Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

ТАДБИРКОРЛИК ВА ИШБИЛАРМОНЛИК СОҲАСИДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИНГ ЁРҚИН ИСТИҚБОЛЛАРИ САРИ



Улашинг :


Мамлакатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг олиб бораётган очиқлик сиёсати тадбиркорлар ва ишбилармонларга халқаро ҳамкорлик учун кенг йўл очиб берди. Шу боис Ўзбекистон бугун жадал тараққиёт сари йўлда илдамлаб бораётир.

Бироқ бу йўлда ҳали кўплаб очилмаган имкониятлар мавжуд. Хусусан, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини эгаллашда ҳудудларнинг салоҳиятини ўрганиш ва мамлакатимизга жалб этиш катта ахамият касб этади. Шу боис Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорликнинг самарали механизми сифатида худудлар билан ўзаро фойдали алоқаларни ўрнатишни ўзига амалий вазифа этиб белгилаб олди.

Марказнинг таклифига биноан 2026 йил 19–23 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Пермь ўлкасидан «Единая Россия» партияси вакиллари ҳамда «Деловая Россия» умумроссия жамоат ташкилотининг Пермь ўлкаси минтақавий бўлинмаси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтди. Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятларни очишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳамкорликнинг амалий имкониятлари

Айтиб ўтиш жоизки, Пермь ўлкаси Россиянинг саноат салоҳияти юқори бўлган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Минтақа иқтисодиётида кимё ва нефт-кимё саноати, машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика тармоғи, ёғочни қайта ишлаш, целлюлоза-қоғоз ва озиқ-овқат саноати муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ҳудудда нефть-газ тармоғи учун ускуналар, газни узатиш тизимлари, навигация ва оптик толали технологиялар каби йўналишларда ихтисослашган ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Ушбу саноат салоҳияти Ўзбекистон билан ҳамкорликни бир нечта муҳим йўналишда ривожлантириш имконини беради.

Биринчидан, машинасозлик ва саноат ускуналари соҳасида корхоналар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш, технологик ечимлар ва ишлаб чиқариш тажрибасини алмашиш, Ўзбекистонда айрим маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш мумкин. Бу, айниқса, нефть-газ саноати, энергетика ва қайта ишлаш корхоналари учун зарур бўлган ускуна ҳамда техник ечимлар йўналишида аҳамиятлидир.

Иккинчидан, кимё ва нефт-кимё соҳасида тажриба алмашиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, саноат учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари мавжуд. Бунда томонлар корхоналарнинг аниқ эҳтиёжлари, бозор талаби ва инвестициявий имкониятларидан келиб чиқиб, ўзаро манфаатли лойиҳаларни танлашлари мумкин.

Учинчидан, Пермь ўлкасининг ёғочни қайта ишлаш ва целлюлоза-қоғоз саноатидаги тажрибаси Ўзбекистонда қурилиш материаллари, қадоқлаш маҳсулотлари ва бошқа қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишларида ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга замин яратади. Озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида эса технологиялар алмашинуви, сақлаш ва қадоқлаш тизимларини такомиллаштириш, маҳсулотларни янги бозорларга олиб чиқиш масалалари долзарб аҳамият касб этади.

Тўртинчидан, Пермь ўлкасининг илмий-техник тажрибаси ҳамда инновациялар ва замонавий технологиялар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, технопарклар фаолиятини ривожлантириш билан бир қаторда маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш имкониятларини кенгайтиради.

Бешинчидан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасини ривожлантиришдан манфаатдордир. Россиянинг мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш тажрибасига қизиқиш катта. Замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш эҳтиёжи ушбу соҳада ҳамкорлик учун кенг шароит яратади.

Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш инфратузилмасини такомиллаштириш, логистика занжирларини ривожлантириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш мумкин. Бу эса тадбиркорлар учун янги иқтисодий имкониятлар яратиш билан бирга, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Пермь ўлкаси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи расмий учрашувлар, ишбилармонлик мулоқотлари ва иқтисодий объектлар билан танишувларни ўзаро уйғунлаштиргани билан аҳамиятлидир. Савдо-саноат палатасидаги мулоқотлар, Яшнобод туманидаги «Технопарк» ва Самарқанддаги ташрифлар томонларга ҳамкорликнинг турли йўналишларини ўрганиш имконини берди.

