Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Марказий банк Open bank’ка исломий банк фаолияти учун илк лицензияни берди



Улашинг :


Марказий банк қарори билан Open bank АЖга исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилди. Мазкур рухсатнома Ўзбекистонда шу турдаги фаолият учун берилган биринчисидир.

Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 23 октябрдаги қарорига асосан, Open bank акциядорлик жамиятига исломий молия хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи 1-I-сонли лицензия тақдим этилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.

Регулятор маълумотига кўра, мазкур ҳужжат «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 5−1-моддасида назарда тутилган исломий молия операцияларини тўлиқ қамраб олади.

Ҳужжатда ислом молиявий операцияларининг олтита асосий тури назарда тутилган:

· Музораба — иштирокчилар ўртасида фойдани тақсимлаш шарти билан молиялаштириш ёки инвестиция омонатларини жалб қилиш.

· Вакола — агентлик шартномаси асосида маблағларни тақдим этиш ёки жалб қилиш.

· Муробаҳа — товарларни келишилган устама ҳақ билан мижозга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш орқали уларнинг харидини молиялаштириш.

· Салам — товарларни кейинчалик етказиб бериш шарти билан улар учун олдиндан тўлов қилиш орқали молиялаштириш.

· Мушорака — лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш, шериклик ёки компанияларнинг устав капиталида иштирок этиш.

· Ижара — мол-мулкни исломий ижарага бериш, шу жумладан, кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан.

Шунингдек, Марказий банк фуқароларга банк хизматларидан фойдаланишдан аввал тижорат банкларининг тегишли лицензияга эга эканини ташкилотнинг расмий веб сайти орқали текшириб кўришни тавсия қилди.

Банк ҳақида

Open bank 2022 йил 24 декабрда рўйхатдан ўтказилган. Банкнинг устав фонди 500 млрд сўмни ташкил этади. Таъсисчиси ва 100 фоиз улушдори Future open technology group АЖ ҳисобланади. Раҳбари Азамат Шуҳратович Тўраев.

Банк 2025 йил сентябргача Smart Bank номида фаолия юритган. Gazeta’нинг банк соҳасидаги ахборот манбаси ушбу рақамли банк «Агробанк» шуъбаси эканини тасдиқлаганди.

Ўзбекистонда исломий банкинг

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил май ойида муҳокамага қўйилган президент қарори лойиҳаси билан Ўзбекистонда ислом банки ва молияси инфратузилмасини яратиш режалаштирилган эди.

Ҳужжат билан фоиз (рибо) кўринишидаги мукофотни тақиқлаш, фойда ва зарарларни лойиҳада иштирок этиш улушига мутаносиб равишда тадбиркор билан бўлишиш, исломий молиялаштириш тамойиллари асосида суғурта фаолияти (такафул), лизинг фаолияти (ижара), қимматли қоғозлар билан операциялар бўйича фаолият (сукук) ва бошқа операцияларни амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш белгиланди.

Тегишли қонун 2025 йил 11 ноябрда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди, Сенат томонидан 5 февраль куни маъқулланган эди.

2026 йил 25 март куни президентга тақдим этилган тақдимотда Ўзбекистонда 2026 йилда камида битта тижорат банкида «ислом дарчаси»ни ишга тушириш, 2030 йилгача эса иккита тўлақонли ислом банкини ташкил этиш режалаштирилгани айтилганди.

Таҳлилчилар Карен Срапионов ва Шодлик Назаров Gazeta’даги мақоласида сукук исломий қимматли қоғозлари қандай қилиб Ўзбекистон иқтисодиётига молиявий оқимлар манбаи бўлиши мумкинлигини тушунтиришганди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

28 10 2026 / 11:48