Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш 2026 йил 15 октябрдан
30 ноябрга қадар ўтказилади. Ҳукумат қарори билан уни ўтказиш тартиби
белгиланди. Унда юридик шахслар hisobot.stat.uz орқали, ўзини ўзи банд қилган
жисмоний шахслар эса census.stat.uz орқали мустақил рўйхатдан ўтиши мумкин
бўлади.
Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш бошланди
ва у 30 ноябрга қадар ўтказилади. 9 октябрь куни эса Ҳукумат
қарори [557-сон] билан Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олишни ўтказиш
чора-тадбирлари тасдиқланди.
Рўйхатга олишда иқтисодий бирликлар: юридик шахслар,
якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари, ўзини ўзи банд қилганлар ва
рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган субъектлар қамраб олинади.
Юридик шахслар hisobot.stat.uz орқали, ўзини ўзи банд
қилган жисмоний шахслар эса census.stat.uz орқали мустақил рўйхатдан ўтади.
Маҳаллаларда
рўйхатга олувчи сифатида ҳоким ёрдамчилари жалб этилади. Улар планшетлар орқали
маълумот тўплайди. Ҳоким ёрдамчиси бўлмаган маҳаллаларда бу ишни «маҳалла
еттилиги» ходимлари амалга оширади.
Рўйхатга олиш тадбирида иштирок этган ҳоким
ёрдамчилари ва бошқа ходимларга бириктирилган ҳудудда иқтисодий
бирликларни тўлиқ қамраб олгандан кейин Жаҳон банки иштирокидаги лойиҳа
маблағлари ҳисобидан бир марталик рағбатлантириш тўлови берилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари, устав
капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар ўз
тизимидаги барча корхона ва ташкилотларнинг рўйхатдан ўтишини таъминлаши
керак.
Рўйхатга олувчи ходимлар иқтисодий бирликларни уларнинг
фаолият кўрсатаётган манзилида рўйхатга олади; сўров соат 09:00 дан 18:00 гача
ўтказилади.
Бундан ташқари, респондентларга доир маълумотлар сир
сақланади ва фақат статистик мақсадларда фойдаланилади. Савол
ва мурожаатлар учун 1851 қисқа рақамли колл-марказ ташкил этилади.
Рўйхатга олиш якуний натижалари Миллий статистика қўмитасининг расмий
веб-сайтида 2027 йил 1 сентябрга қадар эълон қилинади.
Рўйхатга олиш тугагандан сўнг ўн кун давомида рўйхатга
олинган иқтисодий бирликларнинг 5 фоизигача қисми танланма назорат остида
текширилади.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
15 10 2026 / 11:17