгайтириш ҳамда тармоқда янги режалаштириш моделини жорий этиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда иқтисодий самарадорлиги паст, молиялаштириш манбалари аниқ бўлмаган ва муддатлари чўзилган энергетика лойиҳалари қайта кўриб чиқилади. Янги қувватлар нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми, балки унинг таннархи ва электр тармоғига уланиш имкониятлари асосида ҳам баҳоланади.

gazeta,uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

23 09 2026 / 10:44