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ушбу жараёнда ишончли ҳамкорларни топиш, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, инвестициявий имкониятлар ҳақида ахборот алмашиш ва қўшма лойиҳаларни тайёрлашга кўмаклашишга тайёр.

Имзоланган Ҳамкорлик меморандуми эса ўзаро мулоқотни изчил давом эттириш, тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Энг муҳими, бундай ташрифлар Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, янги шериклик алоқаларини шакллантириш ва икки томон учун манфаатли иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади. Бу эса ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва уни аниқ натижалар билан бойитиш йўлидаги муҳим қадамдир.

АМАЛИЙ НАТИЖАЛАР, ХУЛОСАЛАР

Пермь ўлкаси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама ишбилармонлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ташриф давомида ўтказилган расмий учрашувлар, тадбиркорлик муҳити ва ишлаб чиқариш объектлари билан танишувлар Ўзбекистон ҳамда Пермь ўлкаси ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилиш ва истиқболли ташаббусларни белгилаш имконини берди.

Энг муҳим амалий натижалардан бири 20 октябрь куни Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда «Деловая Россия» умумроссия жамоат ташкилотининг Пермь ўлкаси минтақавий бўлими ўртасида Ҳамкорлик меморандумининг имзоланганидир. Мазкур ҳужжат тадбиркорлар ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, бизнес шерикларни топиш ва қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ташкилий асос яратади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Яшнобод туманидаги «Технопарк» ҳамда Самарқанддаги тадбиркорлик муассасаларга ташрифлар томонларга мамлакатимиздаги тадбиркорлик, саноат ва ҳудудий иқтисодий салоҳият билан яқиндан танишиш имконини берди. Ушбу мулоқотлар ва ташрифлар натижасида шаклланган алоқаларни кейинги босқичда аниқ бизнес таклифлари, инвестициявий ташаббуслар ва ўзаро манфаатли лойиҳалар билан мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Ҳамкорлик келажакда саноат кооперацияси, замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, логистика, тадбиркорлик тажрибасини алмашиш ва янги бозорларга чиқиш каби йўналишларда ривожлантириш учун имкониятларни кенгайтиради. Бунда қўшма бизнес-форумлар, соҳавий учрашувлар ва тадбиркорлар делегациялари алмашинувини мунтазам ташкил этиш, шунингдек, истиқболли лойиҳалар бўйича ахборот алмашиш алоҳида ахамиятга эга.

Ҳамкорлик меморандумида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши икки томон тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, янги шериклик муносабатларини шакллантириш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин. Бу жараёнда Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, ишончли ҳамкорларни топиш ва амалий ташаббусларни илгари суришда муҳим кўмакчи бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Пермь ўлкаси делегациясининг ташрифи ва имзоланган Ҳамкорлик меморандуми Ўзбекистон–Россия ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очади.

Эндиликда асосий вазифа эришилган келишувларни изчил давом эттириш, уларни аниқ лойиҳалар билан бойитиш ва ўзаро манфаатли иқтисодий натижаларга эришишдир. Зеро, барқарор ҳамкорликнинг ҳақиқий самараси фақат имзоланган ҳужжатлар билан эмас, балки улар асосида амалга оширилган ташаббуслар, яратилган бизнес алоқалари ва қўлга киритилган амалий натижалар билан белгиланади.

Келгусида ушбу имкониятларни амалий натижаларга айлантириш учун соҳалар кесимида бизнес учрашувларини ташкил этиш, ҳамкорликка тайёр корхоналар рўйхатини шакллантириш, инвестициявий таклифлар ва техник талабларни ўзаро тақдим этиш, шунингдек, аниқ лойиҳалар бўйича ишчи мулоқотларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда «Деловая Россия» ташкилотининг Пермь ўлкаси минтақавий бўлими ўртасида имзоланган Ҳамкорлик меморандуми ана шу вазифаларни амалга ошириш учун муҳим ташкилий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шу тариқа, Пермь ўлкасининг саноат ва технологик тажрибасини Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва минтақавий бозор имкониятлари билан уйғунлаштириш икки томонлама ҳамкорликни янги йўналишлар билан бойитиш имконини беради.

Асосий вазифа мавжуд салоҳиятни ўзаро манфаатли бизнес ташаббуслари, қўшма инвестиция лойиҳалари ва барқарор ишбилармонлик алоқаларига айлантиришдан иборат.

Акром Алимов,

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни

қўллаб-қувватлаш маркази директори





Сарлавха :
Иқтисодиёт

26 10 2026 / 16:37