Ўзбекистонда иссиқхоналарга солиқ
имтиёзлари, электр харажатининг ярмини қоплаш ва 300 млн сўмгача имтиёзли
кредитлар жорий этилди. Тошкент вилоятидаги иссиқхоначиликка ихтисослашган
оилалар 200 млн сўмгача субсидия олади, энергия тежамкор ускуналар ўрнатиш
харажатининг 40 фоизи қоплаб берилади.
13 октябрь куни Ўзбекистон
президентининг «Илғор «яшил» технологиялар асосида иссиқхона хўжаликларини
ривожлантириш ва аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича
қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори [ПҚ-371-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда
Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қарорга кўра, иссиқхона
хўжаликларига қуйидаги имтиёзлар ва субсидиялар назарда тутилди:
·
қишлоқ
хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига қўшилган қиймат солиғи ставкаси ноль фоиз
этиб белгиланди;
·
қишлоқ
хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари учун ўзи
ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишдан олинган фойда бўйича фойда солиғи
ставкаси ноль фоиз этиб белгиланди;
·
иссиқхона
фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами
даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган иссиқхона хўжаликлари учун ижтимоий
солиқ ставкаси 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январгача 1 фоиз этиб белгиланди.
2027 йил 1
январдан 2030 йил 1 январгача иссиқхона фаолиятидан даромадининг камида 60
фоизини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига юридик шахслардан олинадиган
ер солиғи ва мол-мулкка солинадиган солиқ ставкалари 50 фоизга
камайтирилади.
2026 йил 1 ноябрдан 2030 йил 1
апрелгача иссиқлик энергиясини тежовчи махсус қопланма «кўрпа» билан қопланган
ва (ёки) энергия самарадор «яшил» иситиш воситаларидан (иссиқлик насослари,
геотермал иситиш тизимлари, қуёш иссиқлик тизимлари, электр энергияси асосидаги
юқори самарали иситиш тизимлари) фойдаланаётган иссиқхона хўжаликларига
октябрь-март ойларида истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50
фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Энергия
самарадорлиги миллий агентлиги 2030 йил 1 январга қадар Тошкент вилоятининг
Тошкент, Зангиота, Қибрай, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларида аҳоли
томорқаларидаги иссиқхоналарни иситиш учун қуёш панеллари, иссиқлик насослари,
инфрақизил иситиш мосламалари ва бошқа энергия тежамкор ускуналарни харид
қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларининг 40 фоизи, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган
миқдорда бир марталик субсидия ажратади.
Камбағалликни қисқартириш мақсадли
жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тошкент вилоятининг иссиқхоначиликка
ихтисослашган 50 та маҳаллада ҳар бир оилага 200 миллион
сўмгача субсидия ажратилади.
Марказий банк оилавий тадбиркорликни
ривожлантириш доирасида тажриба тариқасида томорқа ва деҳқон хўжалигига
мўлжалланган ер майдонларига эга жисмоний шахсларга имтиёзли кредитлар
ажратади: «яшил» технологияларга асосланган иссиқхона барпо этиш учун 300
миллион сўмгача, мавжуд иссиқхоналарни қайта жиҳозлаш учун 150 миллион сўмгача.
Адлия ва Ижтимоий ҳимоя миллий
агентлиги иссиқхоналарни ташкил этиш ва ижтимоий дафтарлар бўйича субсидия
ажратишда масъул ҳисобланади.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
15 10 2026 / 9:44