Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон ландшафтларнинг иқлимга чидамлилигини ошириш учун 100 млн евродан ортиқ маблағ олади



Улашинг :


Яшил иқлим жамғармаси Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон учун қиймати 264,4 млн евро бўлган минтақавий дастурни маъқуллади. Ўзбекистонга 103,7 млн евро ажратилиб, маблағ ўрмон ва яйловларни тиклаш, барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермерларни иқлим ўзгаришига мослаштиришга йўналтирилади.

Яшил иқлим жамғармаси (Green Climate Fund, GCF) кенгаши умумий қиймати 264,4 миллион евро бўлган «Марказий Осиёда иқлимга чидамли ландшафтлар» (CLiCA) минтақавий дастурини маъқуллади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

Дастур Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан биргаликда тайёрланган. Ўзбекистон томонидан дастурни ишлаб чиқиш ишларини қўмита ҳузуридаги Иқлим ўзгариши миллий маркази мувофиқлаштирди.

Дастур доирасида Ўзбекистон 103,7 миллион евро олади. Маблағлар ўрмонлар ва яйловларни қайта тиклаш, қишлоқ хўжалигига иқлимга чидамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, фермерларнинг иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиши учун зарур молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга сарфланади.

Дастурнинг Ўзбекистондаги кутилаётган натижалари:

· 342 минг нафар аҳолининг (уларнинг қарийб ярмини аёллар ташкил этади) иқлим хавф-хатарларига нисбатан чидамлилигини ошириш;

· 164 минг гектар ўрмон, яйлов ва қишлоқ хўжалиги ерларида иқлимга барқарор бошқарув усулларини жорий этиш;

· 1,07 миллион тонна CO₂ эквиваленти ҳажмида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ҳамда уларнинг ютилишини ошириш.

«Ушбу дастурнинг маъқулланиши янада барқарор ҳамжамиятлар ва ландшафтларни шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан биргаликда умумий мақсадимизни Марказий Осиё аҳолиси ва табиати учун узоқ муддатли натижага айлантиришни кўзлаяпмиз», — дея таъкидлади GIZ вакиллари.

gazeta.uz


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

30 10 2026 / 11:17