Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Фермерларга ўсимликлар қолдиқларини ёқиш ўрнига, улардан компост тайёрлаш тавсия этилди



Улашинг :


Экология қўмитаси фермер ва деҳқонларни далалардаги хазонлар ва ўсимлик қолдиқларини ёқмасликка, балки улардан компост тайёрлаш ва чорва учун озуқа сифатида фойдаланишга чақирди. Қўмита ўсимлик қолдиқларини ёқиш атроф-муҳит ва инсон саломатлигига жиддий зарар етказишидан огоҳлантирди.

Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фермерлар, деҳқонлар ва ер эгаларини дала майдонларидаги хазонлар, шох-шаббалар ва бошқа ўсимликлар қолдиқларини ёқмасликка чақирди.

Бунинг ўрнига, ўсимликлар қолдиқларидан кўчатларни компостлаш, мулчалашда ёки чорвачилик эҳтиёжлари учун фойдаланиш тавсия қилинди.

«Ўсимликлар қолдиқларининг ёқилиши натижасида атмосфера ҳавосига жуда кўп миқдорда (токсик) заҳарли моддалар — углерод оксиди (СО), азот оксиди (NOx), азот 2 оксиди (NO2), бенз (а)пирен диоксин, дибензофуран, олтингугурт оксиди, фосген каби атроф-муҳит ва инсон саломатлигига жиддий зарар етказувчи заҳарли моддалар ажралиб чиқади», — дейилади қўмита хабарида.

Қолаверса, оловнинг юқори ҳарорати таъсирида тупроқ таркибидаги макро ва микроэлементлар йўқолади, тупроқ унумдорлиги камаяди.

Муассаса эслатишича, дала майдонларига ўт қўйиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорда (4,4 млн сўм) маъмурий жаримага сабаб бўлади. Шунингдек, ёнғин содир бўлган экин майдонларининг ҳар бир гектарига етказилган зарар бўйича амалдаги тартиб асосида иқтисодий чоралар белгиланади.

gazeta.uz


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

02 11 2026 / 15:41