Вазирлар Маҳкамасининг
09.10.2026 йилдаги 553-сон қарорида мамлакат ҳудудларида инновацион
стартап-лойиҳа паркларини ташкил этиш кўзда тутилган. Улар тадбиркорларга инновацион лойиҳаларни
ривожлантириш, илмий ишланмаларни жорий этиш ва маҳаллий маҳсулотларнинг
рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.
Инновация парклари Таълим ва фан
вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги тизимида давлат муассасаси
шаклида ташкил этилади.
Стартаплар ва инновацион
маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий-техник
ва муҳандислик инфратузилмасини таъминлаш, шунингдек, бизнес-инкубация ва
акселерация дастурларини ташкил этиш паркларнинг асосий вазифалари бўлади.
Тадбиркорлар ташкилий,
ҳуқуқий, молиявий ва маркетинг хизматларини бир жойдан олиши мумкин бўлади.
Шунингдек, инновацион маҳсулотларни сертификатлаш ва рўйхатдан ўтказиш,
интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш, товарларни ички ва ташқи бозорларда
илгари суриш, маҳаллий ва хорижий кўргазмаларда иштирок этишга кўмаклашиш
назарда тутилган.
Таълим ва фан вазирлиги
инновацион паркларнинг олий таълим муассасалари ва улар қошида ташкил этилган
стартап-студиялар билан ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўяди. Қорақалпоғистон
Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий ташаббуслар
асосида бундай парклар ташкил этиладиган туман ва шаҳарларни белгилайди.
Парклар фаолиятини Инновацион
ривожланиш агентлиги мувофиқлаштиради. Уларнинг ҳудудидаги ишлаб чиқариш
майдонларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш режалаштирилган.
Молиялаштириш хўжалик фаолияти
ва ижарадан олинган даромадлар, маҳаллий ҳокимликлар маблағлари, халқаро
грантлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан
таъминланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида
эълон қилинган ва 09.10.2026 йилдан кучга кирди.
norma.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
13 10 2026 / 13:56