Ўзбекистонда энди пахтани биржада
сотган фермерга ҳам, уни сотиб олган кластерга ҳам ҳар тонна учун 500 минг
сўмдан субсидия берилади. Ўз ерида пахта етиштирган кластерлар эса гектарига
1,5 миллион сўмдан субсидия олади.
Ўзбекистонда
энди биржада пахта сотган фермерга ҳам, уни харид қилган кластерга ҳам ҳар
тонна учун 500 минг сўмдан субсидия ажратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 24
сентябрдаги йиғилишда маълум қилди.
Шунингдек, ўз ерида пахта етиштирган
кластерларга ҳар гектар учун 1,5 миллион сўмдан субсидия берилади.
Тайёр маҳсулот экспортчиларини
қўллаб-қувватлаш учун уларнинг хорижий валютадаги кредитлари бўйича фоиз
ставкасининг 5 фоиздан, миллий валютадаги кредитлар бўйича эса 14 фоиздан ошган
қисми уч йил давомида компенсация қилиниши бўйича ҳисоб-китоблар киритиш
топширилди.
Бундан ташқари, маркетплаcе
платформалари орқали сотилган маҳсулот қийматининг 3 фоизини қайтариш масаласи
юзасидан таклифлар тайёрланади.
Мева
ва сабзавотлар
Жалақудуқ, Марҳамат, Асака
ва Андижон туманларидаги адир ерларини иқтисодий айланмага киритиш бўйича
ҳам янги чоралар белгиланди.
Бунинг учун
алоҳида «Агростар» компанияси ташкил этилади. Компания баҳоргача 4−5 минг
гектар майдонга сув чиқариб, шафтоли, гилос, ўрик ва олхўри каби мевали
саноат боғларини барпо этишни бошлайди. Боғлар уч йил давомида парвариш
қилиниб, кейинчалик аҳолига тайёр ҳолда таклиф этилади. Ушбу мақсадга 30
миллион доллар, адир ерларга сув чиқариш учун эса 200 миллиард сўм ажратилади.
Вилоятда етиштирилаётган
мева-сабзавотнинг ҳозирча 16 фоизи қайта ишланаётгани қайд этилди. Кичик
ускуналарни аҳолига лизинг асосида бериш ва туман брендларини яратиш
орқали қайта ишлаш улушини 30 фоизга, экспортни эса 500 миллион долларга
етказиш мумкинлиги таъкидланди.
Бу йўналишда «гектардан —
максимал қиймат» тамойилига ўтилади. Кичик қайта ишлаш ускуналарини лизингга
бериш учун 100 миллиард сўм йўналтирилади.
Балиқчи туманида 5 гектар майдонда
ташкил этилган иссиқхона лойиҳасини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий
этиш белгиланди.
Бунинг учун жами 300 миллиард сўм
ажратилади. Шундан 50 миллиард сўм Андижон вилоятига йўналтирилади.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
25 09 2026 / 10:18