Ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходимлари
Германия клиникаларида ишлашга таклиф этилмоқда. Номзодлар 10 ойлик бепул немис
тили курсларида ўқиб, сўнг Германияда ишлайди. Дастлаб 1900 евро, касби тан
олингандан кейин 2500 евро маош берилади. Дастурга икки босқичли танловдан
ўтган номзодлар қабул қилинади.
Ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходимлари Globogate дастури
доирасида Германия клиникаларида ишлаш учун таклиф этилмоқда. Лойиҳа доирасида
800 та бўш иш ўрни ажратилган. Бу ҳақда Миграция агентлигининг «Хорижда иш»
Telegram каналида хабар берилди.
Дастур иштирокчилари Германияда
ишлашдан олдин 10 ойлик бепул немис тили курсларида таҳсил олади. Уларнинг
ўқиши давомида стипендия, турар жой ва B2 даражали тил сертификатини олиш
харажатлари қопланади.
Шунингдек, ҳужжатларни таржима қилиш
ва Германияда тасдиқлатиш, виза ва авиачипта харажатлари ҳамда
аэропортдан иш жойигача трансфер дастур доирасида бепул амалга оширилади.
Номзодлар 20−36 ёшда, уч йиллик
тиббиёт коллежи дипломига эга, судланмаган ва соғлом бўлиши, шунингдек, 10
ойлик немис тили курсларида ўқишга тайёр бўлиши керак. Дастурга икки босқичли
танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар қабул қилинади.
Германияда
ишлаш вақти ҳафтасига ўртача 39 соатни ташкил этади. Синов муддати уч ой.
Дастлабки маош 1900 еврони (2010 доллар), касб тан олингандан кейин эса 2500
еврони (2650 доллар) ташкил қилиши кўрсатилган.
Дастурда иштирок этиш учун 15
декабрга қадар рўйхатдан ўтиш мумкин. Қўшимча маълумот учун 1282 рақамига
мурожаат қилиш мумкин.
gazeta.uz
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
25 09 2026 / 13:54