Покистоннинг WaterCon компанияси
Жиззахнинг Янгиобод туманида 500 гектар майдонда зайтун плантацияси ташкил
этишни режалаштирмоқда. Лойиҳа доирасида зайтун етиштириш ва қайта ишлаш, тайёр
маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда уни Made in Uzbekistan бренди остида экспорт
қилиш режалаштирилган.
Покистоннинг WaterCon компанияси
Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида 500 гектар майдонда зайтун плантацияси
ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Бу борада компания ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро
англашув меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистоннинг
Покистондаги элчихонаси.
Элчихона ташаббуси билан WaterCon
компанияси делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссияси ташкил этилди.
Ташрифдан мақсад компания иштирокида Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга
ошириш имкониятларини ўрганиш ва ҳудудлардаги истиқболли лойиҳаларга хорижий
инвестицияларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Делегация ташриф давомида
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда
Жиззах вилояти ҳокимлиги мутасаддилари билан учрашувлар ўтказди.
Музокараларда Ўзбекистонда замонавий
агротехнологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва
қайта ишлаш соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари
муҳокама қилинди.
Меморандумга кўра, Янгиобод туманида
500 гектар майдонда зайтун плантациясини барпо этиш, зайтун маҳсулотларини
етиштириш ва қайта ишлаш, шунингдек, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган
инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилишича, WaterCon вакиллари
Янгиобод туманидаги 500 гектар майдон бўйича дастлабки техник баҳолаш
натижаларини кўриб чиққан. Компания ҳудудга мос зайтун навларини танлаш,
замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ва қайта ишлаш қувватларини
ташкил этиш бўйича таклифлар берган.
Лойиҳанинг кейинги босқичларида
зайтунни саноат усулида қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни қадоқлаш ҳамда юқори
қўшилган қийматга эга маҳсулотларни Made in Uzbekistan бренди остида
хорижий бозорларга экспорт қилишни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Кейинги босқичда лойиҳанинг техник
ва ташкилий жиҳатлари чуқур ўрганилиб, ер ва сув таъминоти
имкониятлари аниқлаштирилади ҳамда инвестиция таклифи ишлаб чиқилади.
Шунингдек, плантация ва зарур инфратузилмани барпо этиш учун лойиҳаолди
ишларини ташкил этиш ва ишчи гуруҳ тузиш белгиланган.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
06 10 2026 / 16:08