Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда 500 млн сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди



Улашинг :


Давлат банкларига бизнесга кредит ажратишда ёндашувни ўзгартириб, фақат гаров эмас, реал пул оқими, буюртмалар, товар айланмасини ҳам ҳисобга олиш топширилди. 500 млн сўмгача лойиҳаларга бизнес-режа талаб қилинмайди, йирик буюртмачи билан узоқ муддатли шартнома кредит гарови сифатида қабул қилинади.

Ўзбекистон давлат банклари кредит ажратишда анъанавий гаров талабидан воз кечиб, бизнеснинг реал пул оқимини баҳолаш тизимига ўтиши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни Андижондаги йиғилишда маълум қилди.

Қайд этилишича, йил бошидан гаров ёки кафил топа олмаган 35 минг кишига кредит берилмаган. Давлат раҳбари банклар анъанавий гаров ва бир хил стандарт шартлар билан чекланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади.

Энди реал пул оқими, буюртма ва шартномалар, дебиторлик қарзи, товар айланмаси ҳамда бизнес занжирига асосланган комплекс молиявий маҳсулотлар кенг жорий қилинади.

Хусусан, кичик тадбиркорларнинг лидер корхона ёки йирик буюртмачи билан узоқ муддатли шартномаси кредит гарови сифатида қабул қилинади.

500 миллион сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди. Кредит гаровга эмас, пул оқимига қараб ажратилади.

Экспортбоп маҳсулот учун хомашё сотиб олиш кредитларида эса суғурта полисининг ўзи гаров сифатида етарли бўлади.

Тўққизта давлат банкига бир ойда бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш вазифаси қўйилди. Маҳалла банкирлари янги хизматларни аҳоли ва тадбиркорларга тушунтириб боради.

Август ойида президент тадбиркорни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ўшанда «Бизнес старт», «Бизнес лифт» ва «Бизнес юксалиш» дастурлари, шунингдек, 10 млрд сўмгача бўлган кредитлар бўйича гаров талабларини камайтиришга қаратилган «контр-кафолат» тизими эълон қилинган эди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

25 09 2026 / 12:07