Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

“Ўзбекистонда иқлим ўзгариши шароити ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда қурғоқчиликка чидамли хандон писта ва бодом боғларини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий семинар



Улашинг :


2021 йил 18 июнда Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал Демократик партияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши шароити ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда қўрғоқчиликка чидамли хандон писта ва бодом боғларини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги илмий-амалий семинар ўтказилди.

Жаҳон ресурслари институтининг прогнозига кўра, 2040 йилга Ўзбекистон сув танқислиги энг юқори бўлган 33 та мамлакатнинг бирига айланади.

Шу туфайли 2020-2030 йилларга мўлжалланган республикамизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясига мувофиқ атроф-муҳит ва иқлим учун юзага келадиган салбий оқибатларни камайтиришга қаратилган қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларининг барқарор ривожланиши учун табиий ресурсларни самарали бошқариш асосий устивор йўналиш ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда ерларнинг ҳолатини яхшилаш, маҳсулдорлиги ҳамда табиий биологик хилма-хиллигини сақлаб қолишга, суғориш имконияти чекланиб бораётган ва чўлланиш хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда қўрғоқчиликка чидамли боғларни барпо этишга катта аҳамият берилмоқда. Юқорида зикр этилган чоралар билан бир қаторда мамлакатимизнинг тоғолди, тоғ ҳудудларида хандон писта ва бодом боғларини барпо этиш ҳам кўзда тутилган.

Замонавий изланишларга кўра Тошкент, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг тоғолди, тоғли ҳудудлари ва лалмикор ерларида пистачилик ва бодом етиштиришни ривожлантириш учун барча ҳудудий ва мавсумий шароитлар мавжуд. Иқтисодий нуқтаи назардан қараганда эса писта ва бодом етиштириш соҳаси яхши даромад келтириши мумкин.

Амалга оширилаётган тадбирлар иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг ўсиши, ёғингарчилик камайишининг оқибатларини олдини олишни ҳам қамраб олиши белгиланган.

Маълум бўлишича, Тошкент, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг адирли (лалмикор) ҳамда тоғолди ҳудудлари, шунингдек, Фарғона водийси атрофидаги ерлар асосан, дон ҳамда мой берадиган ўсимликларни экиш учун ва ўтлоқ сифатида фойдаланилмоқда. Ушбу майдонларнинг сув таъминотига боғлиқлиги юқори даражада ҳосил олишни чегаралайди.

Шу сабабли, юз бераётган иқлим ўзгаришлари шароитида улардан мўътадил фойдаланиш мақсадида фермер (деҳқон) хўжаликларига даромад келтира оладиган хўжалик юритишнинг муқобил услубларини топиш ва қурғоқчиликка мойил ҳудудлар экотизимларининг нормал ҳолати ҳамда функцияларини тиклаш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.

Табиий хандон писта ва бодомнинг навли плантацияларини яратиш юқорида қайд этилган талабларга муқобил таклиф сифатида кўриб чиқилиши мумкин. Марказий Осиёнинг тоғолди ҳудудлари табиий хандон пистанинг ватани бўлганлиги сабабли, уни навли асосда, плантация усулида етиштириш манфаатли, фойдали бўлиши мумкин. Табиий хандон писта ва бодом юқорида зикр этилган шароитларда ўсишга энг мослашган, қурғоқчиликка, ҳавонинг паст ва юқори хароратларига чидамли эканлиги экспертлар тарафидан таъкидланган.

Хандон писта ва бодом ўрмон яратувчи ўсимлик бўлиб, ўзининг ўта кучли томир тизими эвазига тупроқни ҳимояловчи ва сувни сақловчи вазифасини бажаради. Хандон писта ўз мағизида 40% дан 60гача ва ундан зиёд миқдорда ёғ, 15-20% миқдорда оқсил, 3-8% шакар ва бошқа микроэлементларга эга юқори каллорияли пархезли маҳсулот ҳисобланади. Бундан ташқари, табиий хандон писта ўзининг ёқимли таъми туфайли жаҳон бозорида ёнғоқ ва бошқа меваларга қараганда бир неча баробар қиммат баҳоланади. Шунингдек, хандон писта хом ва турли қайта ишланган шаклда қандолат саноатида, юқори навли колбаса ва пархезли маҳсулотларнинг кўп турларини ишлаб чиқаришда, тиббиётда турли касалликларни даволашда ишлатилади.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олган ҳолда айнан Ўзбекистонда хандон писта ва бодом плантацияларини ривожлантириш мавзуси Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази тарафидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этган илмий-амалий семинарга асос бўлди.

Фикрларнинг қизғин алмашинуви ва Ўзбекистонда табиий хандон писта ва бодом етиштириш ер майдонлари ва ҳудудларини кенгайтириш истиқболларининг қизғин муҳокамаси бўлиб ўтган илмий-амалий семинар ишида хандон писта ва бодом етиштириш билан шуғулланувчи фермерлар ва тадбиркорлар, шу соҳа экспертлари, хандон писта ва бодом плантацияларини ривожлантириш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш жараёнларига жалб этилган ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этишди.

Илмий-амалий семинар иштирокчилари қизғин мунозаралар натижасида табиий хандон писта ва бодом кўчатлари экилишини ривожлантирилиши Ўзбекистонда ерларнинг ҳолатини яхшилаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда табиий биологик хилма-хиллигини сақлаб қолиш, суғориш имконияти чекланиб бораётган ва чўлланиш хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда қўрғоқчиликка чидамли боғларни барпо этиш, импорт қилинадиган қиммат ва маҳаллий шароитларга мослаштирилмаган мева кўчатлари навларига қарамликни тўлиқ бартараф этиш ёки камайтириш, жумладан қурғоқчилик шароитида муваффаққиятли ўсиши ва мева бериши билан фойдали эканлиги ҳақидаги ягона фикрга келдилар. Хандон писта плантацияларини навли асосда барпо этилиши – капитални узоқ муддатга ва ишончли жойлаштиришдир.

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази





Сарлавха :
Марказ фаолиятига оид

18 06 2021 / 14:33