Давлат тиббий хизматларни
босқичма-босқич хусусий сектордан харид қилишни бошлайди. Компаниялар давлат
шифохоналарида ўз ускуналарини ўрнатиб, тиббий суғурта тизими орқали ҳақ олиши
мумкин бўлади. Хусусий клиникалар қуриш учун ер участкалари имтиёзли шартларда
ажратилади.
Ўзбекистонда давлат шифохоналари
гемодиализ, лаборатория, стерилизация, реабилитация ва физиотерапия
хизматларини хусусий сектордан харид қилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 27
октябрь куни соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳалари ходимлари билан
учрашувда маълум қилди.
Давлат раҳбари хусусий клиникалар
сони 2017 йилдаги 3,5 мингтадан 9 мингтадан ортиққа етганини қайд этди.
Айрим юқори
технологик хизматларда хусусий сектор олдинга ўтди: унинг улуши стоматологияда
90 фоиз, диагностикада 70 фоиз, ЛОР хизмати, урология ва офтальмологияда
60 фоизни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудлар
ўртасида катта тафовут сақланиб қолмоқда.
Андижон, Фарғона, Наманган,
Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида хусусий клиникаларнинг 35−40 фоизи
стационар ўринларга эга. Қорақалпоғистон, Сирдарё, Жиззах ва Навоийда бу
кўрсаткич 15 фоизга ҳам етмайди.
Тиббий реабилитация, нефрология,
онкология, нейрохирургия, психиатрия, наркология ва туғуруқ комплекслари
каби талаб юқори йўналишларда хусусий сектор иштироки кутилган даражада эмас.
Ушбу йўналишларга устувор аҳамият қаратилади.
Хусусий
компаниялар хизматлари учун давлат ҳақ тўлайди
Президент тиббий хизматларни
босқичма-босқич хусусий сектордан харид қилишга ўтилиши ва янги аутсорсинг
механизмлари жорий этилишини маълум қилди.
Тадбиркорларга
замонавий ускуналарни ўрнатиш учун давлат шифохоналаридан жой ажратилиб,
кўрсатилган хизматларга суғурта тизими орқали ҳақ тўланади.
Гемодиализ, лаборатория,
стерилизация, реабилитация ва физиотерапия хизматлари ҳам тадбиркорлардан
харид қилинади.
Ҳар бир
ҳудудда тиббий хизматлар бозори ва молиялаштириш механизмлари тадбиркор
учун фойдали шартларда эълон қилиб борилади.
Аввалроқ:
беш йилгача муддатга шартномалар
26 октябрь куни президентга соғлиқни
сақлаш соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича қарор
лойиҳаси тақдим этилди.
Ҳужжатда тиббий хизматлар кўрсатиш
бўйича шартномаларни амалдаги бир йиллик муддат ўрнига беш йилгача тузиш
имконияти назарда тутилган.
Узоқроқ
муддатли шартномалар хусусий компанияларга ускуналар ва тиббий
инфратузилмага инвестиция киритиш ҳамда сарфланган маблағларни қоплаш имконини
бериши кутилмоқда.
Таклиф этилаётган моделга кўра,
давлат тиббиёт муассасаси хизматни харид қилади, хусусий компания эса ўз
маблағлари ҳисобидан ускуналарни сотиб олади, уларнинг ишлашини таъминлайди
ва янгилаб боради.
Шунингдек, ягона тендер ҳужжатларини
ва электрон харидлар тизимини жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Айрим
тиббиёт муассасаларини бошқариш профессионал компанияларга топширилиши мумкин.
Президент тақдим этилган таклифларни
такомиллаштириш ва уларни босқичма-босқич жорий этишни таъминлаш бўйича
топшириқ берди.
Хусусий
клиникалар учун ер участкалари
Шавкат Мирзиёев хусусий тиббиёт
муассасаларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни ҳам эълон қилди.
Ҳокимлар ҳар
йили хусусий клиникалар учун ер участкаларини белгилаб, эълон қилади.
Ерлар фақат шу мақсадда аукционга чиқарилади ва қулай шартларда таклиф
этилади.
Имтиёзларнинг аниқ шартлари
ва ер участкаларини ажратиш тартиби ҳозирча маълум қилинмаган.
Шифохоналар
мастер режалар асосида қурилади
Президент тиббиёт муассасаларини
янада оқилона жойлаштириш зарурлигига ҳам эътибор қаратди.
Аҳоли сони ортиб, янги шаҳар
ва массивлар қурилаётгани тиббиёт инфратузилмасини пухта режалаштиришни
талаб этмоқда. Бу иш қилинмаса, бир жойда шифохона етишмайди, бошқа жойда
мавжуд қувват тўлиқ ишлатилмайди.
«Шу боис,
энди янги муассасалар аҳоли сони ва ҳудудлар жойлашувидан келиб чиқиб, мастер
режа асосида ташкил этилади», — деди давлат раҳбари.
Бир кун олдин президентга
мамлакатнинг ўнта вилоятида тиббий инфратузилмани хатловдан ўтказиш натижалари
ҳақида ҳам ахборот берилган эди.
Хатлов давомида соғлиқни сақлаш
соҳасига тегишли 3499 та объект аниқланган. Бу Кадастр агентлиги
маълумотларида қайд этилганидан 494 тага кўп.
Барча ҳудудларда хатловни якунлаш,
объектларнинг электрон паспортларини яратиш ва тиббиёт соҳасидаги кўчмас
мулкнинг ягона рақамли реестрини шакллантириш таклиф қилинди.
Мастер режада тиббий инфратузилмани
қайта тақсимлаш ва хизматларни аҳолига яқинлаштириш назарда тутилиши
керак.
2025 йил ноябрь ойида президент
хусусий тиббиёт клиникаларида кўрсатиладиган хизматлар нархи республика
марказларидагидан паст эканини таъкидлаган эди. Шу муносабат билан давлат
тиббиёт муассасаларидаги нархларнинг асослилигини қайта кўриб чиқиш топширилган.
Агар хусусий клиникаларда худди шундай хизматлар арзонроқ ва сифатлироқ
кўрсатилса, тиббий суғурта маблағлари айнан
шу клиникаларга йўналтирилади.
2025 йил 4 ноябрь куни Ўзбекистон
ҳукумати давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат ва хусусий тиббиёт
муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларини тасдиқлади.
Низомга кўра, бюджет ҳисобидан тиббий ёрдам QR кодли электрон йўлланма
асосида кўрсатилади. Ушбу йўлланма беморга режали стационар даволаниш учун
давлат ёки хусусий тиббиёт муассасасини танлаш ҳуқуқини беради.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
29 10 2026 / 11:16