Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Остонадаги AI & Digital Bridge 2026`да Ўзбекистон стартапларини хорижга чиқариш бўйича меморандум имзоланди



Улашинг :


1−3 октябрь кунлари Остонада ўтган AI & Digital Bridge 2026 форуми доирасида IT Park Uzbekistan, Astana Hub ва Eurasia Growth Hub стартапларни хорижий бозорларга чиқариш бўйича меморандум имзолади.

AI & Digital Bridge 2026 халқаро технологик форуми 1−3 октябрь кунлари Остонада бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон ва хорижий мамлакатлардан 150 дан ортиқ спикер, технологик компаниялар вакиллари, инвесторлар ва стартаплар иштирок этди. Форум натижаларидан бири IT Park Uzbekistan, Astana Hub ва Eurasia Growth Hub ўртасида Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон компанияларининг хорижий бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаш бўйича келишув бўлди.

AI & Digital Bridge Қозоғистондаги Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили доирасида ташкил этилган AI Month — сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва тадбиркорлик соҳаларидаги тадбирлар ойлигининг асосий халқаро тадбири бўлди.

Форум иштирокчилари сунъий интеллект, ҳисоблаш инфратузилмаси ва робототехникани ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди. Ялпи мажлисда General Atlantic раҳбари Уильям Форд, NVIDIA вице-президенти Рев Лебаредян, Network School асосчиси Балажи Сринивасан ҳамда OneWeb ва E-Space асосчиси Грег Уайлер сўзга чиқди.

1 октябрь куни форумда нутқ сўзлаган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев сунъий интеллект саноат, молия, таълим, фан ва давлат бошқарувини ўзгартираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, технологияларни ривожлантириш иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларига таяниши ва инновацион компанияларни қўллаб-қувватлаш билан бирга олиб борилиши керак.

Тоқаев саноат соҳасида сунъий интеллект ёрдамида ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар рўйхатини шакллантириш ва унинг асосида Қозоғистон ҳамда хорижий жамоалар иштирокида AI Challenge танловини йўлга қўйишни таклиф қилди. Самарадорлигини исботлаган энг яхши ечимларни ишлаб чиқаришга жорий этиш режалаштирилмоқда.

Президент олимлар, муҳандислар ва тадбиркорларни тайёрлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

«Ҳеч бир мамлакат сунъий интеллект салоҳиятини ёлғиз ўзи тўлиқ рўёбга чиқара олмайди», — деди Тоқаев билим алмашиш, қўшма тадқиқотлар, инвестициялар ва истеъдодларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этиб.

Ўзбекистон учун форумнинг амалий натижаларидан бири IT Park Uzbekistan, Astana Hub ва Eurasia Growth Hub ўртасида меморандум имзоланиши бўлди. Ҳужжат икки мамлакат технологик компанияларини хорижий буюртмачилар, инвесторлар ва бизнес ҳамкорлар топишда қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Меморандумни IT Park Uzbekistan бош директори Азамат Караматов, Astana Hub бош директори Магжан Мадиев ва Eurasia Growth Hub бош ижрочи директори Музаффар Карабаев имзолади.

Ҳамкорлик йўналишларидан бири Eurasia Growth Hub орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон стартапларига Буюк Британия ҳамда бошқа мамлакатлар бозорларига чиқишда кўмаклашиш бўлади. Ҳамкорлар soft landing — янги бозорга мослашишни енгиллаштирувчи механизмларни яратиш имкониятларини кўриб чиқади. Бу бозорни ўрганиш, бизнесни ривожлантириш ва операцион масалаларни ҳал қилишда ёрдам беришни ўз ичига олади.

Томонлар қўшма форумлар, вебинарлар, бизнес миссиялар ва B2B учрашувларини ўтказишни ҳам режалаштирмоқда. Ушбу тадбирлар компанияларга потенциал мижозлар, стратегик ҳамкорлар, инвесторлар ва акселераторлар билан алоқа ўрнатишда ёрдам беради.

«Ушбу ҳамкорлик стартаплар учун ҳамкорлар ва мижозларни топишдан тортиб инвестицияларни жалб қилишгача бўлган янги амалий имкониятларга йўл очади», — таъкидлади Азамат Караматов.

Меморандум сунъий интеллект ҳамда тадқиқот ва ишланмалар соҳасидаги қўшма ташаббусларни ҳам назарда тутади. Улар билим алмашиш, синов лойиҳалари, менторлик дастурлари ҳамда бизнеснинг илмий ва таълим ташкилотлари билан ҳамкорлигини қамраб олади. Ўзбекистон технологик жамоалари учун ушбу ҳамкорлик бизнес алоқаларини кенгайтириш ва маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

газета.уз


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

05 10 2026 / 15:27