Энди корхонада даромад ёки иш ўрни
камайса, маҳалла солиқ инспектори бориб, сабабларини ўрганади. Ҳоким ёрдамчиси
ва банкир билан биргаликда у солиқларни кечиктириш, кредит муддатини
узайтириш, айланма маблағ, бозор ёки экспорт бўйича ёрдам таклиф қилади.
Ўзбекистон солиқ органлари тадбиркорларга фаолиятини кенгайтириш ва иш
ўринларини сақлаб қолишда фаолроқ ёрдам бериши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев
24 сентябрь куни Андижондаги йиғилишда маълум қилди.
Йиғилишда вилоятдаги бир қатор корхоналарда айланма маблағлар ва иш
ўринлари сони камайгани, баъзи тадбиркорлар эса ўз фаолиятини тўхтатгани қайд
этилди.
Президент маҳаллаларда ишлаётган солиқ инспекторлари бундай ҳолатларнинг
сабабларини ўрганиши ва ечим топишда иштирок этиши шартлигини кўрсатиб
ўтди.
Эндиликда корхонада даромадлар ёки иш ўринлари сони
камайганда, ўша корхонага маҳалла солиқчиси боради. У муаммони ўрганиб,
ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири билан биргаликда туман штаби учун
таклифлар тайёрлаши керак.
Кўрилиши мумкин бўлган чоралар қаторида солиқ тўловларини кечиктириш,
кредит муддатини узайтириш, айланма маблағлар ажратиш, сотув бозорларини топиш
ва экспортга чиқишга кўмаклашиш кабилар айтиб ўтилди.
Бунда ҳар бир бизнеснинг хусусияти ва унинг фойдага кириши учун зарур
бўлган муддат ҳисобга олиниши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ёшлар бандлиги маҳалла солиқ инспекторлари фаолияти
самарадорлигини ва уларга ҳақ тўлашни баҳолаш мезонларидан бирига айланади.
Маҳалла солиқ инспекторлари
институти 2024 йилдан бери ривожланиб келмоқда. Ўшанда Солиқ қўмитаси солиқ
органлари нафақат назорат қилувчи орган, балки «тадбиркорларнинг кўмакчиси»га
айланиши учун уларнинг иш ёндашувини ўзгартириш ниятида эканини маълум
қилган эди. 2026 йилда эса ҳокимият органлари ҳоким ёрдамчилари, банкирлар
ва солиқчиларни ўз ичига олган бутун «маҳалла еттилиги» фаолиятини қайта
ташкил этишни бошлади.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
24 09 2026 / 16:15