Ўзбекистонда тегишли талабларга
жавоб берадиган транспорт-логистика марказлари 2040 йилгача ер солиғи
ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилинади. Марказлар учун керакли ишлаб
чиқарилмайдиган керакли жиҳозлар 2029 йил 1 августгача божхона божидан
ва мажбурий сертификатлашдан озод қилинади.
Ўзбекистон
президентининг «Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга доир қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори [ПҚ-368-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия
вазирлиги хабар қилди.
Қарорга кўра, 2026−2030 йилларда
транспорт-логистика тизимини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари
белгиланди. Жумладан:
·
транспорт-логистика
марказларининг йиллик қуввати камида 40 млн тоннага етказилади;
·
транспорт
ва логистика хизматлари экспорти 3,5 млрд АҚШ долларига, республика ҳудуди
орқали транзит юк ташиш ҳажми 18,5 млн тоннага етказилади;
·
республикадаги
барча талабларга жавоб берувчи халқаро қуруқлик портлари сони ҳозирги 24 тадан
30 тага етказилади;
·
Давлат
чегараси орқали ўтказиш пунктларининг юк ташиш қобилияти
ва транспорт-логистика марказларида контейнерларга ишлов бериш қуввати
икки баробарга оширилади.
Андижон
вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё
вилоятининг Термиз тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон
туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади.
Транспорт-логистика марказларида
терминалларни бошқариш (TOS) ва омборни бошқариш (WMS) тизимлари жорий
этилади ҳамда улар 2030 йил охиригача Транспорт вазирлигининг «E-logistika»
платформасига уланади.
2040 йилгача
транспорт-логистика марказлари ер солиғи ва мол-мулк солиғидан тўлиқ
озод қилинади. Бунинг учун марказ ЭСКАТО қуруқлик портлари тўғрисидаги битимга
киритилган, тизимларни жорий этган ва «E-logistika» платформасида «BB»
ва ундан юқори рейтингга эга бўлиши шарт.
Транспорт-логистика марказлари
реестрига киритилган марказлар учун 2029 йил 1 августгача ишлаб чиқарилмайдиган
омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар
ва эхтиёт қисмлар божхона божидан ва мажбурий
сертификатлашдан озод қилинади.
Қарорга кўра, 2027 йил 31 декабргача
M2, M3, N тоифадаги транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар
республикада ишлаб чиқарилмайдиган компонентларни божхона божи тўлашсиз импорт
қилиши мумкин.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
14 10 2026 / 12:40