Ўзбекистонда
хусусий сектор иштирокида тўртта аэропорт лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, дея маълум
қилди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. Гап Тошкентнинг янги аэропорти, Урганч
ва Бухоро аэропортлари, шунингдек, Андижон ва Намангандаги
мажмуаларни бошқарувга топшириш ҳақида бормоқда.
Ўзбекистонда давлат-хусусий
шериклик асосида тўртта аэропорт лойиҳаси бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24»
телеканалига берган интервьюсида президент Шавкат Мирзиёевга қилинган тақдимот
якунлари бўйича транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди.
Вазир энг йирик лойиҳалардан бири
сифатида Тошкент янги халқаро аэропорти қурилишини тилга олди. Унинг сўзларига
кўра, амалий ишлар бошлаб юборилган.
«Хусусий
шерик билан зарур келишувлар имзоланди, майдонда қурилиш бошланди. Президент
муддатлар бўйича топшириқлар берди ва лойиҳа бўйича кейинги йиғилишлар
бевосита жойида ўтказилишини белгилаб берди», — деди у.
Бухорода янги халқаро аэропорт
қурилиши алоҳида муҳокама қилинди. Президент сифатга ва замонавий
талабларга мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ишларни
жадаллаштиришни топширди.
Маҳкамовнинг сўзларига кўра, ҳозирда
хусусий сектор иштирокида жами тўртта аэропорт лойиҳаси устида иш олиб
борилмоқда.
«Тошкентдан
ташқари, гап Кореянинг Incheon компанияси билан биргаликда амалга оширилаётган
Урганч халқаро аэропорти лойиҳаси ҳақида бормоқда. Бухоро бўйича ҳозирда тендер
процедуралари кетмоқда. Бундан ташқари, Андижон ва Наманган
аэропортларини бошқарувга топшириш бўйича ишлар олиб борилмоқда», —
дея таъкидлади Транспорт вазирлиги раҳбари.
Вазир, шунингдек, авиацияни
ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси тайёрланаётганини маълум қилди.
«Эндиликда соҳанинг кейинги 10
йиллик стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун Испания
компанияси жалб қилинган бўлиб, жорий йил охиригача стратегиянинг асосий
параметрларини белгилаб олиш режалаштирилган», — деди у.
Бундан ташқари, авиакомпанияларни
ривожлантириш ва кейинги йилда халқаро аудит ўтказиш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида
Uzbekistan Airports ва Саудия Арабистонининг Vision International
Investment компанияси Тошкентнинг янги аэропортини қуриш ҳамда фойдаланиш
бўйича ДХШ келишувини имзолаган эди.
Лойиҳа 2026−2030 йилларга мўлжалланган бўлиб, биринчи босқичда атрофида 2,5
млрд доллар инвестиция киритишни назарда
тутади. Аэропорт Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ
туманларидаги 1310 гектар майдонда жойлашади, дастлабки ўтказиш қобилияти
йилига 20 млн йўловчини ташкил этади ва кейинчалик 46 млн гача кенгайтириш
имконияти бўлади. Аэропорт хусусий шерикка 35 йил муддатга бошқарувга берилади.
Бухоронинг янги халқаро аэропорти
Бухоро туманининг Қумсултон массивида қурилмоқда. Июнь ойида йўловчи
терминалини қуриш ва бошқариш бўйича хусусий шерикни танлаш юзасидан
ўтказилган халқаро тендернинг биринчи
босқичи якунланди: қизиқиш билдирган 51 та компаниядан 6 таси кейинги
босқичга ўтди. Лойиҳада майдони 48,5 минг кв. м бўлган ва ўтказиш
қобилияти халқаро йўналишларда соатига 1200 нафар ҳамда ички йўналишларда 400
нафар йўловчини ташкил этадиган терминал назарда тутилган. Бунда аэродром
инфратузилмаси давлат бошқарувида қолади.
Ҳудудий аэропортлар учун хусусий шериклик
лойиҳалари 2024 йилдан буён муҳокама қилинмоқда. Ўшанда ҳокимият органлари
Наманган, Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларини модернизация
қилиш ва бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш режалари
ҳақида эълон қилган эди. Наманган аэропорти Namangan Air Solution компанияси
билан ДХШ асосида модернизация қилинмоқда, Андижон аэропортига эса хусусий
операторни жалб қилиш масаласи ишлаб
чиқилмоқда.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
24 09 2026 / 9:23