АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи Ўзбекистон–АҚШ
муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш, стратегик шерикликни амалий мазмун
билан бойитиш йўлида муҳим сиёсий воқеадир. «C5+1» форматидаги учрашувлар эса
АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумий
манфаатларга асосланган ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат
қилади.
Бу галги мулоқотларда иқтисодий
манфаатлар, аввало, инвестицияларни жалб этиш, савдо алоқаларини кенгайтириш,
стратегик минераллар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва йирик қўшма
лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. АҚШ Давлат
котиби ташриф якунлари бўйича миллиардлаб долларлик келишувлар имзоланиши
кутилаётганини маълум қилгани ҳамкорликнинг амалий натижаларига бўлган
интилишни кўрсатади. Самарқандга қарийб 300 та Америка компанияси вакилларининг
ташриф буюргани эса мамлакатимизга хорижий бизнес вакилларининг қизиқиши ортиб
бораётганидан далолат беради.
Айниқса, Америка–Ўзбекистон
ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши янги иқтисодий
ташаббусларни илгари суриш, бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни
мустаҳкамлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалий босқичга олиб чиқишда муҳим
аҳамият касб этади. Молиялаштириш, банк хизматлари, саноат, авиация ва
стратегик хомашё йўналишларидаги ҳамкорлик имкониятлари мамлакатимиз
тадбиркорлари учун ҳам янги бозорлар, замонавий технологиялар ва халқаро
шериклик эшикларини очиши мумкин.
Энг муҳими, бундай мулоқотлар
ташқи сиёсатдаги ишончни иқтисодий натижаларга айлантиришга хизмат қилиши
лозим. Ўзбекистон учун ҳар бир инвестициявий келишув — янги иш ўринлари,
маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тадбиркорлар салоҳиятини ошириш ва аҳоли
фаровонлигини таъминлаш имкониятидир. Шу маънода, Самарқанддаги учрашувлар
нафақат икки томонлама муносабатлар, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги
ва тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
19 10 2026 / 13:58