Ўзбекистон ва Россия йил
охиригача кимё саноати, агросаноат маҳсулотларини қайта ишлаш ва металлга
ишлов бериш соҳаларида $350 млнлик 17 та қўшма лойиҳани ишга туширмоқчи.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Wildberries билан
А тоифали логистика мажмуаси қуриш бўйича келишув тузди.
Фарғонада 6 октябрь куни Ўзбекистон
ва Россия ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия
йиғилиши, шунингдек, икки давлат ҳудудлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу
ҳақда Ўзбекистоннинг инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш
ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси матбуот
хизмати Gazeta`га хабар берди.
Йиғилишда Ўзбекистон делегациясига
бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев, Россия делегациясига эса ҳукумат раиси
биринчи ўринбосари Денис Мантуров раҳбарлик қилди.
2026 йилнинг дастлабки саккиз ойи
якунларига кўра, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 10
фоизга ошди. Аввалроқ икки давлат президентлари товар айирбошлаш ҳажмини 30
млрд долларга етказишни мақсад қилиб белгилаган эди.
Йиғилишда
маълум қилинган режаларга кўра, 2026 йилда томонлар кимё саноати, қишлоқ
хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва металлга ишлов бериш соҳаларида
умумий қиймати 350 млн доллар бўлган 17 та қўшма лойиҳани ишга туширишни
режалаштирмоқда.
Йиғилишда энергетика соҳасидаги
ҳамкорлик, жумладан, Жиззах вилоятида атом электр станциясини қуриш лойиҳаси,
кадрлар тайёрлаш, шунингдек, ускуналар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни
маҳаллийлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича
ҳукуматлараро комиссия йиғилиши протоколи ҳамда Ўзбекистон
ва Россиянинг 2026−2040 йилларга мўлжалланган илмий-технологик ривожланиш
стратегияси имзоланди.
Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари
кенгаши йиғилишида Ўзбекистоннинг барча 14 та ҳудуди Россиянинг 50 дан ортиқ
субъекти билан ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди. Ҳудудлараро кооперация
портфелига умумий қиймати қарийб 6 млрд доллар бўлган 200 дан ортиқ лойиҳа кирган.
Йиғилиш якунлари бўйича томонлар
тўртта ҳужжат алмашди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги
ва Омск вилояти ҳукумати саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув
тузди.
Сурхондарё вилояти
ва Красноярск ўлкаси савдо-иқтисодий, илмий-техник, маданий ва гуманитар алоқаларни
ривожлантиришга келишиб олди.
Наманган вилояти ва Доғистон аввал имзоланган
савдо-иқтисодий, илмий-техник ва ижтимоий-маданий ҳамкорлик тўғрисидаги
келишувни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини келишиб олди.
Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистон
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Россиянинг Wildberries
маркетплейси ўртасида инвестиция келишуви билан алмашди. Келишув
доирасида А тоифали логистика мажмуасини қуриш режалаштирилган.
Wildberries & Russ компаниясига
таяниб, Spot хабар беришича,
келишув Тошкент вилояти Зангиота туманида кўп тармоқли логистика мажмуасини
қуришни назарда тутади.
Логистика ҳаби пойтахтнинг Янгихаёт
тумани билан чегарадош «Боғзор» маҳалласидаги 67,3 гектарлик майдонда
жойлашади. Ҳозир лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда, қурилишни октябрь ойи
охирида бошлаш режалаштирилган.
Маркетплейс мажмуада камида 7500
та иш ўрни яратишни режалаштирмоқда. Яна камида 2000 киши
ихтисослаштирилган таълим дастурлари бўйича тайёргарликдан ўтади.
Компания маълум қилишича,
Wildberries ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон маҳсулотларини хорижий бозорларга
олиб чиқишни режалаштирмоқда. Компания ҳаб қурилиши «омбор инфратузилмасини
кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини
қўллаб-қувватлашда муҳим қадам» бўлишини кутмоқда.
Ҳудудлар кенгаши йиғилишида
Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Россиянинг 17 та ҳудуди вакиллари,
шунингдек, икки мамлакатдан қарийб 400 нафар тадбиркор иштирок этди. Ҳудудлар
кенгашининг навбатдаги йиғилишини Омскда ўтказиш режалаштирилган.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
08 10 2026 / 9:39