Ўзбекистон ва Осиё инфратузилма инвестициялари
банки 2026−2029 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини имзолади. Унга кўра,
мамлакатдаги инфратузилма лойиҳалари 5 млрд долларгача молиялаштирилиши мумкин.
Банк электр тармоқларини модернизация қилиш лойиҳасини тайёрлаш учун алоҳида
грант ажратади.
Ўзбекистон ҳукумати ва Осиё инфратузилма
инвестициялари банки (ОИИБ) 2026−2029 йилларга мўлжалланган янгиланган узоқ
муддатли инвестиция дастурини имзолади. Дастур доирасида мамлакатдаги
инфратузилма лойиҳаларини 5 млрд долларгача молиялаштириш имконияти назарда
тутилган. Бу ҳақда ОИИБ Gazeta’га маълум қилди.
Ҳужжатлар 28 сентябрь куни Доҳада бўлиб ўтган ОИИБнинг
11-йиллик йиғилиши доирасида имзоланди.
Банк номидан келишувни ОИИБнинг 2-регион давлат
сектори бўйича инвестициялар, шунингдек, мижозларни лойиҳавий
ва корпоратив молиялаштириш йўналиши раҳбари Константин Лимитовский
имзолади. Ўзбекистон томонидан ҳужжатга инвестициялар, саноат ва савдо
вазири ўринбосари Шоҳрух Ғуломов имзо қўйди.
Маросим Инвестициялар, саноат ва савдо вазири,
шунингдек, Ўзбекистоннинг ОИИБдаги бошқарувчиси Лазиз Қудратов иштирокида ўтди.
Янгиланган кўп йиллик инвестиция дастури томонларнинг
келгуси йиллардаги ҳамкорлик устувор йўналишларини белгилайди. Унга кўра, банк
2026−2029 йилларда Ўзбекистондаги инфратузилма лойиҳаларини жами 5 млрд
долларгача молиялаштириши мумкин.
«ОИИБнинг
таъсисчи аъзоларидан бири сифатида Ўзбекистон ҳар доим ишончли
ва мустаҳкам ҳамкор бўлиб келган. Мамлакатнинг инвестиция лойиҳалари
рўйхати миллий устувор йўналишларни аниқ акс эттиради. Янгиланган дастур 2029
йилгача бўлган ҳамкорлигимиз йўналишини белгилайди», — деди Константин
Лимитовский.
Лазиз Қудратовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ОИИБнинг
минтақадаги энг йирик ҳамкори ҳисобланади.
«Янгиланган дастур орқали ҳамкорлигимизни янада
мустаҳкамлаш, кўпроқ хусусий инвесторларни жалб қилиш ва умумий
режаларимизни аниқ лойиҳаларга тезроқ айлантиришга умид қиламиз», — деди
вазир.
Электр тармоқларини модернизация
қилиш лойиҳасини тайёрлаш учун 1,5 млн доллар
Бундан ташқари, томонлар ОИИБнинг Лойиҳаларни тайёрлаш
махсус жамғармасидан 1,5 млн долларлик грант ажратиш тўғрисидаги келишувни
имзолади.
Маблағлар
«Ўзбекистон электр узатиш тизими барқарорлигини ошириш» лойиҳасини тайёрлашга
йўналтирилади. Улар техник тадқиқотлар ва бўлажак инвестиция лойиҳасига асос
бўладиган бошқа дастлабки ишлар учун сарфланади.
Лойиҳа электр тармоқларининг ўтказувчанлик қувватини
ошириш, ишончлилигини кучайтириш ва иқлим хатарларига бардошлилигини таъминлаш,
шунингдек, қайта тикланувчи энергия объектларини тармоққа улаш имкониятларини
кенгайтиришни назарда тутади.
Тайёргарлик босқичида техник ечимлар аниқлаштирилиб,
зарур инвестициялар ҳажми ва иқлим хатарлари баҳоланади.
Электр тармоқларининг устувор участкаларига, жумладан,
Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларини боғловчи жанубий йўлак ҳамда Фарғона
водийсига алоҳида эътибор қаратилади. Тармоқларнинг энг заиф участкаларини
бартараф этиш ва қайта тикланувчи манбалардан ишлаб чиқарилаётган электр
энергияси ҳажми ортиб боришини таъминлаш бўйича ечимлар ишлаб чиқилиши
режалаштирилган.
2030 йилгача Ўзбекистон электр энергияси ишлаб
чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини тахминан 30 фоиздан 54
фоизга етказишни режалаштирмоқда. Бунинг учун электр тармоқлари
инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш талаб этилади.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
30 09 2026 / 10:02