Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Андижондаги янги лойиҳалар аҳоли фаровонлигига хизмат қилади



Улашинг :


Андижон бугун саноат, тадбиркорлик ва инвестициялар учун янги имкониятлар яратилаётган, иқтисодиёти жадал ривожланаётган ҳудудлардан бирига айланмоқда. Ислоҳотлар натижасида янги корхоналар ташкил этилиб, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилмоқда. Бу эса, аввало, аҳоли учун янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига ташрифи доирасида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва уларнинг қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди. Мазкур маросимда мен ҳам қатнашдим. Унда умумий қиймати 9,4 миллиард доллар бўлган 206 та лойиҳа қамраб олинди. Шундан 98 таси ишга туширилди, яна 108 та лойиҳа қурилиши бошланди.
Лойиҳалар энергетика, тўқимачилик, машинасозлик, қурилиш, фармацевтика, таълим, тиббиёт, туризм ва логистика каби соҳаларни қамраб олган. Электр автобуслари, қуёш панеллари, мебел ва чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш, замонавий тиббиёт ва таълим марказлари, логистика ва туризм объектлари шулар жумласидан.
Бу лойиҳалар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилади.
Энг муҳими, ушбу лойиҳалар натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 533 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлади. Демак, бу рақамлар ортида минглаб оилаларнинг даромади, ёшлар учун янги касб ва иш имкониятлари, маҳаллалар ва ҳудудлар ривожи турибди.
Бугун Андижонда амалга оширилаётган ишлар ислоҳотларнинг натижаси одамлар ҳаётида акс этаётганини кўрсатмоқда. Янги инвестициялар, замонавий корхоналар ва иш ўринлари кўпайгани сари аҳолининг турмуш шароити ва ҳудуд иқтисодий салоҳияти ҳам юксалади. Энг асосий мақсад ҳам — иқтисодий ўсишни инсонлар фаровонлигига айлантириш.


А.Xаитов телеграмм каналидан


Сарлавха :
Иқтисодиёт

24 09 2026 / 11:00