АҚШнинг
Wosune International компанияси Қашқадарёда мева-сабзавотни қайта ишлашга
инвестицияларни $50 млнгача оширмоқчи. Корхона кенгайтирилгач, йилига 100 минг
тонна маҳсулотни қайта ишлаб, тайёр ингредиентларни АҚШ, Европа ва Осиё
ҳамда Nestlé, Mars компанияларига етказиб беришни режалаштирмоқда.
Американинг
Wosune International компанияси Қашқадарё вилоятида мева-сабзавотни қайта
ишлашга инвестициялар ҳажмини 50 млн долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу
ҳақда компания вакили 21 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг «Қашқадарё»
эркин иқтисодий зонасидаги Wosune Food Ingredients Karshi корхонасига ташрифи чоғида
маълум қилди. Инвестиция режалари тафсилотлари «Ахборот 24» дастурида ҳам
ёритилди.
Озиқ-овқат саноати учун
ингредиентлар ишлаб чиқарувчи корхонага дастлаб 8,5 млн доллар инвестиция
киритилган. Инвесторнинг сўзларига кўра, лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб,
умумий инвестициялар ҳажми 50 млн долларни ташкил этади.
«Сабзавотларни
сувсизлантириш орқали халқаро бозор талабларига жавоб берадиган юқори сифатли
маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимиз АҚШ, Индонезия ва Европа
мамлакатларига, жумладан, Nestlé ва Mars каби йирик халқаро компанияларга
етказиб беришга мўлжалланган», — деди у.
Заводда сабзи, булғор қалампири,
ошқовоқ, олма, кўк пиёз, исмалоқ ва турли хил кўкатлар қайта ишланади.
Олинган ингредиентлар тез тайёрланадиган лағмон ва шўрвалар, зираворлар,
консерва ҳамда косметика маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Бунинг учун маҳсулотларнинг табиий
таъми ва озуқавий хусусиятларини сақлаб қолиш имконини берувчи конвекцион
ускуналардан фойдаланилади. Ишлаб чиқариш жараёнларининг қарийб 30 фоизи
роботлаштирилган. Корхонада 150 та доимий иш ўрни яратилган.
Ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ ишга
тушгач, завод бир суткада 310 тоннагача хомашёни қайта ишлаши мумкин. Инвестор
баҳосига кўра, йиллик айланма 40 млн долларга етади.
Президент
матбуот хизмати хабарида эса
бу сумма режалаштирилган йиллик экспорт ҳажми сифатида кўрсатилган.
Кутилаётган харидорлар қаторида Nestlé ва Purina халқаро брендлари ҳам
қайд этилган. Тузилган шартномалар ва келишилган етказиб бериш ҳажмлари
ҳақида маълумот берилмаган.
Телелавҳада корхонанинг дастлабки
экспорт мақсади 20 млн доллар экани, 2029 йилга бориб хорижга етказиб бериш
ҳажмини 45 млн долларгача ошириш режалаштирилаётгани ҳам айтилди.
Экспорт ва логистика
Америка компанияси вакили лойиҳани
амалга ошириш учун Ўзбекистон танланганининг учта сабабини келтирди: иқтисодий
ислоҳотлар, мамлакатнинг географик жойлашуви ва Қашқадарё вилоятининг қишлоқ
хўжалиги салоҳияти.
«Ўзбекистоннинг
географик жойлашуви халқаро бозорларга чиқишда муҳим устунлик беради.
Маҳсулотларимизни икки ҳафтадан кам вақт ичида Гамбург портига етказиш,
Истанбул орқали эса бошқа бозорларга чиқиш имконияти мавжуд», — деди у.
Президент матбуот хизмати
маълумотларига кўра, корхона ҳозирнинг ўзида Россия, Европа ва МДҲ
мамлакатларига маҳсулот экспорт қилмоқда.
Фермерлар билан ҳамкорлик ва экин майдонларини кенгайтириш
Заводга ташриф чоғида корхонани
маҳаллий хомашё билан таъминлаш ва фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни
кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги
қўмитаси раиси Азизбек Ўруновнинг таъкидлашича, қайта ишлаш корхонаси қишлоқ
хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига, жумладан, одатий бозорда сотилмай қолган
маҳсулотлардан ҳам қўшимча даромад олиш имконини беради.
«Учта асосий
манфаатлилик томони бор бу лойиҳанинг. Биринчиси, бу фермерларимиз
учун, деҳқонларимиз учун қўшимча даромад. Чунки бозорга чиқмайдиган маҳсулотини
бу ерга сотганидан кейин қўшимча даромад олади. Иккинчиси, бу ерда
қайта ишлаш ўзи ташкил қилиниб, маҳаллий аҳолимиз иш билан таъминланади.
Ва энг яна бир муҳим тарафи, шу маҳсулотларни қайта ишлангандан
чиқадиган тайёр маҳсулотни, сабзини қайта ишлаш орқали, пиёзни қайта ишлаш
орқали, булғор қалампирини қайта ишлаш орқали, бизга уларни Америка бозорига,
Европа бозорига, Жануби-Шарқий Осиё бозорига, бу Сингапур, Индонезия,
Вьетнамга экспорт қилиш имкониятини беради», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Қашқадарё
вилояти қарийб 130 млн долларлик мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги
маҳсулотларини экспорт қилади. Тақдим этилган ҳисоб-китобга кўра, мамлакат
миқёсида шунга ўхшаш қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 200 млн
долларлик қўшимча экспорт яратиш мумкин.
Муҳокама давомида Мирзиёев 30 минг
гектар майдонда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ташкил
этиш вазифасини белгилади. Вилоят ва туман ҳокимликлари мавжуд
ер имкониятларини ўрганиб, истиқболли ер майдонларини аниқлаш, уларни
қайта ишлаш корхоналари билан ҳамкорликда ишга солиш бўйича таклифлар тайёрлаши
керак.
Президент
фермерлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, уларни аванс тўловлари орқали
қўллаб-қувватлаш ва йилига икки-уч марта ҳосил олиш учун шароит яратиш
зарурлигини ҳам таъкидлади.
Шунингдек, сув таъминотини яхшилаш,
насос ускуналарини ўрнатиш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш
масалалари кўриб чиқилди.
Мирзиёевнинг айтишича, тегишли қарор
бир ой ичида тайёрланиши керак. У ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш
имкониятларини ҳам кўриб чиқишни топширди.
Президент матбуот хизматининг расмий
хабарида заводни хомашё билан таъминлаш учун 3500 гектар майдонда мева-сабзавот
етиштириш назарда тутилгани айтилган.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
28 10 2026 / 10:49