Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Техникумлар қошида стартап лойиҳаларни амалга ошириш учун корхоналар ташкил этилади



Улашинг :


Вазирлар Маҳкамасининг 29.09.2026 йилдаги 524-сонли қарори билан техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланди. Улар тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган ўқувчиларнинг стартап лойиҳалари асосида ташкил этилади ва битирувчиларнинг бандлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун Касб-ҳунар таълимини ривожлантириш жамғармасидан ҳар бир корхонага 1 млрд сўмгача грантлар ажратилади. Шу билан бирга, 2026 йил якунига қадар ҳар бир вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида камида биттадан намунавий «spin-off» корхона ташкил этиш режалаштирилган.

Тасдиқланган низомда «spin-off» корхоналарини ташкил этиш, шунингдек, уларга техникумларнинг бўш турган бино ва иншоотларида жой бериш тартиби белгиланган. Бундай бинолар беш йилгача муддатга ижарага берилиши мумкин. Стартап лойиҳаларни амалга ошириш учун грантларни тақсимлаш механизми алоҳида белгиланган.

Касб-ҳунар таълими агентлигига бир ой муддатда негизида корхоналар ташкил этиладиган техникумлар рўйхатини белгилаш топширилди. У 2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан шундай корхона ташкил этилишини таъминлаши ва уларнинг реестрини EMIS PT профессионал таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими орқали юритиши лозим.

Вилоят ҳокимликларига корхоналар ташкил этишга хорижий инвесторларни жалб қилишга кўмаклашиш топширилди. Улар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда яратилган иш ўринлари сонини ҳам кузатиб бориб, техникум битирувчиларини ишга жойлаштириш чораларини кўради.

«Spin-off» корхоналар ташкил этиладиган техникумлар учун давлат улушини тасарруф этишга чекловлар белгиланди. Беш йил мобайнида уни хусусийлаштириш, шунингдек улушдан корхоналарнинг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.

Янги механизм ўқувчиларнинг стартап лойиҳалари натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, профессионал таълим тизимида тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш ва битирувчилар учун қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.10.2026 йилдан кучга кирди.


Батафсил: https://www.norma.uz/uz/qonunchilikda_yangi/tehnikumlar_qoshida_startap_loyihalarni_amalga_oshirish_uchun_korhonalar_tashkil_etiladi

норма.уз


Сарлавха :
Иқтисодиёт

13 10 2026 / 12:14