Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон ва АҚШ 12 млрд долларлик 54 та келишув имзолади



Улашинг :


Ўзбекистон ва АҚШ 12 млрд долларлик келишувларни имзолади. Wabtec темирйўл техникаси ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга, Franklin Templeton, Oppenheimer & Co., Citigroup ва BlackRock эса маҳаллий компанияларнинг халқаро капитал бозорларига чиқишига кўмаклашади.

АҚШ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорлик соҳаларида 54 та келишувдан иборат пакет имзоланди. Уларни амалга ошириш учун 12 млрд доллар ўзлаштирилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Келишувлар саноат, транспорт ва энергетика инфратузилмаси, муҳим минераллар, молия сектори, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини қамраб олади.

Wabtec билан ташаббуслар темирйўл техникаси ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган.

Franklin Templeton, Oppenheimer & Co., Citigroup ва BlackRock билан келишувлар миллий компанияларнинг халқаро капитал бозорларига чиқиши, институционал инвесторларни жалб этиш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилган.

Кончилик соҳасида ReElement Technologies, Traxys ва Trafigura билан келишувлар конларни ўрганиш ва ўзлаштириш, технологик ҳамкорлик ҳамда минерал ресурсларни етказиб бериш билан боғлиқ. Шунингдек, Ўзбекистоннинг муҳим минераллар соҳасидаги салоҳиятини ривожлантириш кўзда тутилган.

Amazon Leo билан ташаббуслар сунъий йўлдош алоқасини ривожлантириш, GE HealthCare билан келишувлар замонавий тиббий технологияларни жорий этиш, Valmont Industries билан ҳамкорлик эса қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишни назарда тутади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, бизнес дастурда 400 дан ортиқ компания вакиллари қатнашган: уларнинг 100 дан ортиғи АҚШдан, 100 таси Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан ва 200 таси Ўзбекистон корхоналаридан.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

21 10 2026 / 13:56