Ўзбекистон,
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари
ҳамда АҚШ давлат котиби 19 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган C5+1
форматидаги вазирлар учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот имзолади.
Ҳужжатда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор
йўналишлари белгиланган.
«Жорий йилда Қозоғистон, Қирғиз Республикаси,
Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини, Америка
Қўшма Штатлари эса ўз мустақиллигининг 250 йиллигини кенг нишонлаётган бир
пайтда, биз келгуси кўплаб авлодлар давомида мустаҳкам шерикликни
ривожлантиришни кўзламоқдамиз», — дейилади баёнотда.
Томонлар икки томонлама савдо ва инвестицияларга
туртки бериш, шунингдек, тез ўсаётган бозорларда янги имкониятлар очиш
мақсадида Транскаспий транспорт йўналишини янада ривожлантириш зарурлигини
таъкидлади.
«Марказий Осиёда минтақавий иқтисодий интеграцияни
янада чуқурлаштириш, жумладан, минтақа ичидаги савдони кенгайтириш, транспорт
алоқаларини яхшилаш, божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш ва саноат
соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали биз АҚШ билан боғланган,
рақобатбардош минтақавий бозорни шакллантирмоқдамиз», — дейилади баёнотда.
«Биз Марказий Осиёнинг глобал иқтисодиёт марказидаги ўрнини қайта тиклашга
интиламиз».
B5+1 платформаси Марказий Осиёда Америка компаниялари
учун имкониятлар яратишда давом этади. «Шу билан бирга, ҳукуматларимиз
Марказий Осиё мамлакатлари корхоналари учун АҚШ бозорига сармоя киритиш
имкониятларини кенгайтиришга интилмоқда. Хавфсиз ва ишончли технологиялар,
АҚШнинг технологик соҳадаги илғор тажрибаси, шунингдек, Марказий Осиё
давлатларининг ўсиб бораётган технологик секторларига таяниб, биз электрон
тижорат ривожланадиган, инновацион ечимлар фаол жорий этиладиган ва иқтидорли
тадбиркорлар муваффақиятли ривожланиши учун барча шарт-шароитларга эга бўлган
минтақани шакллантиришга интилмоқдамиз», — дейилади баёнотда.
Томонлар АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари
ўртасидаги энергетика бўйича шерикликни мустаҳкамлаш юқори қўшилган қийматли
интеграциялашган таъминот занжирларини яратишга ёрдам беришини ҳамда барқарор
иқтисодий ўсиш ва энергетик барқарорликни таъминлашини қайд этди.
«Ҳар бир мамлакатимиз ўзлаштирилмаган табиий
ресурсларнинг ноёб захираларига эга. Минтақада энергетика секторини
ривожлантиришнинг кучли жамоавий драйверига айланиш учун биз ўз кучли
томонларимизни бирлаштирамиз… Фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш
бўйича кенг истиқболларни кўрмоқдамиз, бу ҳар бир мамлакатимиз учун фойдани максимал
даражага кўтариш имконини беради. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари минтақа
ичида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш бўйича инновацион
ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда ушбу маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш
механизмларини яратиш ҳисобига ўз экспорт салоҳиятини рўёбга чиқаришига умид
қиламиз», — дейилади баёнотда.
Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ, шунингдек, C5+1
формати доирасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида. Бунда
терроризм ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек,
чегара хавфсизлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
«Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз хавфсизлик
даражасини оширишга, шу жумладан, ноқонуний иммиграция, одам савдоси,
шунингдек, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғларнинг ноқонуний айланмасига қарши
курашиш ҳисобига хизмат қилади… Рақамли давр таҳдидларини камайтиришга
қаратилган замонавий ёндашув — жумладан, C5+1 форматида киберхавфсизлик
соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали — кибержиноятларга қарши
муваффақиятли курашиш қобилиятимизни мустаҳкамлайди», — дейилади баёнотда.
Томонлар АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари
ўртасида ядровий материалларни сақлаш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликни
қўллаб-қувватлади. «Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш
тажрибасига таянган ҳолда, биз ядровий хавфсизлик, тарқатмаслик кафолатлари,
ядровий материалларни жисмоний ҳимоя қилиш ва атом энергиясидан тинч
мақсадларда фойдаланиш масалалари бўйича амалий ҳамкорликни
чуқурлаштирамиз», — деб қайд этилади баёнотда.
Томонлар, шунингдек, C5+1 форматидаги барча иштирокчи
давлатларнинг маданий меросини асраб-авайлаш ва бу борадаги
ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлади.
«Биз C5+1 мамлакатларининг ноёб тарихини оммалаштириш
ва ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маданият
муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантирамиз. Касбий, маданий
ва таълим алмашинувларини кенгайтиришга; қадимий ёдгорликларни сақлаш ва
ҳимоя қилиш учун янги технологиялардан фойдаланишга; маданий меросни муҳофаза
қилиш масалаларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига интеграция
қилишга; шунингдек, жаҳон аренасида етакчи рол ўйнай оладиган юқори малакали
кадрлар тайёрлашга интиламиз», — дейилади баёнотда.
gazeta.uz
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
21 10 2026 / 11:44