Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда сув омборлари атрофидаги бўш ерлар туризм объектлари қуриш учун аукционга чиқарилади



Улашинг :


Ўзбекистондаги 10 та вилоятда жойлашган сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда туризм хизматларини ташкил этиш бўйича мастер режалар ишлаб чиқилади. Улар асосида бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонлари «E-auksion» орқали савдога қўйилади.

27 октябрь куни Ўзбекистонда сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларнинг туристик ҳамда иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, аҳоли ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган президент қарори [ПҚ-387] қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари икки ой муддатда сув омборлари атрофидаги бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда босқичма-босқич туризм хизматларини ташкил этиш бўйича мастер режалар юзасидан Туризм қўмитасига таклиф киритади.

Тасдиқланган мастер режалар асосида ер участкалари «E-auksion» електрон савдо платформаси орқали аукционга чиқарилади. Ер участкаларини реализация қилишдан тушган маблағлар ҳисобидан вилоятлар ҳокимликлари ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чораларини кўради.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тегишли идоралар билан биргаликда уч ой муддатда сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда туризм ҳамда сервис объектларини жойлаштириш, лойиҳалаштириш ва қуришга доир шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидаларини такомиллаштиради.

Бунда ҳудудда содир бўлиши мумкин бўлган силкинишлар, сел-сув тошқинлари, кўчки ва бошқа фавқулодда вазиятлар хавфи мажбурий тартибда инобатга олинади.

Аввалроқ ушбу ҳужжат билан сув омборлари атрофида туризм ташкил этган тадбиркорлар 2029 йил 1 октябргача ер ва мол-мулк солиғининг 50 фоизини тўлаши, айрим ускуналар импортида божхона тўловларини 120 кунга кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги ҳақида хабар бергандик. Бунда туризм объектларида хавфсизлик ва экологик талабларга риоя қилиш шарт.

gazeta.uz


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

30 10 2026 / 11:35