Ўзбекистонда мелиоратив қудуқлардан фойдаланиб, балиқ
етиштиришни кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бунинг учун 2027 йил 1 мартга қадар
4 мингдан зиёд қудуқ хатловдан ўтказилади. Шунингдек, келгуси йили 200 гектар
энерготежамкор иссиқхона қуриб, 2 мингта оила даромадини ошириш кўзда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 20 октябрь куни интенсив
балиқчилик лойиҳаларини жадаллаштириш ва энерготежамкор лимончилик
иссиқхоналарини ташкил этиш бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат
раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакатда интенсив балиқчиликни кенгайтириб, йилига 1
миллион тонна балиқ етиштириш вазифаси қўйилган. Тақдимотда бу мақсадга
эришиш учун мелиоратив тик қудуқлар имкониятидан фойдаланиш режалари Балиқчи
тумани мисолида кўриб чиқилди.
Балиқчи туманида балиқчилик
холдингини ташкил этилиши мумкин
Тумандаги 24 та қудуқ атрофида чавоқ ва озуқа
таъминотидан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотишгача
бўлган жараёнларни қамраб олувчи интенсив балиқчилик мажмуаларини ташкил этиш
режалаштирилган.
Ҳар бири 50
сотих майдонни эгаллайдиган лойиҳаларда йилига камида 30 тонна форель етиштириш
ва 10 та иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда. Лойиҳаларни ягона тизимда
бошқариш учун балиқчилик холдингини ташкил этиш таклиф қилинди.
Мамлакат бўйлаб 4 мингдан зиёд қудуқ
хатловдан ўтказилади
Балиқчи
тажрибасини бошқа ҳудудларга татбиқ этиш мақсадида 2027 йил 1 мартга қадар
республикадаги 4 мингдан зиёд мелиоратив тик қудуқни хатловдан ўтказиш
топширилди.
Балиқ етиштиришга яроқли қудуқларни илғор
тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш назарда
тутилмоқда.
Шунингдек, Хонободда совуқ сув балиқларини етиштириш
ва қайта ишлаш, Улуғнорда эса сув ҳавзалари негизида балиқчилик лойиҳаларини
амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берилди.
Ҳудудларда жами 200 гектар майдонда
камбағал оилалар учун энерготежамкор иссиқхоналар қурилади
Тақдимотнинг иккинчи қисми Балиқчи туманида
лимончиликни ривожлантиришга бағишланди.
Тумандаги тўққизта маҳалла атрофида 100 гектар
майдонда энерготежамкор иссиқхоналар қуриб, уларни тайёр ҳолда тадбиркорларга
таклиф этиш режалаштирилмоқда. Лимон етиштириш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш,
сақлаш ва сотиш жараёнлари ягона кооперация занжирига бирлаштирилади.
Лойиҳага ишсиз ва камбағал оилаларни жалб этишга
алоҳида эътибор қаратилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 500
та иссиқхонада маҳаллий оилалардан камида 1 минг киши иш билан
таъминланади.
Лимон кўчатлари ҳосилга киргунига қадар оралиқ экинлар
етиштириш орқали қўшимча даромад олиш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Балиқчи
тажрибаси асосида келгуси йил ҳудудларда жами 200 гектар майдонда камбағал
оилалар ва ишсизлар учун энерготежамкор иссиқхона мажмуаларини барпо этиш
режалаштирилган. Бу икки мингта оиланинг даромадини оширишга хизмат қилиши
кутилмоқда.
Тақдимот якунида президент ушбу лойиҳаларни молиявий
қўллаб-қувватлаш, аҳолини балиқчилик ва лимончиликка ўқитиш харажатларини
қоплаб бериш чораларини кўриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
22 10 2026 / 11:01