Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Пойтахт ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналарга фақат газ, электр ва бошқа хавфсиз энергиядан фойдаланишга рухсат берилди



Улашинг :


Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳри ва унга туташ бешта тумандаги иссиқхоналар учун махсус экологик режим жорий этди. Уларга фақат газ, электр, геотермал, қуёш ва иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда ишлашга рухсат берилди. Кўмир иссиқхоналари декабрга қадар модернизация қилиниши керак.

Ҳукумат 586-сонли қарори билан Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжаликларининг экологик хавфсиз фаолиятини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлади.

Ҳужжат билан пойтахт ҳудудида, шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида (махсус ҳудуд) иссиқхона хўжаликлари фаолияти учун махсус экологик режим жорий этилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди. Ушбу таклифлар 13 октябрь куни президентга тақдимот қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Иссиқхоналар қандай ишлайди?

Махсус ҳудудда иситиш тизими билан жиҳозланган иссиқхона хўжаликлари ўз фаолиятини фақат табиий газ (шу жумладан, суюлтирилган), электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширишлари мумкин. Бунда давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлиши шарт.

Қаттиқ ёқилғидан (кўмир, биомассадан тайёрланган брикет ва пеллетлар) фойдаланадиган иссиқхона хўжаликлари 1 декабргача иситиш тизимларини юқорида кўрсатилган энергия турларига ўтказишлари ва ўз фаолиятларини давом эттириши керак.

Иссиқхона хўжаликларига қаттиқ ёқилғидан фақатгина қуйидаги талабларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида бажарган ҳолда фойдаланишга рухсат этилади:

· қозон қурилмаларини ёқилғи узатиш ва ёниш жараёнини автоматик бошқариш тизими ҳамда белгиланган самарадорлик кўрсаткичига эга чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш;

· миллий стандартга мувофиқ қозон қурилмаларининг атмосферага ташламалари миқдорини ўлчайдиган узлуксиз автоматик мониторинг тизимини (CEMS) ўрнатиш, уни Экология қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиш ҳамда маълумотларни реал вақт режимида узлуксиз узатиб бориш;

· қозон қурилмалари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва автоматик мониторинг тизимларининг мувофиқлик сертификатига эга бўлиши;

· қозон қурилмалари ва тутун чиқариш мўрисидаги жараёнларни узлуксиз кузатиш имконини берувчи онлайн камералар ўрнатиш ва Экология қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиш;

· узлуксиз автоматик мониторинг тизими, чанг-газ тозалаш ускунаси ва камералар фаолиятини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашда қувват манбаи ва захира генератори билан жиҳозлаш;

· ҳосил бўлган чиқиндиларни (кул, оғир металл, қуйқа, шлам ва бошқа заҳарли моддалар) белгиланган тартибда тўплаш, ташиш ва утилизация қилиш;

· ускуналарнинг техник ҳужжатларида назарда тутилмаган ва уларнинг ишлаш тизимига таъсир қиладиган ўзгартиришлар киритишни тақиқлаш.

Махсус ҳудудда фаолият юритувчи иссиқхона хўжаликларида шиналар, битум, мазут, пластмасса ва полимер плёнкалар, синтетик картон, резина, жун толаси, ишлатилган мойлар, маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳамда шунга ўхшаш таркибли материалларни ёқилғи сифатида ёқиш қатъиян тақиқланади.

Иссиқхоналарга имтиёзлар

Қарорга кўра, махсус ҳудуддаги иссиқхона хўжаликларига уларни экологик модернизация қилиш учун молиявий ёрдам кўрсатилади.

Хусусан, 2028 йил 1 январга қадар чанг-газ тозалаш ускуналари, қозонхона қурилмалари, энергия тежовчи экранлар, энергия самарадор технологиялар, шунингдек, электр, геотермал ва қуёш энергиясида ҳамда когенерация асосида ишлайдиган иситиш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши кўзда тутилган. Субсидия миқдори иссиқхона хўжалигининг ҳар бир гектари учун 50 млн сўмдан ошмаслиги керак.

2026−2027 йилларда электр, геотермал ва қуёш энергиясидан, шунингдек, когенерациядан фойдаланадиган иситиш тизимларига ўтиш лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари орқали миллий валютада 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатга йиллик 14 фоизлик ставкада (шундан 4 фоизи банк маржаси) кредитлар ажратилади. Кредит миқдори лойиҳа қийматининг 50 фоизигача, лекин ҳар бир гектар учун 3 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорни ташкил этади.

Бундан ташқари, автоматик мониторинг станцияларини (CEMS) харид қилишни хоҳлаган иссиқхона хўжаликларига битта станция учун 350 млн сўмгача бўлган миқдорда маблағ ажратилади.

