Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда йил бошидан буён бешта янги газ кони очилди



Улашинг :


Йил бошидан буён Ўзбекистонда бешта газ кони очилиб, 80 та қудуқ қазилди. Устюртда хорижий ҳамкорлар билан геофизик маълумотларни қайта таҳлил қилиш ва газ қазиб олиш самарадорлигини ошириш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Нефть-газ саноати ривожига оид маълумотлар президентга тақдим этилди.

Ўзбекистонда йил бошидан буён бешта янги газ кони очилди. Бу ҳақда нефт-газ саноати лойиҳаларининг Шавкат Мирзиёевга тақдимоти чоғида маълум қилинди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Ҳудудларда 80 та қудуқ қазилди. Уларнинг айримлари 6 минг метр ва ундан ортиқ чуқурликка эга. Хабарда айтилишича, тўртинчи чоракда яна 40 та қудуқ қазиш режалаштирилган.

Газ захираларини кўпайтириш мақсадида геологик қидирув ишлари кенгайтирилмоқда. Жумладан, 2026 йилда 3D сейсмик разведка ишларининг ҳажмини ўтган йилга нисбатан беш баробар ошириш режалаштирилган.

Тақдимотда истиқболли майдонларни, айниқса, Устюртдаги чуқур қатламларни ўрганиш, янги конларни ўзлаштириш ва амалдаги қудуқлар самарадорлигини ошириш режалари ҳам кўриб чиқилди.

Хабарда айтилишича, Устюртда хорижий ҳамкорлар билан янги қудуқлар бурғилаш, геофизик маълумотларни қайта таҳлил қилиш ва газ қазиб олиш самарадорлигини ошириш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Газ ташиш тизимининг ўтказувчанлик қувватини ошириш учун магистрал газ қувурларини қуриш ва компрессор станцияларини модернизация қилиш лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.

Тақдим этилган баҳоларга кўра, айрим станцияларда замонавий электродвигателларни қўллашни ҳам ўз ичига олган ушбу лойиҳалар газ таъминоти барқарорлигини ошириш ва йилига 125 миллион куб метргача табиий газни тежаш имконини беради. Тақдимотда лойиҳаларни молиялаштириш манбалари бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, тадбирда «Ўзбекнефтгаз» ва унинг йирик корхоналарининг жорий йил тўққиз ойидаги жами соф фойдаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошгани маълум қилинди.

«Кредит портфелини мақбуллаштириш натижасида қарздорлик камайган, юқори фоизли кредитлар шартларини қайта кўриб чиқиш орқали фоиз харажатларини тежашга эришилган», — дейилади хабарда. Аниқ кўрсаткичлар келтирилмаган.

Аввалроқ Gazeta биринчи ярим йиллик якунларига кўра, «Ўзбекнефтгаз» қиммат кредитларни қайта молиялаштириш ва муддатидан олдин сўндириш орқали фоиз тўловларидан 219 миллиард сўм тежаганини хабар қилганди. Компания, шунингдек, дебиторлик қарзини 1,2 триллион сўмга қисқартиргани ва харажатлари режадагидан 1 триллион сўм кам бўлгани ҳақида маълумот берган.

2025 йил апрелида «Ўзбекнефтгаз» 850 миллион долларлик беш йиллик еврооблигацияларни жойлаштирган. Уларнинг йиллик даромадлилиги 8,75 фоизни ташкил этган. Бу 2021 йилдаги илк жойлаштирувда қайд этилган 4,75 фоиздан юқори. S&P Global баҳосига кўра, жалб қилинган маблағларнинг асосий қисмини аввал олинган қарзларни сўндиришга, шунингдек, айланма маблағ ва инвестицияларга йўналтириш режалаштирилган.

gazeta.uz