Транспорт
вазирлиги, ЕИ, халқаро молия институтлари ва хусусий сектор Ўзбекистоннинг
Транскаспий коридорини ривожлантириш лойиҳаларини муҳокама қилди. Улар темир
йўл ва автомобиль йўлларини ривожлантириш, логистика марказларини қуриш
ҳамда рақамли транспорт тизимларини яратишни ўз ичига олади.
2024 йилда Транскаспий халқаро
транспорт йўлагини ривожлантириш учун жалб қилиниши эълон қилинган 10 миллиард
доллардан 2,5 миллиарди Марказий Осиё инфратузилмасига сарфланган ёки аниқ
лойиҳалар доирасида ажратилиши тасдиқланган.
Бу ҳақда Европа комиссиясининг
Халқаро ҳамкорлик бош директоратияси Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича
директори Петерис Устубс маълум қилди. У Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом
Маҳкамов билан бирга 30 сентябрь куни Тошкентда Транскаспий транспорт коридори
бўйича иккинчи миллий конференцияга раислик қилди.
Петерис Устубснинг айтишича, эълон
қилинган молиялаштиришнинг қолган қисми ҳали лойиҳаларга йўналтирилиши керак.
«Молиявий
имкониятлар бор. Биз ҳали уларнинг чегарасига етганимиз йўқ, келгусида ўсиш
учун имкониятлар, албатта, мавжуд», — деди у.
10 миллиард долларлик дастлабки
мажбуриятлар 2024 йилда Брюсселда ўтказилган инвестиция форумида эълон
қилинган. 2025 йил ноябрида Тошкентда бўлиб ўтган кейинги форумда томонлар
ишларнинг боришини баҳолаб, аниқ лойиҳаларни муҳокама қилган. Энди, Устубснинг
сўзларига кўра, эълон қилинган маблағларни инфратузилмани қуриш
ва модернизация қилишга йўналтириш муҳим.
«Биз
Ўзбекистоннинг устувор эҳтиёжларини яхшироқ тушунишни, асосий тўсиқларни
аниқлашни истаймиз. Агар уларнинг айримларини бартараф эта олсак, бу янада
яхши бўлади. Шунингдек, Европа Иттифоқи, „Team Europe“ ва халқаро молия
институтлари молиялаштириш, инвестиция ва техник кўмакни жалб қилишда
қандай ёрдам бериши мумкинлигини муҳокама қилмоқчимиз», — деди Европа
комиссияси вакили.
У Ўзбекистон билан темир йўл
ва автомобиль йўлларини модернизация қилиш ҳамда қуриш, логистика
марказларини ривожлантириш ва минтақа давлатларининг тизимлари билан ўзаро
мос рақамли транспорт тизимини яратиш йўналишларида иш олиб борилаётганини
таъкидлади. Шунингдек, коридордаги мамлакатлар ўртасидаги чегара ўтказиш
пунктларини такомиллаштириш бўйича ҳам алоҳида ишлаш кераклигини қўшимча қилди.
Петерис Устубснинг айтишича, йўлак
муваффақиятли ишлаши учун инфратузилмани қуришнинг ўзи кифоя қилмайди:
чегарадаги расмийлаштирув жараёнларини тезлаштириш, давлатлар ўртасидаги
мувофиқлашувни кучайтириш ва ташувчилар учун барқарор шарт-шароит яратиш
зарур.
«Келгусида коридор учун асосий
тўсиқ, эҳтимол, унинг самарали ишлаши бўлади», — деди у. Транскаспий
коридори бўйича мувофиқлаштирув платформасининг мақсади — Европа
ва Осиё ўртасидаги юк ташиш муддатини 15 кундан оширмаслик.
Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом
Маҳкамов мамлакатнинг ушбу коридорга қизиқишини товарларни етказиб бериш
харажатлари юқорилиги билан изоҳлади.
«Транспорт харажатлари маҳсулотимиз
таннархининг салмоқли қисмини ташкил этади. Шунинг учун транспорт
ва логистикани ривожлантириш президент халқаро ташрифлар
ва музокаралар давомида доим кўтарадиган масалалардан биридир», —
деди у журналистларга.
Илҳом Маҳкамовнинг қўшимча қилишича,
Ўзбекистон Ўрта коридорни ривожлантириш бўйича йирик стратегик лойиҳаларни
нафақат мамлакат ичида, балки минтақавий миқёсда ҳам амалга оширмоқда.
«Айни пайтда
Грузия портида Ўзбекистоннинг ўз терминалини қуриш лойиҳаси фаол ишлаб
чиқилмоқда. Бундан ташқари, Каспий денгизида ўтказиш қувватини ошириш учун
Озарбайжонлик ҳамкорлар билан қўшма корхона ташкил этиш, янги паромлар сотиб
олиш ва қатновлар сонини кўпайтириш лойиҳаларини амалга оширяпмиз.
Шу билан бирга, йўналишнинг иқтисодий жозибадорлигини ошириш мақсадида
CASCA+ мультимодал йўналиши доирасида темир йўл ташувларига 70 фоиз чегирма
жорий этилди. Бу юк ташувчилар ва бизнес учун жуда катта
имконият», — деди транспорт вазири.
Конференцияда ҳукумат, халқаро молия
институтлари ва бизнес вакиллари темир ва автомобиль йўлларига
инвестиция киритиш, логистика марказларини ривожлантириш, транспорт
ва савдо ҳужжатларини рақамлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Алоҳида
сессияда хусусий компанияларнинг таклифлари ва коридор орқали
юк ташишда дуч келаётган тўсиқлари кўриб чиқилди.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
02 10 2026 / 12:12