Молиялаштириш Экология қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази томонидан тасдиқланган техник талабларга риоя қилиш шарти билан, фоизлар ҳисобланмаган ҳолда 5 йилга бўлиб тўлаш шарти билан уч томонлама шартнома асосида амалга оширилади. Бунда маблағ олувчилар станцияларни ўрнатиш, уларни қўмитанинг ахборот тизимига интеграция қилиш ва маълумотларнинг узлуксиз узатилишини таъминлаш мажбуриятини олади.

Станцияларни ўрнатиш, уларни Экология қўмитасининг ахборот тизими билан интеграция қилиш, мониторинг маълумотларини узлуксиз узатишни таъминлаш ёки тўловларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича шартнома мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда, ёзма огоҳлантиришдан сўнг станцияларни демонтаж қилиш ва шартномада назарда тутилган тартибда қайтариб олиш чоралари кўрилади. Тўлов муддати келган қарздорлик безакцепт тартибда ундирилади.

Атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатадиган ёқилғидан фойдаланган ҳолда иссиқлик ишлаб чиқарадиган бошқа тармоқлардаги қозонхона қурилмалари учун ҳам экологик нормативлар белгиланади. Атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналар ўз фаолиятининг экологик хавфсизлик даражасига қараб «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга бўлинади. Тегишли талаблар қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилади.

Шу билан бирга, 2030 йил 1 январга қадар иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва модернизация қилиш учун мўлжалланган ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналарни олиб киришда божхона божидан озод этиш имтиёзи берилади. Имтиёз чанг-газ тозалаш ускуналари, энергия самарадор қозонлар, когенерация қурилмалари, геотермал ва қуёш энергиясидан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар, чиқариндиларни автоматик мониторинг қилиш тизимлари, шунингдек, уларнинг бутловчи қисмларига татбиқ этилади.

Техник сувдан қайта фойдаланиш

Қарорга кўра, иссиқхоналарнинг иситиш тизимлари фильтрларида ҳосил бўладиган хавфли суюқ чиқиндилар, шунингдек, гидропоника оқова сувлари (фильтратлар) тозаланиб, техник сув сифатида қайта фойдаланишга йўналтирилади. Бунинг учун 2027 йил 1 январга қадар Оҳангарон туманидаги экосаноат ҳудудида фильтратларни вақтинча сақлаш сув омбори қурилади ва фойдаланишга топширилади.

2027 йил 1 июнга қадар танлов асосида фильтратларни қайта ишлаш билан шуғулланадиган корхона аниқланади. Тошкент вилояти ҳокимлиги жорий йилнинг 1 ноябрига қадар экосаноат ҳудудидан ер майдони ажратиши керак.

Фильтратларни вақтинча сақлаш резервуарини қуриш шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда, лойиҳа ҳужжатлари асосида босқичма-босқич амалга оширилишига рухсат берилади. Иссиқхона хўжаликлари мулкчилик шаклидан қатъи назар, ўзларида ҳосил бўладиган фильтратларни белгиланган тарифлар бўйича ушбу операторга топширишлари шарт.

Бизнесни ривожлантириш ва тоза ҳаво ўртасидаги мувозанат

«Иссиқхона хўжаликларини экологик модернизация қилиш Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг муҳим босқичидир. Замонавий тозалаш тизимлари, автоматик мониторинг воситалари ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш экологик юкламани камайтириш ҳамда иссиқхона хўжалигини ривожлантиришнинг янада барқарор моделини шакллантириш учун шароит яратади», — дея қайд этди Экология қўмитаси.

«Асосий вазифа — тадбиркорликни ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи ўртасида мувозанатни таъминлаш», дея таъкидлади идора.

Шу ой бошида Экология қўмитаси иссиқхоналар вакиллари ҳавони тозалаш учун махсус фильтрлар ўрнатиш шарти билан ўз фаолиятларини сақлаб қолишни таклиф қилишганини хабар қилган эди. Қўмитага шундай фильтрнинг намунаси тақдим этилган, бироқ у текширувдан ўтмаган.

2025 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашгани фонида пойтахт ва унга туташ ҳудудлардаги барча иссиқхоналарни зудлик билан газ иситиш тизимига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Март ойида жорий йилнинг 1 октябридан пойтахт ва ён-атрофдаги туманларда янги иссиқхоналар ташкил этишга чекловлар жорий этилиши маълум қилинганди.

2026 йилнинг июнь ойида ҳаво сифатини яхшилаш бўйича махсус комиссия Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш ва уларни сунъий иситиш тизимларидан узишга киришди. Тадбиркорларга хўжаликларини Сурхондарё вилоятидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасига кўчириш таклиф этилди.

Ёз охирида Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов Gazeta`га берган интервьюсида пойтахт минтақасида ишини давом эттиришни хоҳлаган иссиқхона хўжаликлари учун чиқариндиларни тозалаган ҳолда рухсат берилган ёқилғи турларидан фойдаланиш ва фильтрлар ўрнатиш имконияти кўриб чиқилаётганини айтган эди. У, шунингдек, молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари ҳақида ҳам хабар берганди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

27 10 2026 / 11:55