Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Президент Қашқадарёда қиймати 6 млрд доллардан зиёд объектлар фаолияти ва қурилишини бошлаб берди



Улашинг :


Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида қиймати 6 млрд доллардан ошадиган 161 та саноат ва инфратузилма лойиҳасини ишга туширди ҳамда янгилари қурилишига старт берди. Ташаббуслар энергетика, тўқимачилик ва агросаноат соҳаларини қамраб олиб, вилоятда минглаб янги иш ўринларини яратиши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари сўнгги беш йилда вилоятга 20 трлн сўм маблағ йўналтирилиб, 7 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилинганини қайд этди.

«Хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган минглаб лойиҳалар ишга туширилди, аҳоли жон бошига даромад уч баравар ошди. Энди етиштирилган маҳсулотни вилоятнинг ўзида чуқур қайта ишлаб, воҳа аҳолисининг муносиб даромад топишига шароит яратиш керак», — деди у.

Шу мақсадда умумий қиймати 6 млрд доллардан зиёд бўлган 161 та лойиҳа тайёрланган. Маросимда 69 та лойиҳа ишга туширилди, яна 92 тасининг қурилишига старт берилди.

Ишга туширилаётган 28 та саноат корхонасида 7 мингга яқин доимий иш ўрни яратилмоқда. Италиянинг Cotonella бренди йилига 8,5 млн дона тайёр трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Косон, Миришкор ва Касби туманларида тўқимачилик соҳасида яна 14 та лойиҳа бошланмоқда. Улар ҳисобидан 18 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

АҚШлик ҳамкорлар иштирокидаги Wosune Food Ingredients Karshi корхонаси 3,5 минг гектар майдонда етиштириладиган 100 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлайди. Унинг 40 млн долларлик маҳсулотини Nestlé ва Purina каби халқаро брендлар учун экспортга йўналтириш режалаштирилган. Миср ва Покистон инвесторлари эса Нишон ва Ғузор туманларида 24 минг гектар ерни ўзлаштириб, картошкачилик ва чорвачилик лойиҳаларини бошламоқда.

«„Яшил“ иқтисодиёт вилоятни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлади. 2027 йил Қашқадарёни замонавий саноат ва агротехнологиялар асосида ривожлантириш йили бўлади», — деди давлат раҳбари.

Оқсув дарёсида умумий қуввати 24 мегаватт бўлган учта гидроэлектр станцияси ишга туширилди. Қарши туманида Хитойнинг Shanghai SUS компанияси иштирокида чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган 150 млн долларлик заводни йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида умумий қуввати 58 мегаватт бўлган тўққизта микроГЭС барпо этилади.

Китоб туманида Озарбайжон билан ҳамкорликда олтин қазиб олиш лойиҳаси бошланмоқда. Шаҳрисабз туманида эса россиялик инвесторлар билан 300 млн долларлик дор йўли, меҳмонхона ва тоғ-чанғи курорти мажмуасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Президент хорижий ҳамкорлар ва инвесторларга вилоятга сармоя, янги технология ва инновациялар олиб кираётгани учун миннатдорлик билдирди. Уларнинг таклифлари тингланди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

22 10 2026 / 11:51